Telegram Facebook Twitter Instagram OK Ҳафталик ташрифлар: 3,770

Филип Иванович: “Ўзбекистон даромад масаласида Озарбайжондан олдинда”

Филип Иванович: “Ўзбекистон даромад масаласида Озарбайжондан олдинда”

Озарбайжоннинг «Сабаҳ» футбол клуби собиқ сардори, айни пайтда эса Ўзбекистоннинг «Сўғдиёна» жамоаси ҳимоячиси Филип Иванович azerisport.com сайтига интервью берди.

— Ҳозир Ўзбекистон Суперлигасининг даражасини қандай баҳолайсиз? Рақобат кучлими?

— Ўтган мавсумдан бери «Сўғдиёна»даман. Яна бир йиллик шартномам бор. Айтиш мумкинки, бу ерда 4-5та клуб чемпионлик учун деярли тенг кураш олиб бормоқда, аниқ фаворит йўқ. Чемпионат жуда юқори даражада ўтяпти. Клублар стадионлар, инфратузилма, ташкилотчилик ва асосий жамоаларга жиддий сармоя киритишмоқда. Агар ҳисобга олсак, миллий терма жамоанинг 90 фоиз футболчилари маҳаллий лигада ўйнайди. Терманинг жаҳон чемпионатига чиққани ва ФИФА рейтингидаги ўрни ҳам лиганинг қанчалик кучли эканини кўрсатади.

— Озарбайжонда легионерлар лимити бекор қилинди. Бу футбол ривожига хизмат қиладими?

— Ҳаммаси клубларнинг бу қоидага қандай ёндашишига боғлиқ. Агар сифатли легионерлар олиб келинса, албатта, лига даражаси ошади. Лекин клублар шуни тушуниши керакки, энг катта қиймат — маҳаллий футболчилардир. Жамоанинг руҳи, масъулияти айнан улар билан боғлиқ. Мен доим айтаман: совринлар яхши легионерлар билан эмас, яхши маҳаллий футболчилар билан ютилади. Агар қоида тўғри қўлланилса, бу ёмон қарор эмас.

— Озарбайжон клубларидан таклифлар бўлдими? Қайтишни истайсизми?

— Ростини айтсам, ҳеч қайси клуб билан трансфер борасида музокара олиб бормаганман. «Сабаҳ»ни тарк этганимдан сўнг, клуб билан муносабатларим фақат шахсий даражада қолган. У ерда абадий дўстлар орттирдим. Озарбайжонликларни доимо менга катта меҳр кўрсатган инсонлар сифатида эслайман. Келажагимга келсак, мен ҳар доим «Сабаҳ»ни устувор деб биламан. Чунки бу клубда мен нафақат футболчи, балки инсон сифатида ҳам шаклландим.

— Қаерда маошлар юқорироқ — Ўзбекистондами ёки Озарбайжонда?

— Бу борада Ўзбекистон олдинда. Озарбайжонда катта бюджетга эга 3-4та клуб бор, Ўзбекистонда эса камида 10та жамоа шундай имкониятга эга. Осиёда бу масала бироз бошқачароқ — жамоалар кўп, лекин ташкилотчиликка эътибор камроқ.

— «Сабаҳ»нинг етакчилиги сиз учун кутилмаган ҳолат эмасми? Чемпионлик имконияти қандай?

— Мен бундан жуда хурсандман. Бу клуб йил сайин ўсиб бораётганини англатади. Мен аввал ҳам айтганман: «Сабаҳ»нинг чемпион бўлиши — фақат вақт масаласи. Клуб яхши ташкил этилган, президент, директор ва раҳбарият жуда тўғри ишлаяпти. Улар бир оиладек фаолият юритишади — энг муҳим жиҳат шу. Шу билан бирга, «Қорабоғ» ва бош мураббий Гурбан Гурбановни Озарбайжон футболини халқаро майдонда муносиб намоён этаётгани билан табриклайман. Ҳозир «Қорабоғ» ҳақида катта ҳурмат билан гапиришяпти. Чемпионат эса охиригача интригага бой бўлади. Албатта, мен чемпион «Сабаҳ» бўлишини истайман.

— Ўзбекистон термаси жаҳон чемпионатига қандай чиқди? Озарбайжон ҳам бунга қодирми?

— Ўзбекистонда фантастик авлод шаклланган. Улар саралашни жуда яхши ўтказишди ва мутлақ ҳақли равишда жаҳон чемпионатига чиқишди. Мамлакатда футбол жадал ривожланмоқда, бунга Фабио Каннаварони бош мураббий сифатида таклиф этилгани ҳам далил. Албатта, академиялар ва ёшлар билан ишлаш — катта лойиҳанинг бошланғич нуқтаси. Биз лимитни бекор қилиш ёки кенгайтириш ҳақида эмас, клубларнинг маҳаллий футболчилардан қандай фойдаланаётгани ҳақида гапиришимиз керак. Клубнинг виждони ва масъулияти — иқтидорли маҳаллий ёшларга имконият беришдир. Легионерлар эса ёрдамчи рол ўйнаши лозим. «Сабаҳ»да мен Баҳлул Мустафозода билан бирга ўйнаганман. У мен билан бирга ўсди, тажриба орттирди. Бугун у Европа Чемпионлар лигасида ўйнаяпти, мен эса Осиё Чемпионлар лигасида. У катта клуб футболчисига айланди ва термангизда асосий ҳимоячилардан бири ҳисобланади.

— Нима учун озарбайжонлик футболчиларга қизиқиш камроқ?

— Бу бозор қонунияти. Клублар катта ютуқларга эришган мамлакатлардан футболчи қидиришади. Қачонки Озарбайжон терма жамоаси йирик турнирга чиқса, маҳаллий футболчиларга бўлган қизиқиш ҳам кескин ошади.

— U-20 жаҳон чемпионатини қабул қилиш икки мамлакат учун фойдалими?

— Албатта. Бу икки мамлакат учун ҳам жуда фойдали тадбир. Иккисини ҳам яхши билган ҳолда айта оламанки, ташкилотчилик юқори даражада бўлади. Умид қиламанки, айнан шу ерда келажакда дунё юлдузига айланадиган ёш футболчилар кашф этилади.

Манба: azerisport.com

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *