Telegram Facebook Twitter Instagram OK Ҳафталик ташрифлар: 7,226

МУРАББИЙЛАР: 10 йилда истеъфолар ортидан 25 миллион доллар

МУРАББИЙЛАР: 10 йилда истеъфолар ортидан 25 миллион доллар

Аргентиналик тақирбош Хорхе Сампаоли яқинда яна ишсиз қолди. Таркибида Халк ва Касьерраси бор «Атлетико Минейро» раҳбарияти уни Бразилия чемпионати 3-туридан кейиноқ истеъфога чиқарди. Гап шундаки, клуб янги мавсумни ўта омадсиз бошлади: барча турнирлар доирасидаги 10та ўйинда атиги 2та ғалаба. Хуллас, дебютант «Ремо» билан уй учрашувидаги 3:3 ҳисоби «Минейро» соҳиблари сабр косасини тўлдирди. Боз устига, жамоа мазкур баҳсда 90+3-дақиқада урилган гол эвазигагина мағлубиятдан қутулиб қолди. Шу тариқа ҳатто «Бразилия класико»сида «Крузейро» устидан қозонилган ғалаба ҳам Сампаолини қутқаролмади. Эътиборли томони, аргентиналик мутахассис кетиши билан «Атлетико Минейро» штат чемпионати аутсайдерига қарши учрашувда 7та гол урди, жумладан, Халк «хет-трик»ка эришди. Бразилиялик фахрий ҳужумчи айниқса, жарима зарбасидан ўта чиройли гол урди. «Зенит»нинг собиқ футболчиси ўйиндан кейин эса 65 ёшли мураббийдан узр сўради: «Барча футболчилар номидан узр сўрайман. Зеро, клуб омадсизлигида биз ҳам маълум даражада жавобгарликни ўз зиммамизга олишимиз керак». Фақат шуниси борки, Халкнинг сўзлари унчалик самимий эшитилмади… Sports.ru сайтининг мақоласи шу ҳақда.

Чили термасидаги ишдан кейин атиги 1та соврин ва қаторасига 4та клуб томонидан истеъфо. Хорхе Сампаоли фаолиятидаги энг муваффақиятли давр 2016 йилнинг январь ойида якунланди. Аргентиналик мутахассис «Универсидад де Чили» клуби билан кучли шов-шув кўтариш (3 марта чемпионлик, Чили клублари учун иккинчи халқаро соврин – Судамерикана кубогида ғалаба) асносида Лотин Америкасидан ташқарида ҳам эътирофга эришди. У шу ютуқлар таъсирида Чили миллий жамоаси бош­қарувини қўлга олди ва мамлакат футболига Америка кубогидаги биринчи ғалабани тортиқ этди. Сампаоли шундан кейинги 10 йил ичида эса атиги 1та соврин ютди. Яъни «Атлетико Минейро»даги  биринчи даврида 2020 йили клубни Минас-Жерайс штати чемпионати олтин медали сари бошлади. Тўғри, бу орада унинг ишлари жуда ёмон ҳам эмасди. Дейлик, «Севилья»ни Испания Ла Лигасида 4-ўринга кўтарди (андалусияликлар фақат «Реал», «Барселона» ва «Атлетико»дан ортда қолишди). Қолаверса, «Сантос» ва «Марсель» Сампаоли бошқарувида ўз чемпионатида кумуш медалга эга чиқди. Аргентиналик мутахассис шунинг­дек, «Атлетико Минейро» бир сафар «бронза» ютишини таъминлади. Фақат шуниси борки, Сампаоли бу орада ўз лойиҳаларидан ҳеч бирини якунига етказмади – барчаси муддатидан олдин хайрлашув туфайли хотима топди.

Масаланинг ўзига хос томони ҳам бор: Хорхе Сампаоли истеъфолар ортидан катта манфаат кўрди. У Чили термасидан кетгач, Аргентина миллий жамоаси ва 6та клубни бошқарди. Жумладан, «Севилья» ва «Атлетико Минейро»ни икки мартадан.

*** Аргентина футбол ассоциацияси (AFA) нақ 3,2 млн. долларга тушди. Бу – мураббийни «Севилья»дан олиб келиш учун тўланган товон пули ва ЖЧ-2018даги омадсизликдан кейинги истеъфо бадали.

*** «Сантос» 2019 йили Бразилия чемпионатида фақат Жорже Жезушнинг даҳшатли «Фламенго»сидан ортда қолиб, 2-ўринни эгаллади. Бироқ Сампаоли мавсум тугагач, клубнинг молиявий муаммоларини билмаганини айтди, трансферлар учун янада кўпроқ пул талаб қилди ва шу баҳона «Атлетико Минейро»га кетиш олдидан компенсация тариқасида 800 минг доллар ундирди.

*** «Севилья»даги иккинчи давр аргентиналик мутахассис учун моддият нуқтаи назаридан энг манфаатлиси бўлиб чиқди: клуб ЕЛ чорак финалига чиқди, бироқ Испания чемпио­натида қуйи лигага тушиш хавфи остида қолди. Оқибатда андалусияликлар аргентиналик билан муддатидан олдин хайрлашдилар. Бунинг баҳоси – 9 млн. доллар.

*** «Фламенго» Сампаоли билан Ж.Америка миқёсида энг юқори поғонани кўзлаганди, амалда клуб Либертадорес кубогидан жуда эрта чиқиб кетди, боз устига Бразилия лигасида атиги 7-ўрин билан чекланди. Якунда мамлакат кубоги финалидаги мағлубиятдан сўнг мураббийни истеъфога чиқарди 2 млн. фунт стерлингга тенг компенсацияга қарамай.

*** Сампаолининг «Ренн»даги иши узоққа чўзилмади – 3 ойдан сал камроқ, 10та ўйин ва қуйи лигага тушиб кетиш хавфи (аргентиналик мутахассис фаолиятидаги энг қисқа иш тажрибаси). Якунда Хорхе даврида қайд этилган атиги 3та ғалабанинг ҳар бири Франция жамоа­сига 2 млн. долларга тушди (жами 6 «лимон»).

*** Сампаоли «Атлетико Минейро»да бир мавсум учун 3,5 млн. доллар оларди. Охирги истеъфодан сўнг у шартнома бўйича қолган 2 йил учун маошини тўлиқ олишни хоҳлади, охир-оқибат, томонлар 4 «лимон»га тенг компенсация бўйича келишувга эришишди.

У Халкдан қутулмоқчи эди, шунга қарамай, футболчини сардорлик боғичи остида майдонга тушираверди. Сампаоли «Атлетико Минейро»даги охирги 6 ойда Судамерикана кубоги финалида «Ланус»дан енгилди, жамоанинг юлдуз футболчиси билан чиқишолмади ва катта сармояга қарамай, янги мавсумни ўта ёмон бошлади. Аргентиналик мураббий Халкни марказий ҳужумчи сифатида кўрди, аммо бразилиялик футболчи матбуот орқали майдондаги позициясидан қониқмаётганини айта бошлагач, уни захира ўриндиғига ўтқазиб қўйди. Қишда эса аргентиналик мутахассис 7 нафар янги футболчи трансфери учун жами 30 млн. доллар сарфлади. Шунга қарамай, у номдорларга кўпроқ таянаверди, барибир. Хусусан, Халкни бошланғич таркибга қайтариб, сардорлик боғичини унга топширди. Баъзи ўйинларда ҳужумга Бернард – Халк – Дуду триосининг қўйилгани эса «Менга 2016 йилни қайтаринг» челленжидек кўринди.

Халк деярли 40 ёшида ҳам жуда яхши: ўтган мавсум 21та гол ва 8та ассист қайд этди. Аммо унинг суммаси 5 миллион еврога тенг шартномаси клубга оғир юк, барибир. «Атлетико Минейро» раҳбарияти ҳам Халкдан қутулишга қарши эмасди, фақат харидор топилмади. Якунда футболчига маошининг пасайтириш ва спорт натижалари учун бонуссиз шарт асосида 2 йиллик битим таклиф қилинди. Клуб шунинг баробарида Халк шарафига ҳайкал ўрнатиш ва биографик фильм яратишга сўз берди. Ҳужумчи эса буни нафақага кузатиш ҳаракати сифатида баҳолаб, барчасини рад этди (унинг амалдаги шартномаси жорий йил охирида ўз кучини йўқотади) ва «Крузейро»га қарши «класико»да ғалаба голини урди. Кейин баралла жавоб берди: «Мени йиғлоқи ва ютқазувчига чиқаргандинглар, энди нима дейсизлар?» Раҳбарият наздида Халк билан боғлиқ вазият юмшагандек эди, бироқ Сампаоли афсонадан қутулиш талабини пасайтирмай, раҳбариятни танқид қилишда давом этди, бу якунда истеъфони тезлаштирди. «Реал»нинг собиқ бош мураббийи Вандерлей Лушембурго эса бу ишлар юзасидан хулосасини ўзига хос услубда баён этди: «Сампаолининг ишдан бўшатилиши янгилик эмас. Яхши ишлаганида ва совринлар ютганида – бу янгилик бўларди. У эса бунга қодир эмас. Сампаоли фақат ҳамма билан жанжаллашиши, компенсация талаб қилиши, доимий равишда янги трансферлар сўраши ва турли можароларга бориши мумкин. Доимги ҳолат – уни ҳар жойдан ҳайдашган. Бразилияда хорижлик мураббийларни устун кўриш ҳақида обдон ўйлаб кўриш керак. Чунончи, четдан келганларнинг айримлари яхши, холос. Шу масалада ҳам Бразилия футболини ўлдирмоқдамиз…». Қизиқ, Хорхе Сампаолини таклиф қилиш таваккалига ботинадиган жамоа қолдимикан?

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *