ЭЪТИРОФ: Фабрегас катта саҳнага чиқмоқда

2024 йилда «Комо» яна «А» Серияга қайтди. Қисқа вақт ичида бу жамоа Италиянинг энг қизиқарли ва услубий жиҳатдан ўзига хос клубларидан бирига айланди. Италия шимолида жойлашган Комо шаҳри узоқ йиллар давомида фақат ўзининг машҳур кўли ва ҳашаматли ҳаёти билан танилган эди. Энди эса бу ерда бутун футбол жамоатчилигининг эътиборини тортган клуб бор.

2016 йилда клубни банкротликдан Акосуа Пуни Эссьен — Майкл Эссьеннинг рафиқаси қутқариб қолган. 2019 йилда назорат пакети Djarum Group томонидан сотиб олинди. Миноритар акциядорлар орасида Тьерри Анри ва Сеск Фабрегас ҳам бор.

Айнан Сеск Фабрегас — «Комо»га бўлган катта қизиқишнинг асосий сабабларидан бири. Бу ерда гап фақат унинг машҳурлигида эмас, балки натижаларда ҳам. Ўтган мавсумда жамоа 10-ўринни эгаллаган бўлса, ҳозирда 4-поғонада бормоқда ва илк бор еврокубокларда, ҳатто Чемпионлар лигасида иштирок этишга яқин.

Сўнгги ойларда жамоа мухлисларини айниқса қувонтирди: «Комо» кетма-кет бешта ғалабага эришди, жумладан, «Ювентус» ва «Рома» устидан ҳам ғалаба қозонди.

Статистика ҳам таъсирли: «Комо» Европанинг топ-5 лигаларида ўртача очко тўплаш бўйича 15-ўринда, ўртача зарбалар сони бўйича эса 16-поғонада.

Тактик тафсилотлар

Энди «Комо» муваффақияти сабабларини қисқача кўриб чиқайлик. Асосий омиллар — тўғри селекция ва Сеск Фабрегас жорий қилган замонавий футбол.

Жамоа тўпсиз ўйинда рақибни «бўғади»: прессинг ва юқори интенсивлик — асосий тамойиллар. Фабрегас тўпга эгалик қилишни, тартибли ва назоратли ўйинни афзал кўради.

Футболчилар майдонда зоналарни мувозанатли тўлдиради. Бу эса рақиб ҳимоясини чўзиш ва унинг заиф нуқталарини очиш имконини беради. Фабрегас ҳужумларни ортиқча тезлаштиришдан қочади — бу унинг футболчилик давридаги услубига ҳамоҳанг.

«Комо» Италияда тўпга эгалик қилиш ва аниқ паслар бўйича энг яхши жамоа ҳисобланади. Лекин асосийси рақамлар эмас, мақсад — жамоа рақибни манипуляция қилишни ўрганган: уни ўз ярим майдонига тортиб, кейин заиф зоналарда устунлик яратади.

Ҳимояда «Комо» рақибга жуда кам имконият беради. Шу билан бирга, ҳар қандай усулдан фойдаланади — жамоа «А» Серияда фоллар сони бўйича юқори ўринларда. Асосий вазифа — рақибни хато қилишга мажбурлаш.

Натижа бор: «Комо» чемпионатда энг кам гол ўтказган жамоалардан бири (22та). Улар дарвозасига энг кам зарба йўл қўядиган жамоалардан бири — фақат «Интер» бунда яхшироқ.

Кўп ҳолларда жамоа юқори чизиқда ҳимояланиб, офсайд тузоғини қўллайди. Бу жиҳатдан уларни «Барселона» (Ханси Флик бошқарувида) билан таққослаш мумкин. Иккаласида ҳам схема — 4-2-3-1. Фарқи шундаки, каталонияликлар тезкор вертикал ҳужумларни ёқтирса, Фабрегас ортиқча шошилмайди ва итальянча прагматизмни сақлайди.

Етакчилар ва янги

юлдузлар

«Комо» трансфер бозорида фаол: охирги тўрт ойнада 227 миллион евро сарфланган. Бу фақат кучайтириш эмас, балки келажак учун инвестиция.

Жамоада қатор иқтидорли футболчилар бор:

•  Хакобо Рамон — 8 ойда қиймати 1 млн.дан 25 млн. еврогача ошган ёш ҳимоячи;

•  Алекс Валле — «Барселона»дан келган истиқболли қанот ҳимоячиси;

•  Максимо Перроне — «Манчестер Сити»дан ўтган, тўпни тақсимловчи асосий ярим ҳимоячи;

•  Жейден Аддаи ва Ассане Диао — тезкор ва техникаси юқори вингерлар;

•  Анастасиос Дувикас — «А» Сериянинг энг яхши тўпурарларидан бири (11та гол), Лаутаро Мартинесдан учта кам;

•  Нико Пас — «Реал Мадрид» тарбияланувчиси ва жамоанинг асосий юлдузи. У ўйинни жонлантиради, чизиқлар орасида ҳаракат қилади ва 10}6 самарадорлик кўрсаткичига эга.

Фабрегас иш услуби

Сеск Фабрегас жамоадаги барча футболчиларни аниқ тизимга жойлаштириб, қисқа вақт ичида Европадаги энг истиқболли мураббийлардан бирига айланди. Ҳозирча уни мутлақ элитага қўшишга эрта, аммо «Рома», «Байер» ва «РБ Лейпциг» каби клубларнинг қизиқиши унинг даражасини яққол кўрсатади.

Фабрегас ўз фалсафасини бой фаолияти давомида Арсен Венгер, Пеп Гвардиола, Антонио Конте, Висенте Дель Боске ва Жозе Моуриньодан ўрганган жиҳатлар асосида шакллантирган.

Унинг иш услубида таҳлил марказий ўрин тутади: ҳар бир машғулот, ҳар бир қарор чуқур ўрганилади. Фабрегас баъзан таҳлилга ортиқча берилиб кетишини ҳам тан олади, аммо айнан шу ёндашув жамоанинг ўсишига хизмат қилмоқда.

Фабрегас догматик мураббий эмас — у рақибга қараб тактикани ўзгартиради. Чуқур ҳимояга қарши ўйин билан юқори прессингга қарши ўйинни у бутунлай бошқача қуришини таъкидлайди. Шу сабабли ҳар бир учрашув учун алоҳида режа ишлаб чиқилади. Муваффақиятнинг калити — футболчиларни ишонтириш: «Агар ўйинчи сенинг ғоянгга ишонса, барчаси ишлайди».

Шу билан бирга, у футболчиларга муайян эркинлик ҳам беради. Яъни умумий тизим ва кўрсатмалар берилса-да, майдонда қарорни ўйинчиларнинг ўзи қабул қилади. Бу эса жамоага мослашувчанлик беради.

Фабрегас учун мураббийлик — доимий изланиш ва ривожланиш жараёни. У янги ечимлар қидиради, ўзини синаб кўради ва жамоани янада кучайтириш устида ишлайди. Шу жиҳат унинг энг катта устунлиги ҳисобланади.

«Комо» ва Сеск Фабрегаснинг бугунги ютуқлари тасодиф эмас — бу тизимли ва пухта иш натижаси. Ҳали уни Европанинг энг яхши мураббийларидан бири деб аташга эрта. Аммо бир нарса аниқ: Фабрегас — ақлли, мослашувчан ва доимий ривожланишга интилувчи мураббий. Шу боис, унинг мураббийлик фаолияти ҳам футболчиликдаги каби буюк бўлиши эҳтимоли жуда юқори.

Манба: sport-express.ru, МУҲАММАДХОН тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *