Search

Жоан Лапорта: «Флик бизга зарур барча хислатларга эга»

Жаҳон футболида етакчи ўрин-ларда турувчи Испания Ла Лигасининг якунланган мавсуми том маънода «Барселона»га аталди. Бинобарин, чуқур инқироздан сўнг қайта оёққа тураётган Каталония клуби нафақат миллий лига, балки ички мусобақаларда имкони бор барча совринларга эга чиқди. Энг асосийси, германиялик Ханс-Дитер Флик жамоаси мавсум давомида азалий рақиби - «Реал»ни нақ 4 марта доғда қолдирди. Бундай муваффақиятда жамоа раҳбарияти томонидан олиб борилган тўғри футбол сиёсати ва изчил ислоҳотларнинг ўрни беқиёс, албатта. «Барселона» президенти Жоан Лапорта Каталониянинг TV3 телеканалига берган интервьюсида ҳам барчасини алоҳида таъкидлади ва зафарли мавсумни атрофлича сарҳисоб қилди. 

«Реал Мадрид» қутлови 

- «Мадрид» маълум маънода жуда самимий ва адекват ёндашувга эга. Флорентино Переснинг шахсан ўзи ҳам мени чемпионлик билан табрикладими? Очиғи, буни билмайман. Чунки қўл телефонимда ҳали ўқилмаган SMS-хабарлар жуда кўп. Лига раҳбари Тебас табриги хусусида ҳам худди шу фикрларни айтишим мумкин. 

Чемпионлик шукуҳи 

- Мени энг кўп қувонтирган асосий омил шуки, «Барселона» бу сафар асосан ўз тарбия­ланувчиларига таянган ҳолда, уларнинг меҳнатлари  ўлароқ, чемпионликни қўлга киритди. Касадо, Фермин, Ламин, Жерар... Хуллас, ҳозирги аксарият йигитларимиз жамоага Ла Масия орқали кириб келишган. Бу футболчиларимиз бош жамоадаги рақобат ва ўйин нимани англатишини жуда яхши тушунишади. Умуман олганда, мавсум давомида расмийлаштирилган барча совринларда клуб тизимида камол топган футболчиларнинг улушлари беқиёс. Шу нуқтаи назар билан қараганда, қўлга киритилган ғалабаларни оилавий ютуқ сифатида баҳолашимиз мумкин. Мухлисларимизнинг қувноқ чеҳралари, футболчиларнинг рақсга тушишлари ва мураббийларнинг ўз ишларидан мамнунликларини кўриш нақадар ёқимли.

Фликни «Барселона»га чақириш ғояси

- «Барселона»нинг қайта шаклланишида жонбозлик кўрсатаётган спорт директори Деку ва унинг аҳил жамоа­си бугун ҳар қандай олқишларга муносиб. Очиқ айтаман, агар Деку бир қатор номзодлар орасидан Фликни  танлаш вариантида қатъий туриб олмаганида, ўзим германиялик мураббий билан шартнома тузмасдим. Энди эса Хансида Йохан Кройфф қиёфаси бордек туюлмоқда. Назаримда, Флик мовий кўзлари билан футболни худди Кройфф каби кўради. Аслида айнан шундай мураббийга эҳтиёж сезаётган эдик. Йўқ, йўқ, бу билан Ла Лига ва Испания суперкубогида ғалабани таъминлаган, яхши натижаларга эришган Хавини камситмоқчи эмасман. Аммо маълум вақтда ўзгариш зарурлигини тушундик ва Ханси бизга зарур барча хислатларга эга мутахассис бўлиб чиқди.

Янги «Камп Ноу»га 

қайтиш масаласи

Агар кутилмаган ҳолат юз бермаса, келаси мавсумни янги «Камп Ноу»да бошлаймиз. Айни пайт аренани Гампер кубоги ўйини орқали синовдан ўтказишни режалаштириб турибмиз. Зеро, Ла Лига баҳслари олдидан стадионни яхшилаб текшириб кўришимиз шарт. Қисқаси, энди «Монтжуик»да ўйнаш масаласи кун тартибидан олиб ташланди. Такрорлайман, агар ҳаммаси кўнгилдагидек кечса, яқин орада «Камп Ноу»га қайтамиз. 

Ламин Ямал билан 

келишув

- Футболчининг клубдан олаётган маоши неча ёшда бўлишидан қатъий назар, унинг жамоага хизмати ва таъсирига мос келиши керак. Шундай экан, раҳбарият Ламинга алоҳида муносабатда бўлиши табиий ҳол. Шунинг баробарида икки томоннинг манфаатларини ўзаро мувофиқлаштириш муҳим. Тушунарлики, бу йигит сафимизда узоқ йиллар қолишини истаймиз ва умидворманки, «Барселона» у учун энг яхши клуб бўлиб қолади. Асосийси, Ламин ҳозирда жамоамизга узвий боғлиқликни ҳис қилмоқда ва «Барса» оиласининг ажралмас қисмига айланиб улгурганини ҳам яхши билади. 

Молиявий «фэйр-плей» 

- Таҳлилларга кўра, якунланган мавсум умумий даромадимиз деярли 950 миллион еврога етди. Келгуси мавсум бюджети эса 1 миллиард евродан кўп бўлади. Ишончим комил, бундай катта айланма ва даромадга эга клуб 1:1 қоидаси бўйича иш юритишга ҳақли. Демакки, охирги йиллар қийин шароитда ишлаб келган Деку энди трансферлар бозорида янги имкониятларга эга бўлади.

Янги трансферлар мавзуси 

- Ўйлашимча, Деку айтганидек,  трансферлар бозорига киришдин олдин ўз кадрларимиз қадрига етишимиз ва ҳар томонлама манфаатли стратегияни давом эттириш ҳақида бош қотиришимиз керак. Биринчи навбатда, шартномаси тугаётган футболчилар билан келишув муддатини узайтириш устида ишлаймиз, шундан ке­йингина эҳтимолий трансферларни кўриб чиқамиз. Тўғри, янги мавсум яна нолдан бошланади, дейлик, рақибларимиз таркибни кучайтириш ишларини аллақачон бошлаб юборишди. Олдинги йиллар тажрибаси кўрсатдики, фақат индивидуал  футболчиларга асосланган лойиҳа билан давомий муваффақиятга эришиш мушкул. Балки рақобат даражасини сақлаб қолиш учун янги футболчилар керакдир, лекин ҳозир бу борада аниқ гап айтолмайман. Махсус бўлим тез орада қайси чизиқларга қўшимча кучлар зарурлигини аниқлайди. Трансферлар бозорига боғлиқ режалар айнан шунга асосан белгиланади.

Нико Уильямс ва Холанд вариантлари

- Таркибга Ольмони жалб қилишдан олдин Никони сотиб олиш масаласини кўриб чиққандик, энди эса спорт бўлими бошқа номзодларга эътибор қаратмоқда. Холанд­нинг трансферига келсак, ҳаётда имконсиз ишнинг ўзи йўқ. Лекин ҳозирги ҳолатда бу ҳақда бош қотираётганимиз йўқ. Боз устига, Эрлинг яқинда «Сити» билан узоқ муддатга мўлжалланган янги шартнома тузди.

Директорлар кенгаши иши

- Ихтиёримда ажойиб жамоа бор, асосийси, атрофимда жамланган мутахассислар «Барселона»ни чин юракдан яхши кўришади. Ортда қолган давр мобайнида кўп синовларни бошдан кечирдик ва кучли босимга муносиб дош бердик. Шу билан бирга мақсад йўлида тинимсиз изландик. Тан олиш керак, ишимизда ҳали ҳам айрим камчилик ва муаммолар йўқ эмас. Лекин ҳар қандай вазиятдан қатъий назар, клуб манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйган ҳолда, муваффақият калитини топиш ҳаракатидамиз. 

«Эль-класико»даги

кетма-кет 4та  ғалаба

- Мавсум бўйи «Мадрид» билан жуда яхши рақобатлашдик. Агар АҚШ бўйлаб турне доирасида ўтказилган ўртоқлик ўйинини қўшиб ҳисобласак, асосий рақибни 5 марта мағлубиятга учратдик. Аммо айтганимдек, ҳар бир янги мавсум нолдан бошланади ва бўлажак қарама-қаршиликларга тайёр туришимиз керак. Шунинг учун Флик ва Деку жамоа янада рақобатбардош бўлиши учун нималарга эътибор қаратиш кераклигини таҳлил қилишмоқда.

Ҳакамлик юзасидан

- Ҳозир Ла Лига ва Испания Қироллик футбол федерацияси томонидан ташкил этилган ҳакамликни мувофиқлаштириш қўмитаси ишламоқда, унинг таркибида турли клублар вакиллари бор. Аммо таажжубки, қўмитада  «Барселона» вакиллари учун жой топилмади. Аслида биз ҳам кенгаш аъзолари сафида бўлиш ҳамда умумий ҳолатни яхшилашга ҳисса қўшишни истагандик, лекин начора... Майли, ҳар ким ғалаба учун ўз стратегиясини ишлаб чиқаверсин. Бизники - футбол, футбол ва яна футбол бўлиб қолаверади. 

Ла Масия самараси

- Ўйлайманки, бугун клуб тизимида шаклланаётган ресурслардан тўғри фойдаланмоқдамиз. Яширмайман, менга иқтидорли тарбияланувчилар ва бошқа жамоалардан харид қилинган футболчилар уйғунлашувидаги жамоани кўриш ёқади. Флик айни шу маънода таъсирчан натижаларга эришган мутахассисдир. Ҳозирга келиб таркиб «Барселона» шарафини ҳимоя қилиш нимани англатишини ҳис қилаётган кўплаб футболчилар билан тўлдирилди. Умид қиламанки, айни ҳолат бизни яна  ва яна чемпионлик ҳамда катта ютуқлар сари етаклайверади.

Манба: barcamania.com, Х.ЮСУПОВ тайёрлади

Related to this topic: