Охирги ўрин ўз йўлига, улушга қаранг…
Охирги ўрин ўз йўлига, улушга қаранг…
«Қайрат» (Қозоғистон) ЧЛдаги дебют мавсумини умумий босқич турнир жадвалининг охирги – 36-қаторида якунлади. Олма-ота клуби 8та ўйинда атиги 1 очко ишлади. Голлар нисбати – 7-22. Шунга қарамай, «Қайрат» молиявий томондан катта плюсда!
«Қайрат» учун ЧЛ асосий босқичига қўшилишнинг ўзи катта ютуқ бўлди, албатта. Диққат қилинг, саховатпеша УЕФА тақсимотига кўра, қозоқ клуби умумий босқичдаги иштирокнинг ўзидан 18,62 млн. евро олди (тахминан 270 млрд. сўм). Олма-оталиклар натижа учун ҳам қўшимча пул ишлашди. Яъни «Пафос» билан ўйинда қайд этилган ягона дуранг клуб бюджетига яна 700 минг евро (тахминан 10 млрд. 170 млн. сўм) қўшди. Бу ҳали якуний сумма эмас. Зеро, УЕФА телевизион трансляциялар ва маркетинг ишларидан тушадиган даромадни еврокубоклар мавсуми якунида тақсимлайди. Демак, «Қайрат»нинг молиявий улуши янада ошади. Муҳими, Қозоғистон жамоаси бюджетини яхшилаб олиш баробарида катта тажриба тўплади. Хусусан, умумий босқичнинг сўнгги турида «Арсенал» меҳмони бўлган «Қайрат» 2:3 ҳисобида енгилган бўлсада, жорий турнирда «канонирлар» дарвозасига 1тадан кўп гол урган биринчи жамоа бўлди.
СЎЗ
– Йигитларга – баракалла. «Қайрат» жорий мавсум ЧЛда «Арсенал» дарвозасига 2та гол урган ягона жамоа бўлди – ўзига хос ютуқ. Бунга қадар «Арсенал» дарвозасига фақат «Интер» ва «Бавария» йўл топганди бир мартадан… Рафаэль Уразбахтин («Қайрат» бош мураббийи).
Айтганча, кучли 8таликка киролмаган «Реал» ЧЛ умумий босқичида нақ 9,2 млн. евро йўқотди. Жумладан, жамоа «Ливерпуль», «Манчестер Сити» ва «Бенфика» билан ўйинлардаги мағлубиятлар оқибатида 6,3 млн. евродан қуруқ қолди. «Мадрид» сўнгги турда 3-ўриндан 9-ўринга тушиб кетгани ортидан эса қўшимча йўқотишга учради. Агар «Қироллик клуби» 1/8 финалга тўғридан-тўғри чиққанида, 2 млн. евро оларди. «Плей-офф» босқичида ўйнаган клубларга эса 1 «лимон»дан берилади. AS маълумотига кўра, агар Испания гранди ЧЛ 1/8 финалига чиқолмаса, яна 11 млн. евро йўқотади. Тўғри, «Реал» умумий босқичда 39 млн. евро ишлаганини ҳам айтиш керак.




