Telegram Facebook Twitter Instagram OK Ҳафталик ташрифлар: 7,651

Ҳам ўйин, ҳам кубокнинг супери «Нефтчи»да

Ҳам ўйин, ҳам кубокнинг супери «Нефтчи»да

Ёхуд Хайрулла Бозоров ва Ислом Исмоилов эффекти

Футбол ўйинлари натижасига боғлиқ тахминлар ҳамиша ҳам ўзини оқлайвермайди. Оддий мисол, мухлислар «Навбаҳор» Тошкентда «Пахтакор»га астойдил қаршилик кўрсатишини  билишарди, лекин 2:0 ҳисобида ишончли ғалаба қайд этишини ўйлаб ҳам кўришмаганди. «Манчестер Сити» жароҳатлар гирдобига тушиб қолган «Реал»ни анча қийнаши тахмин қилинганди. Лекин Хосеп Гвардиола шогирдларининг ортга 0:3 ҳисоби билан қайтишлари бетараф мухлислар хаёлига ҳам келмаганди ҳатто. Хуллас, шу икки ўйин натижаси бобида аксарият мутахассислар ҳам, мухлислар ҳам тўғри ташхис қўйишолмади. Ўтган якшанба оқшомида бўлган икки ўйин натижаси масаласида илгари сурилган тахминлар эса тўла-тўкис оқланди. Шу куни сулоламиз вакиллари укамиз Ботиржон хонадонида тўпландик. Ака-укалар, катта-кичик жиянлар «Нефтчи» яна ғалаба қозониши, ҳатто йирик ҳисобда зафар қучиши хусусида  илҳом ва иштиёқ билан сўзлашишди. «Сал пастроққа тушайлик, эсингиздами, ўтган мавсум «Нефтчи» ҳеч кутилмаганда, ўз майдонида «Пахтакор»га 0:4 ҳисобида ютқазганди. Ўшанда ҳам «йўлбарслар» кучли ўйин намойиш этишаётганди. Аслан «Нефтчи»да тобланган Умар Адҳамзоданинг ўзи  йирик ҳисобни таъминлаганди!» – дедик сулоламиз вакилларига боқиб. Узундан-узун хонани шовқин-сурон босди: «Мана,  кўрасиз, бугунги «Нефтчи» билан ҳазиллашманг!» Шовқин озгина босилгач, футболни яхши кўрадиган жиянларимизни олқишладик ва ўйиндан аввал укамиз Ботиржонни  қутлуғ 50 ёши билан қутладик. Истеъфодаги подполковник, ҳамиша адолат учун курашган  Ботиржон қисқача муносабат билдирди: «Ҳақиқат юзага қалқсин! Кучлиси ютсин!»

Ҳали ўйин бошланмасидан олдин, ҳамма ифторлик билан овора вақт хаёлан бир қатор саволларга жавоб излайвердик: «Нима сабабдан мухлислар, ён-атрофимни тўлдириб ўтирган яқинларим «Нефтчи»нинг ғалабасига шу қадар ишонишмоқда? Бу Суперлига стартида қайд этилган дастлабки 3та фантастик натижа таъсирими? «Пахтакор» ўйинида нисбий пасайиш кузатилаётгани ростми?» Ушбу саволлар устида чамаси 5-10 дақиқа бош қотирдик. Суперлигада дастлабки истеъфо юз берган, бош мураббийлар молиявий муаммолар хусусида сўзлаётган бир паллада «Нефтчи» муҳитида бутунлай бошқача атмосфера. Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Хайрулла Бозоров ҳамиша жамоа билан бирга! Ислом Исмоилов ҳам ўзи, ҳам футболчилар кайфияти кўтаринки бўлиши йўлида астойдил изланмоқда. Қолаверса, «Нефтчи» муҳитидаги жонланиш, илҳом ва иштиёқ бошқа жамоаларда кузатилмаяпти. Демак, бош сабаб – Хайрулла Бозоров ва Ислом Исмоилов эффекти! Қаранг, жамоа янги мавсум ҳисобидан 4та ўйинда 10та гол урди ва Ботирали Эргашев ўз дарвозасини ҳамон қуруқ сақламоқда. Шундай статистик кўрсаткичдан сўнг унча-мунча бетараф мухлис ҳам «Нефтчи»нинг мағлубиятга учрашини хаёлига сиғдиролмайди ҳеч.

Ҳа, Фарғона клубини бу мавсум ютиб бўлмаслиги, «йўлбарслар» бутунлай бош­қа савияда тўп суришаётгани тўғрисидаги мулоҳазалар тобора баланд пардада янграмоқда. Тўғри, Миржалол Қосимов ҳам ҳар бир учрашувдан сўнг матбуот анжуманида саволларга кулиб, ҳазил-мутойиба билан жавоб қайтармоқда. Бироқ Ислом Исмоиловнинг завқи ва Миржалол Қосимовнинг ҳазил-ҳузули ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. «Қайси бирига сиқилай?!» – деганининг ўзиёқ Миржалол Қосимов ҳазил-ҳузуллари замирида  аслида изтироб дарёси тўлғониб-тўлғониб оқаётганини билдиради. Миржалол Қўшоқович муборак Рамазон ойи муносабати билан қалбини безовта қилаётган пўртаналарни шу усулда жуда оқилона тинчлантирмоқда. Ислом Исмоилов эса ўзидан-ўзи кулиб юбормоқда. Унинг тўлиб-тошган кулгулари ўз иши, ғалабалардан роҳатланаётган бош мураббийнинг том маънодаги тантанасидир.

Футболда молиявий қўллаб-қувватлашнинг ўзи билан катта натижаларга эришиб бўлмайди, албатта. Молиявий барқарорлик футболни тушунадиган ва унга интеллектуал ёндашадиган раҳбарлар билан зийнатлансагина мухлислар ҳақиқий жамоа, кучли ўйин гувоҳига айланишади. Эътироф этиш керак, вилоятлар ҳокимлари орасида айнан Хайрулла Бозоров ва Шавкат Абдураззоқов футболни тушуниш, таркиб ва мураббийлар штаби лаёқатини баҳолаш бобида яққол ажралиб туришади. Темур Кападзе «Навбаҳор»да, Ислом Исмоилов «Нефтчи»да мароқ билан ишлаётганларининг асл сабаби шу! Хусусан, «Нефтчи» бу масалада, ўзаро уйғунлик бобида бошқа барча клублардан ўзиб кетди. Айнан шу мутаносиблик ортидан жамоа тарихига янги саҳифа ёзилди. Гарчи Андижондаги учрашувда кичик ҳисоб қайд этилган бўлса-да, «Нефтчи» майдонда ҳеч бир асабийлашмай, ҳаддан зиёд ишонч билан тўп сурди. Энг асосийси, 16 мингдан зиёд мухлис ҳам 1та гол фарқи омонат эканлиги, вазият ҳар лаҳзада ўзгартириб кетиши мумкинлигини ўйламай, кучли ишонч билан «Нефтчи»ни астойдил қўллаб-қувватлади. Суперкубок учун қизғин кураш борадиган биргина учрашувда ҳиссиётлар қайнаб-тошади, асаблар таранглашади одатда. Шу аснода ҳаракатлар беихтиёр қўполлашади. 15 март оқшомида ўтказилган баҳсда эса «Нефтчи» мутлақо хотиржам кўринди, зафар қучиши ва суперкубокни қўлга киритишига ишониб тўп сурди. Мамлакатимиз футбол муҳитида анчадан буён бунақаси кузатилмаганди. Шу учрашувда «Нефтчи»нинг ёруғ манзилларни кўзлаётгани, улуғвор мақсадлар сари дадил отланаётгани, халқаро майдонларда  мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга бутун борлиғи билан ҳозирланаётгани яққол сезилди.

Бундеслигада «Бавария», Лига 1да «ПСЖ» ўз мақоми билан бошқа жамоалардан фарқланади. «Нефтчи»ни олқишламоқ ва табрикламоқ жоиз шундай юксалаётгани, суперкубокни ишонч билан қўлга киритгани учун. Ҳаммаси жойида! Барчаси мухлислар кутганидек! Шундай экан, учрашувни завқ билан шарҳлагани ва миллий чемпионатимизда рақобатбардош жамоа шаклланаётганидан қувонган Хайрулла Ҳамидовни айблаш ноўрин. Ана, «Барселона» ўз майдонида «Севилья»ни 5:2 ҳисобида енгган ўйинни шарҳлаган Даврон Файзиев ниҳоят, майдонга қайтган Гави учун нечук севинди, уни қандай самимий олқишлади?! Нима, Даврон Файзиев «Барселона» мухлиси бўлгани учун шундай йўл тутдими, Хайрулла Ҳамидов «Нефтчи» тарафдорими? Йўқ, ҳар икки шарҳловчининг ҳиссиётларини мухлислик билан алоқаси йўқ! Бу ўринда истеъдод ва савия адолат нуқтаи назаридан олқишланмоқда. Футбол – нафақат миллионлар, балки миллат ва ирқ танламайдиган умуминсоният ўйини! Қачонки ҳар бир мухлис қалбида шундай адолат туйғуси жўш урса, онг-у шуурларни шахсий «мен» эговламаса, футбол барчамизни завқлантираверади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси наср кенгаши ҳисобот йиғилишида таниқли ижодкор Хуршид Дўстмуҳаммад қўққисдан Ҳалим Карим қаламига мансуб, бир неча йил аввал ёзилган «Эль-класико» ҳикоясига эътибор қаратди. Ҳикоя якунида Лионель Месси ёки Криштиану Роналду мағлубиятни ўша заҳоти унутиб, янги ғалабалар ҳақида ўйлашлари, «Реал» мухлиси Санжар эса «Барселона» тарафдори Эгамберди томонидан бўғизланиши афсус-надомат билан ёзилган. Шунисидан Ўзи асрасин. Хуршид Дўстмуҳаммад ҳам, Ҳалим Карим ҳам шу муаммога эътибор буришгани бежиз эмас. Бу масалада муаммо борлиги рост ва ундан халос бўлиб, ҳақиқий ғолибни табриклашга куч топиш футбол мухлисининг муқаддас бурчидир! «Нефтчи»га Ўзбекистон суперкубоги яна бир бора муборак бўлсин!

Муҳаммад ВАЛИ

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *