Telegram Facebook Twitter Instagram OK Ҳафталик ташрифлар: 6,236

Водий триосидан кутилган ва кутилмаган юриш

Водий триосидан кутилган ва кутилмаган юриш

Ёхуд тахминчиларга Бабаянча ва Кападзеча тарсаки…

Футбол ҳаёти кутилган ва кутилмаган воқеаларга бой. Суперлига-2026 стартидан ўрин олган ўйинлар натижаси мазкур хулосанинг яна бир исботидир. Гап шундаки, мавсум бошланишидан аввал аксарият журналистлар ва мухлислар «Андижон»даги ислоҳотларга андак киноя билан боққанди. Ҳар ҳолда, Самвел Бабаянга хос футбол фалсафасини кўрган, унинг ўйин услубига кўниккан журналистлар ва мухлислардан ўзгача хулоса кутиб бўлмасди ҳам. Боз устига, Самвел Вячесловович томонидан жамоага   кўпроқ тажрибали ва маҳоратли футболчилар таклиф қилинди. Ўзимиз ҳам  бундай ёндашув  мавсумнинг иккинчи ярмида жамоага панд бериши хусусида ёзгандик. Қисқача айтганда,  «Андижон»да бошланган ислоҳотларга футбол жамоатчилиги у қадар ишонмади ва «Сўғдиёна»га қарши ўйинда «бургутлар»нинг имкониятини юқори баҳоламади. Амалда ҳаммаси журналистлар ва бетараф мухлислар кутмаган сценарий остида кечди. Одатда  Самвел Бабаян раҳбарлик қилган клубларнинг натижаларида кичик ҳисоблар кўпроқ кузатилади. Бу сафар эса ҳаммаси бошқача бўлди. Ҳеч кутилмаганда, «бургутлар» рақибга юқоридан тиккасига ташланишди ва уни парчалаб ташлашди! Бу – чинакам бургут табиатига хос юриш!

Самвел Бабаян ўйиндан сўнг матбуот анжуманида «Андижон» мавжуд потенциа­лининг атиги 60 фоизидан фойдалангани хусусида сўзлаганида эса, яна истеҳзолар янг­ради. «Қаранг, «Сўғдиёна» дарвозасига 4та гол урган жамоа ўз имкониятининг 60 фоизинигина ишга солибди, 100 фоиз фойдаланса, нима бўлар экан-а?!» қабилида гап-сўзлар урчиди. Ҳатто «Нефтчи» бош мураббийи Ислом Исмои­лов исталган жамоа мавсумнинг биринчи учрашувида 100 фоиз имкониятини ишга солишини, майдонда борини беришини таъкидлади. Шу тариқа икки жамоа бош мураббийи ўртасида дастлабки «интрига» кўзга ташланди. Кўнгилга оғир ботмайдиган шундай муносабатлар Суперлига учрашувларидан кейинги матбуот анжуманларида янграгани маъқул. Кичик муаммо шуки, Ислом Исмоиловга бу масалада савол берган журналистни таниб бўлмади. Матбуот анжуманларида савол берувчи журналистлар ўзларини танитишмаяпти. Клубларнинг матбуот хизмати кейинги турларда айни масалага эътибор қаратса, мақсадга мувофиқ бўларди. Ўйлаймизки, мавзуни ошкора ёритишда авангард ҳисобланадиган футбол журналистлари этика бобида ҳам  бошқа ҳамкасбларимизга ўрнак бўлишлари керак.

Қизиқ, «Сўғдиёна»нинг ўйи­ни нега қовушмади, жамоа етакчиси Люпче Дориев нима учун майдонда аввалги мавсумдаги каби жонбозлик кўрсатмади? Жавоб ҳозирча очиқ. Иван Бошковичнинг ўзи ҳам йирик ҳисобли мағлубият сабабини аниқ айтмади ёки айтолмади. Ундай ўйланса ҳам, бундай мулоҳаза юритилса ҳам, барибир. «Сўғдиёна»нинг мавсум стартидаги  шармандали мағлубияти мутлақо тушунарсиз. «Андижон»­га ҳурмат сақлаган ҳолда, «бургутлар»нинг ғалабага иштиёқларини яна бир бора эътироф этиб айтамиз, «Сўғдиёна»нинг йирик ҳисобда ютқазгани эмас, балки ғалаба учун курашмагани кўпчиликни ажаблантирди. Чунки курашни ифодаловчи 0:1 ёки 1:2 ҳисоби ва шармандали 4:0 ўртасида еру осмонча фарқ бор. Шу маънода айтсак, «Сўғдиёна»нинг Андижондаги ўйи­ни жамоа мухлисларига нисбатан ҳурматсизликдир.

Аввалги мақоламизда «Машъал» Фарғонада «сюр­приз» улашишга интилиши ҳақида мулоҳаза юритгандик. «Нефтчи» – «Машъал» учрашувининг дастлабки дақиқаларида шунга яқин воқеа юз берди. Агар Ҳумоюн Муртазоев «офсайд»да қолмаганида ёки яккама-якка вазиятда Ботирали Эргашевни алдай олганида, кейин эса мустаҳкам ҳимоя қўрғонини қурганида, нима бўларди? Албатта,  энди саволни бу тахлит қўйиш ноўрин ва унга жавоб бериш ҳам мушкул. Лекин факт шуки, «Машъал» «сюрприз» қилишга уриниб кўрди ва буни уддалашига сал қолди. Шунинг ўзи ҳам ҳурматга лойиқ. «Нефтчи» эса дастлабки дақиқалардаги драматик ҳолатни тўғри баҳолади.Таркиб бобида меҳмонлардан анчайин устун саналган мезбонлар мантиқан йирик ҳисобда ғалаба қозонишлари керак эди ва улар бу ишни амалга оширишди. Айрим ҳамкасбларимиз учрашувда «Нефтчи» 2та гол фар­қи билан  ишончли тарзда ғалаба қозонишини тахмин қилишганди. Фарғоналиклар эса йирик ҳисоб қайд этиш баробарида яна бир неча вазиятни кўкка совуришди. Хуллас, Ислом Исмоилов у қадар қийин бўлмаган дастлабки тур синовидан  муваффақиятли ўтиб олди. Унинг учун, «Нефтчи» учун ҳақиқий синов ва курашлар ҳали олдинда!

Водийнинг яна бир жамоаси – «Навбаҳор» дастлабки турда «Динамо» меҳмони бўлди. Айни шу рақобатга 1-турнинг марказий учрашуви сифатида қаралганди.  Таъкидлаш жоиз, Самарқандда марказий ўйин мақомига мос рақобат кузатилди. Ўйиндан олдин мазкур тўқнашувда «Динамо» кичик ҳисобда зафар қучиши билан боғлиқ тахминлар билдирилганди. Фирдавс Абдураҳмонов тезкор гол урганида, бетараф мухлислар «ЦСКАни енгган Вадим Абрамов «Навбаҳор»ни ямламай ютади-ёв!» – деб юборишди беихтиёр. Ўзбек футболини олимпия ва мундиал ареналари сари бошлаган, ўз қадрини биладиган Темур Кападзе шакллантирган жамоа «Динамо»нинг  дастлабки штурми, тезкор голидан довдираб қолмади. Аксинча,  «лочинлар» рақиб дарвозаси сари шошилишди, ёпирилишди ва кўп ўтмай, пенальти ишлашди. Маълум бўлдики, янги бош мураббий «лочинлар» руҳияти, уларнинг парвоз манерасини анчайин ўзгартирибди. Энг муҳими, жамоа Темур Кападзенинг футбол фалсафасига ишона бошлабди ва унга эргашибди! Бу – ўта муҳим ва эътиборга молик жиҳат! Кўплаб футболчилар миллий жамоамиз келажагини Темур Кападзе фаолияти билан боғлашади ва шунинг учун яқин йиллар ичида унинг ишончига киришни исташади. Фикримизча, Кападзе ҳам буни жуда яхши билади ва шунинг учун «Навбаҳор» билан ўз келажаги пойдеворини қурмоқда. «Динамо»га қарши сафарда кечган қийин учрашувдаги завқли ғалабанинг энг асосий омили ҳамда изоҳи – шу! Вадим Абрамов айни шу масалада Темур Кападзега ён беришга мажбур. Истаймизми-йўқ, шу ҳолат майдонда ўзини сездириб қўяди, барибир.

Умуман олганда, очиқ-ошкора чемпионлик учун курашаётган водий триоси ўзгача шашт-шижоати билан бошқа клублардан яққол ажралиб турибди. Ҳа, «Пахтакор» ва «Насаф» ҳам ўз майдонида нисбатан кучсизроқ рақиблардан устун келган бўлса-да, мухлислар на «шерлар» ва на «аждарлар» ўйинидан қониқишди. «Хоразм» дарвозабони Машҳур Муҳаммаджоновнинг ғалати гол қўйиб юборгани эса унга ишонч билан боқаётган мухлислар ихлосини қайтарди. Шу аснода «Хоразм»нинг 1та гол фарқи билан мағлубиятга учрагани «Сўғдиёна»нинг йирик ҳисобда ютқазгани каби тушунарсизлик қобиғига ўралди. Аёнки, мухлислардаги қониқмаслик туйғуси Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев ва Камолиддин Тожиев зиммасига оғир масъулият юклайди. Улар ўзлари раҳбарлик қилаётган жамоалар ўйин услубига янгича руҳ ва мазмун бахш эта олишмаса, яқин келажакда Суперлига осмонида истеъфолар жараёни бошланиши ҳеч гап эмас. Мавсумнинг дастлабки туридан кейин мухлислар ўртасида ҳақиқий ғолибни олқишлаш, аламли мағлубиятни мардона қабул қилиш кайфияти кузатилаётгани эса таҳсинга сазовор. Сафарда «Бухоро»га ютқазган «Қўқон-1912» мухлиси, қўқонлик Исроилжон ота Ҳасанов мавсум старти билан барчани самимий қутлагани ва таҳририятдан ўз қутловини юртдошларимизга етказиб қўйишни илтимос қилгани ҳам фикримизга далил. Янги мавсум муборак, азизлар!

Муҳаммад ВАЛИ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *