Суперлигада юзага келган танаффусдан фойдаланган ҳолда, Лига мутахассислари тажриба алмашиш мақсадида MLS бош қароргоҳида бўлди. Сир эмаски, ҳар икки ташкилот мутахассислари ҳар йили Жаҳон Лигалари Ассотсиатсиясининг йиллик конгрессида биргаликда иштирок этади.
1996 йилда ташкил топган MLS ўзининг 30 йиллик тарихида катта йўлни босиб ўтишга эришди. Бугунга келиб MLS телетранслятсия ҳуқуқлари, маркетинг, футболчилар билан шартномавий муносабатлар каби масалаларда улкан муваффақиятларга эришиб келмоқда. Мазкур жараёнлар ва бу йўлда босиб ўтилган қадамлар ЎЗПФЛ учун катта мактаб вазифасини ўтай олади. Шундай экан, MLS билан ўзаро тажриба алмашиш ЎЗПФЛ учун муҳим аҳамият касб этади.
АҚШ сафарига Лига раҳбари Диёр Имомхўжаев бошчилигида Мусобақаларни ўтказиш, Маркетинг, Халқаро алоқалар ҳамда Медиа бўлими бошлиқлари, шунингдек, Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раиси ҳамда бир вақтнинг ўзида Лига Ижроия қўмитаси аъзоси ҳисобланган Камолиддин Мурзоев йўл олди. Ишчи гуруҳ аъзоларини MLSнинг мусобақалар масалалари бўйича ижрочи вице-президенти Нелсон Родригез кутиб олди ва у ташкилот мутахассислари билан ўтказилган барча учрашувларда бевосита иштирок этди.