ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗ: Агуэродан мақтов, Холанддан қутлов
ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗ: Агуэродан мақтов, Холанддан қутлов
АНГЛИЯ. «Манчестер Сити» афсонаси Серхио Агуэро ҳам ҳимоячимиз Абдуқодир Ҳусановни мақташдан ўзини тиёлмади. «У жорий мавсум жуда яхши ўйинлар ўтказди. Мослашув жараёнидан ўтди, энди натижасини кўряпмиз. Ҳусанов кучли, тез ва яккакурашларда устун. Атиги 21 ёшда эканлигини инобатга олсак, «Сити»да кейинги бир неча йил учун ажойиб ҳимоячи бор», – деди аргентиналик собиқ ҳужумчи City Xtra нашрига берган интервьюсида. «Манчестер Сити»нинг амалдаги голеадори Эрлинг Холанд эса ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Абдуқодир Ҳусановни туғилган куни билан ўзгача қутлади: «5 ёшинг билан!» Гап шундаки, Абдуқодир 29 февралда туғилган ва ҳозирга қадар бу кунни 5 мартагина нишонлаган, холос. «Манчестер Сити» ҳам ҳамюртимизни туғилган куни билан табриклади, албатта. «Абдуқодир Ҳусановни туғилган куни билан табриклаймиз!» — дейилди жамоанинг 1 март кунги постида. Қолаверса, «Сити» саҳифасига Ҳусановнинг машғулотлардаги бир нечта сурати қўйилди ва унга «Туғилган кун соҳиби!» – деб изоҳ қолдирди.
«Манчестер Сити»нинг АПЛдаги ишларига келсак, Хосеп Гвардиола жамоаси «Лидс»га қарши сафар ўйини (28-тур)ни Ҳусанов ва Холандсиз ўтказиб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Анчадан буён «Сити» ўйинидан илк марта четда қолган легионеримиз эса клубнинг январь ойидаги энг яхши футболчисига аталган совринни қабул қилиб олгач, қисқача интервью берди:
— Энг севимли ўзбек таомингиз қайси?
– Барча миллий таомларни яхши кўраман.
— Футболдан бошқа яна нималарга қизиқасиз?
– PlayStation иловасида ўйнаб тураман.
— Энг кучли томонингиз…?
– Ҳимоячи сифатида тезлик.
— Футболдаги орзунгиз нима?
– Барча совринларни ютиш.
— Ҳозиргача бўлган энг яхши ўйинингиз…?
– «Иттиҳод»даги барча учрашувлар
— Хосеп Гвардиоланинг қайси жиҳатлари ўйинингизга кучлироқ таъсир қилди?
– Тактикаси, интенсивлиги ва иштиёқи.
ТУРКИЯ. Суперлига 24-туридан ўрин олган «Истанбул Башакшеҳир» – «Коньяспор» ўйини тақдирини Дави Зелькенинг 2та голи ҳал қилди – 2:0. Ушбу натижага ҳамюртларимиз Аббос Файзуллаев ва Элдор Шомуродов 90 дақиқалик ҳаракатлари билан ҳисса қўшишди. Якунда Sofascore портали икки легионеримизга деярли тенг баҳо қўйди: Файзуллаев – 7,4 балл ва Шомуродов – 7,3 балл. «Ихтиёримда 4 нафар яхши савияли ҳужумчи бор. Элдорнинг интеллектуал салоҳияти Зельке ишини анча енгиллаштиради. Шу билан Зелькенинг жисмоний кўрсаткичлари ва бош билан ўйнаши Шомуродовга қўл келмоқда. Хуллас, иккиси яхши дуэтга айланди», – деди «Буюкшеҳир» бош мураббийи Нури Шахин ўйиндан сўнг. Дарвоқе, «Рома» матбуот хизмати «Ювентус»га қарши ўйин олдидан Элдор Шомуродовни эслади. Оддий айтганда, жамоа саҳифасига ҳамюртимизнинг «кекса синьора» дарвозасига урган голи қўйилди: ««Элдор Шомуродов «Олимпико» стадионидаги сўнгги голини «Ювентус» билан ўйинда нишонлаганди».
ОЗАРБАЙЖОН. Пешқадам «Сабаҳ» ОПЛ 22-турида энг яқин таъқибчиси «Қорабоғ» меҳмони бўлди. Меҳмонлар учрашув давомида 3та гол фарқи билан олдинга чиқиб олишди, бироқ якунда ортга 1 очко билан қайтишди – 3:3. «Сабаҳ» ярим ҳимоячиси Умарали Раҳмоналиев доимгидек бошланғич таркибдан жой олди ва тўлиқ вақт фаол ҳаракатланди. Асосийси, «Сабаҳ» ва «Қорабоғ» ўртасидаги 7 очколик фарқ сақланиб қолди: 53 – 46. Тўғри, «Қорабоғ» ҳисобида 1та захира ўйини бор.
ЭРОН. «Истиқлол» Рустам Ашурматов тўлиқ вақт ҳаракатланган баҳсда «Фажр Сепаси» майдонида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Шу тариқа Соҳраб Бахтиёризода бошқарувидаги жамоа Про лига 23-туридан сўнг турнир жадвали пешқадами бўлиб олди (41 очко). «Тракторсози» ўз майдонида «Гол Гоҳар»ни ягона гол эвазига доғда қолдирди. Жамоа ярим ҳимоячиси Одил Ҳамробеков бу сафар 58-дақиқада алмаштирилди. Бу унинг биринчи бўлим охирида сариқ карточка олгани билан боғлиқ катта эҳтимол. Игорь Сергеев ва Остон Ўруновнинг клуби – «Персеполис»нинг ўйини эса Эронда бошланган уруш ҳолати туфайли қолдирилди.
ТОЖИКИСТОН. Дарвозабон Иззат Турсунов фаолиятини Тожикистонда давом эттиради. У «Эсхата» клуби билан шартномаси муддатини узайтирди. Турсунов 2025 йили ҳам шу клуб сафида ўйнаб, Тожикистон кубоги ярим финалида қаҳрамонлик кўрсатганди. Айтганча, «Эсхата» яқинда Сергей Прохоровни ҳам ўз сафига қўшиб олди. Шунингдек, «банкчилар» сафида яна бир ҳамюртимииз бор – Санжар Рихсибоев.
ЭРОНДАГИ ЛЕГИОНЕРЛАРИМИЗ ҚАЕРДА?
АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми ортидан форс диёрида фаолият юритаётган футболчиларимиз хавфсизлик нуқтаи назаридан вақтинча мамлакатни тарк этишмоқда. ЎФА расмийси хабарига кўра, Теҳроннинг «Истиқлол» клуби ҳимоячиси Рустам Ашурматов айни пайт Дубайда. «Тракторсози» ярим ҳимоячиси Одил Ҳамробеков Тошкентга қайтган бўлса, Жалолиддин Машарипов Италияда тикланиш жараёнини ўтамоқда. Игорь Сергеев (Персеполис») 28 февраль куни Эрон чегарасидан ўтиш учун йўлга отланган. «Персеполис»нинг яна бир аъзоси Остон Ўрунов эса Эрон чегарасидан Туркияга ўтмоқда. 28 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 09:30 атрофида АҚШ ва Исроил томонидан йўлланган ҳаво зарбалари оқибатида Теҳронда дастлабки портлашлар рўй берди. Шу вақтда Исфаҳон, Қум, Кереж ва Кирмоншоҳ шаҳарлари ҳам ҳужумга учради. Ҳозирда Эрон ҳаво ҳудуди ёпиқ. «Футболиум» каналида ёзилишича, ўтган ҳафта Дохада ЖЧ-2026да ишлашга номзод ҳакамлар учун ташкил этилган семинарда қатннашган ҳамюртимиз Ильгиз Танташев ҳам жанговар ҳаракатлар туфайли Қатарда қолган. Чунки Доха аэропорти ёпиқ. Умуман, Яқин Шарқдаги вазият ортидан Қатарда барча спорт мусобақалар номаълум муддатга тўхтатилди.
ОФК эса ушбу воқеалар фонида Элит ОЧЛнинг Абу-Даби, Дубай (БАА) ва Доха (Қатар)да бўлиши белгиланган ўйинларини қолдирди. «ОФК тезлик билан ривожланаётган ушбу вазиятни диққат билан кузатмоқда ва барча футболчилар, расмийлар ва мухлислар хавфсизлигини таъминлашда қатъий туради», – дейилди ОФК баёнотида. Ушбу учрашувлар 2 ва 3 март кунлари бўлиб ўтиши керак эди. Ҳозирда янги сана ёки манзил номаълум.




