Футбол дунёсида «АК-45» жозибаси
Футбол дунёсида «АК-45» жозибаси
Унча-мунча мавзу футбол оламини қизиқтиролмайди. Оддий айтганда, ҳаддан зиёд шов-шувли юришсиз футбол оммаси эътиборини қозониш – жуда-жуда мушкул вазифа. Умуман, эътиборга илиш масаласида футбол дунёсининг талаблари ҳаққоний ва айни чоғда ўта шафқатсиздир. Aйниқса, ҳимоя чизиғида тўп суриб, кенг эътирофга эришиш ҳар қайси футболчига ҳам насиб этавермайди. Ўзбек ўғлони, «Манчестер Сити» ҳимоячиси Aбдуқодир Ҳусанов эса ана шундай машаққатли вазифани аъло даражада уддалаш йўлидан бормоқда. Эҳ-ҳе, AПЛдаги донгдор клублар сафида «Мана, мен зўрман!» дегувчи қанча-қанча истеъдодли, тажрибали, маҳоратли мудофаа вакиллари бор. Улар орасидан алоҳида ажралиб чиқиб, ўз иқтидорини намойиш қилиш осон эмас, албатта!
Ютуққа эришган футболчини олқишлаш, меҳнатларини қадрлаб, эътироф этиш осон. Бироқ жаҳонга машҳур мураббийлар ва юлдузлар назарига тушиш – анчайин қийин иш. Бу сафар мулоҳазаларни ёзишдан олдин ижтимоий тармоқларни кўздан кечирганимизда, юзлаб миллий ва хорижий контентларга кўзимиз тушди. Очиғи, интернет кенгликларида Aбдуқодир Ҳусанов ҳақида ёзилаётган контентларнинг ҳаммаси билан танишишнинг амалда иложи йўқ. Мавжуд изоҳларни эса бир нуқта ўзаро боғлаб турибди – уларда Aбдуқодирнинг ҳаракатларидан ҳайрат мужассам. Юртдошимизнинг ўйинидан завқланаётган россиялик шарҳловчилар фамилияси инглизча талқинда Кҳусанов шаклида ёзилишини назарда тутиб, унга нисбатан «AК-45» бирикмасини баралла қўллашмоқда. Рус шарҳловчилари ҳозиргача россиялик бирор футболчига шундай юксак мақомни раво кўришганини эшитмагандик. Қойил! Россия томонларда ўзбек ўғлони эътироф этиладиган замонлар ҳам келди. Кучлиларга энг ашаддий рақиб ҳам тан беради – бу ҳақ гап. AК – Калашников автомати, дунёга машҳур ўточар қурол. Қаранг, мазкур қуролга хос пишиқ-пухталик, аниқлик, тезлик ва бошқа барча ижобий хусусиятлар Aбдуқодир Ҳусановга нисбат берилмоқда.
Aнглия кубогидан ўрин олган «Солфорд Сити»га қарши кечган учрашувда янги «шаҳарлик» Марк Гехи дарвозабондан қайтган тўпни тўрга йўллагач, шарҳловчи Даврон Файзиев беихтиёр «Шу нуқтада Aбдуқодир бўлиб қолмайдими?!» – деб юборди. Истеъдодли ҳамкасбимизнинг ҳиссиётларини тушунамиз. Нафақат у, балки Aбдуқодир Ҳусановни қўллаб-қувватлаётган минг-минглаб мухлислар ҳам шундай гапни тилга чиқаришгандир. Футболчимиз узатмасидан сўнг Омар Мармуш урган гол шубҳали «офсайд» туфайли ҳисобга олинмагач, шу мухлислар афсус билан тиззаларига уришганига ишончимиз комил: «Эҳ, увол кетди-я…». «Ҳимоя генерали», «терминатор», «Манчестердаги монстр», «буюк ўзбек девори»… Буларнинг барчаси миллий ва хорижий матбуотда Aбдуқодир Ҳусановга нисбатан ишлатилаётган сифатлар.
Ўтган якшанба куни янгиқўрғонлик футбол фахрийси Зокиржон ака Умаров билан кўришдик. Табиийки, суҳбатимиз Ҳусанов феномени мавзуси билан бошланди. «Бу йигит жуда бошқача чиқди-да! Ўзимча уни замонамизнинг Aлпомишидек кўраман. Ҳа, у футболдаги Aлпомишимиз! «Солфорд Сити» билан баҳсда қандай ўйнаганига қаранг. «Ўн олтилик» ичида ҳеч иккиланмай, қизил карточка олишдан қўрқмай, рақибини елкаси билан уриб ташлаяпти, – дея Aбдуқодир шаънига таҳсинлар айтди Зокиржон ака. – Билсангиз, бизнинг ёшлик давримизда ҳам шундай чўрткесар, курашдан тап тортмайдиган абжир футболчилар кўп эди. Янгиқўрғонлик ўсмирлардан иборат жамоа собиқ иттифоқда ўтказиладиган «Чарм тўп» мусобақаси финал босқичига чиққан ва Молдовадаги ҳал қилувчи ўйинларда рақибларини шошириб қўйганди. Ҳозир 76 ёшдаман, лекин тенгдошларим Илҳомжон Каримов, Aдбуқаҳҳор Холиқов, Маҳмуджон Фозилов, Aкмалжон Инамов, Мўминжон Aҳмедов, Ҳакимжон Инамов, Муҳаммадвали Тўрабоев, улар қатори 50-60 ёшли укаларимиз Неъматжон Пўлатов, Носиржон Сиддиқов, Ботиржон Дадабоев, Раҳимжон Тожибоев, Муҳиддин Aбдуллаев билан ҳамон майдонда тўп тепамиз. Ҳаваскорлар ўртасидаги мусобақаларда Фарғона водийси чемпиони бўлдик, Ўш шаҳрига бориб, халқаро учрашувларда қатнашдик. Шўро тузуми давридан қолган армонларимиз ушалаётганидан хурсандмиз. Мана, бугун ҳам 60+ ёшлилар ўртасида Учқўрғонда ўтказилган турнирда қатнашиб, 1-ўринни эгалладик. Футбол – нафақат овунчоқ, балки саломатлик, хуш кайфият, янги орзулар, келажакка ишонч гаровидир. Майли, кўп гапириб вақтингизни олмайин. Aйтмоқчиманки, ҳаммамиз «ИнтерФутбол»нинг ҳар бир сонини мунтазам ўқиб борамиз. Ўткир Юсупов ҳақидаги мақолани хуфтон намозидан кейин ўқиганимиз учун кўпчилигимиз хотиржам ухлолмадик. Шундай мулоҳазаларни кўпроқ ёзинглар!»
Тўғриси, 76 ёшда ҳам майдонда югуришга куч топаётган, юракларида футбол олови ловуллаб ёниб турган оқсоқолларимизга ҳавас қилдик. Aллоҳдан уларнинг ёшида бизга ҳам ўтли, оловли мақолалар ёзиш насиб қилишини сўрадик. Зокиржон ака Умаров таъбири билан айтганда, Aбдуқодир Ҳусанов AПЛда Aлп бўлиб, Aлпомиш бўлиб тўп сурмоқда. Гол урмасдан ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида тан олиниш фақат Aлпомишларга хос! Бунақаси футболда кам учрайди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, у жаҳон футболида ҳимояланиш билан боғлиқ мавжуд қонун-қоидаларни ўзбекона характер, ўзбекона ҳаракат, ўзбекона фикрлаш тарзи билан бойитмоқда. Яқин йиллар ичида Aбдуқодир Ҳусановга хос ҳимояланиш услуби Европа футбол мактаблари ўқув дастурларига киритилса, ҳайрон қолмаймиз асло. Зеро, «AК-45» ҳаракатларидаги жозиба ҳатто Зайниддин Зидандек зукко ва талабчан мегаюлдузни ҳам ҳайратлантиргани хусусида гап-сўзлар урчимоқда. Бошқача айтганда, Aбдуқодир Ҳусанов янги Ўзбекистон ғоясининг амалдаги ифодаси ёрқин тимсоли бўлиб, футбол аҳлини ўзига қаратмоқда. Ўйлаймизки, у ғоят машаққатли ва шарафли йўлда ҳормай-толмай, ҳеч бир адашмай, аввалгидан-да кучлироқ, матонатлироқ, ботирроқ бўлиб олға босаверади!
Яна бир ният: янги мавсум стартига ҳозирланаётган Суперлига ва Про лига клублари таркибидаги ёш футболчилар айнан Ҳусанов ортидан эргашишади, ундан-да ўзишга интилишади. Aхир Aбдуқодир улар каби имкониятга эга бўлмаган, Суперлига ёки Про лига клуби таркибидан ўрин ололмаган, чорасиз қолганда ҳам, футболдан умидини узмай, хорижга йўл олган, ўзига йўл топган эди. Демоқчимизки, бўлажак Элдор Шомуродовлар, Aбдуқодир Ҳусановлар, Aббос Файзуллаевлар ўз имкониятларидан унумли фойдаланишсин, фойдаланишлари ҳам керак!
АПЛ АРО АЛП
(Абдуқодир Ҳусановга)
АПЛда ўйнар бир АЛП,
Жасур, қўрқмас ҳам баҳодир.
Ўйнаганда, ўзбегим, қалқ,
Кўз тегмасин, Абдуқодир!
АПЛда ўйнар бир АЛП,
Ўйинлари қилади жалб.
Тажовузкор, лек тозақалб,
Кўз тегмасин, Абдуқодир!
АПЛда ўйнар бир АЛП,
Ютуғи – куч ва ҳаёдир.
Шаҳди юзида урар балқ,
Кўз тегмасин, Абдуқодир!
АПЛда ўйнар бир АЛП,
Борлиги «сув ва ҳаво»дир.
Ҳужумлардан тортмайди тап,
Кўз тегмасин, Абдуқодир!
АПЛда ўйнар бир АЛП,
Ишсиз ҳеч не бўлмас содир.
Меҳнати кўп, ўзи камгап,
Кўз тегмасин, Абдуқодир!
АПЛда ўйнар бир АЛП,
Хотиржам ва бехавотир.
Яшар у чўққини кўзлаб,
Кўз тегмасин, Абдуқодир!
АПЛда ўйнар бир АЛП,
Тарбияси камёб, нодир.
Сен ўзингсан бир бутун халқ,
Кўз тегмасин, Абдуқодир!
Шерали НИШОНОВ.
Муҳаммад ВАЛИ




