Хабарингиз бор, «Бавария» якунланган мавсум қисқа тин олишдан кейин Германия чемпионати тахтига қайтди. Англиялик ҳужумчи Гарри Кейн эса ниҳоят, профессионал фаолиятида илк марта жамоавий соврин ютди. Бироқ фахрий голеадор барча клуб-дошлари каби боши узра кубок эмас, балки «лаган» кўтарди. Қизиқ савол: Бундеслигада чемпион жамоага нега кубок эмас, «товоқ» берилади? Қуйидаги мақола шу ҳақда.
***
Барчаси жуда оддий. Узоқ 1903 йили йўлга қўйилган Германия чемпионатининг биринчи мавсумида «Лейпциг» клуби ғолиб чиққан. Хўш, ўшанда чемпионлар қандай совринни бошлари узра баланд кўтаришган, сизнингча? Мифологияда ғалаба маъбуди саналган Виктория ҳайкалини. Германия футбол иттифоқи (DFB) ўша совринни 1900 йили Парижда ўтказилган Олимпиада ўйинларидаги иштирок учун миннатдорчилик белгиси сифатида олганди. Дарвоқе, Франция мезбонлик қилган ўша мусобақага футбол жамоаси эмас, балки регбичилар боришган. Шунчаки, DFB ҳомийлиги остида. Кейинчалик Виктория ҳайкалини навбати билан Германиянинг энг яхши футбол ва регби жамоаларига топшириш одат тусига киради. Регби алоҳида спорт турига айланиб, DFB тасарруфидан чиққач эса, Виктория ҳайкали футболнинг тўлақонли мулкига айланади ва 1944 йилгача чемпионат ғолибига топширилади. «Дрезден» Викторияни қўлга киритган охирги жамоа ҳисобланади. Германияда ҳамма узоқ йиллар давомида ҳайкал иккинчи жаҳон уруши пайти йўқолганига ишониб келган. Фақат 20-аср охирида футбол соврини аслида йўқолмагани ошкор қилинади. Ҳозирда Виктория Дортмундда жойлашган футбол музейида сақланмоқда.
***
Янги соврин, яъни ҳозир Бундеслига ғолибига топшириладиган «лаган» эса аёл дизайнер, заргар - Элизабет Тресков томонидан яратилган. Декорация ва амалий санъат академияси профессори ҳисобланган Элизабет шогирдлари билан ҳамкорликда кубокни қайта ишлаш жараёнида муҳим ўзгаришга қўл уради. Чунончи, унга ғолибларга топшириладиган чашкасимон кубокларнинг одатий шакли маъқул келмаган. Шу тариқа дизайнерлар гуруҳи кубокни лаган шаклида тайёрлаш ғоясини илгари суришади. Тресков хонимнинг ўзи ҳам бошидаёқ кубок яратишнинг одатий концепциясидан узоқлашишни ўйлагани учунми, янги совринни мутлақо бошқача шаклда яратиш таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Айтганча, Бундеслига чемпионига топшириладиган «Кумуш лаган» яратувчиси умрининг охирги йиллари Кёльн яқинидаги қариялар уйида яшайди. У 1992 йили 94 ёшида вафот этган. Кейинчалик Тресков хоним дарс берган амалий санъат академияси яқинида жойлашган Кёльн майдонларидан бирига унинг номи берилган.
***
Аслида бундескубокнинг асл номи бошқа - Meisterschale (чемпионлар таоми). Бироқ соврин халқ ичида «лаган» лақаби билан машҳур бўлди. Қўшимча қилиш керак, янги кубок илк марта 1949 йили намойиш этилган ва «Мангейм» жамоасига топширилган. Яъни «лаган» Германия чемпионати элит дивизиони Бундеслига номини олиши (мавсум-1963|1964)дан анча олдин ғолиблар ўртасида қўлма-қўл бўлган. Эътиборли томони, «Кумуш лаган»да 1903 йилдан буён чемпионликка эришган ҳар бир клубнинг номи бор. Тўғри, 20-асрнинг 80-йиллари бошига келиб, «лаган»да янги чемпион номини ўйиб ёзиш учун бўш жой қолмаганди. 2009 йилда эса соврин диаметри кенгайтирилиб, қўшимча жой яратилди. Яна бир муҳим маълумот: ҳозирги кумуш кубокнинг вазни 11 килограммга тенг бўлиб, у 50 минг еврога суғурталанган.
***
Дарвоқе, Бундеслига-2 ғолибига ҳам «лаган» берилади. Фақат у элит дивизион соврини каби ҳашаматли эмас. Мавсум-2008|2009дан эътиборан топширилаётган иккинчи даражали «лаган»нинг вазни ҳам нисбатан енгил - 8,5 кг. Унда 1981|1982 йиллар мавсумдан буён Бундеслига-2да чемпионликка эришган барча жамоалар номини ўқиш мумкин. Салат идиши маркази тоғ кристали билан безатилган. Ҳа, аёллар Бундеслигасида ғалаба қозонган жамоалар ҳам «лаган» олади.
***
Бу сафар «Бавария» чемпионликни муддатидан олдин расмийлаштиргани учун тақдирлаш маросими анча осон ўтди. Мюнхенликлар «Кумуш лаган»ни «Боруссия» (Менхенгладбах)га қарши уй ўйинидан сўнг қабул қилиб олишди. Аввалги йилларга қарасак, агар чемпионлик масаласи сўнгги турга қолса, кубокнинг оригинал нусхаси пешқадам жамоа иштирокидаги ўйинга олиб бориларди. Таъқибчи жамоалар ўйнайдиган стадионларга эса «лаган»нинг нусхаси етказилган. Яъни бундай ҳолатларда асл кубокни дейлик, вертолётда тезкор етказиб бориш хизматидан фойдаланилмаган.
2014 йили Мюнхендаги тақдирлаш маросимида «Бавария»нинг ўша вақтдаги бош мураббийи Хосеп Гвардиола «Кумуш лаган»ни қўлидан тушириб юборганди. Испаниялик мутахассис Германия чемпионатининг яна бир анъанаси - «пиво души»дан кейин совринни маҳкам тутолмаган. Гарри Кейн эса «Кумуш лаган»ни кўтариш миссиясини Гвардиоладан яхшироқ уддалади.
Манба: championat.com, С.РАҲМОНОВ тайёрлади