Telegram Facebook Twitter Instagram OK Ҳафталик ташрифлар: 12,524

Чегараси йўқ мураббийлик ечимлари…

Чегараси йўқ мураббийлик ечимлари…

Футболда мураббийлик иши анча мураккаб, албатта. Жамоанинг ишлари озгина орқага кетса ёки натижа ўхшамаса, мураббий истеъфо аталмиш реал хавф остида қолади бирдан. Шунинг баробарида мураббийлик ечимларининг чек-чегараси йўқ. Импровизацияга эса тақиқ бўлмаса керак. Фақат натижа таъминланса, бас.

ОДДИЙ СУВ ИДИШЛАРИ ВОСИТАСИДА…

«Фенербахче»нинг «Аланияспор»га қарши ўйини нафақат драматик воқеликлар, балки мураббийнинг импровизацион ечими билан ҳам эсда қолди. Ҳаммаси майдон четида юз берди. Ўйин авж паллага кирган вақт «Фенер» устози Доменико Тедеско тактик ўзгаришларни тушунтириш учун испаниялик ҳужумчи Марко Асенсиони ёнига чақирди. Йўқ, бельгиялик мутахассис шовқинли стадионда бақир-чақир қилгани йўқ, шунчаки, оддий сув идишларини олиб, майдонга териб қўйди ва улар воситасида қайси зонадан олдинга ўтиш зарурлигини кўрсатиб берди. Тедесконинг импровицазион «тактик доска»си дарҳол телекамералар нигоҳига тушди ва эҳтимолки, мухлисларга табассум ҳам улашди. Муҳими, ҳазил-мутойибалар тезда тугади. Чунончи, Асенсио атиги бир неча дақиқадан кейин мураббий кўрсатмаларини майдонда мукаммал бажариб, муҳим голга ассистентлик қилди ва «Фенербахче» якунда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди…

АНТИҚА АЛМАШТИРИШ

«Реал Сосьедад» бош мураббийи Пеллегрино Матараццо 13 январь куни Испания кубоги 1|8 финалидан ўрин олган «Осасуна»га қарши ўйинда камдан-кам учрайдиган қарорга келди. У 89-дақиқада, жамоаси 1:2 ҳисобида ютқазиб турган вақт марказий ҳимоячи Дуже Чалета-Цар ўрнига захирадан ҳужумчи Орри Оскарссонни майдонга туширди. Тушунарли ўзгариш, ҳар ҳолда, «Сосьедад» кубок турнири билан хайрлашиш ёқасида эди. Сан-себастьянликлар кейинги дақиқада мувозанатни тиклаб, ўйинни қўшимча бўлимларга чўзишди. Матараццо эса яна 30 дақиқа ҳимояда 3 нафар футболчи билан ўйнамаслик учун майдонда ҳеч қанча ҳаракатланмаган исландиялик ҳужумчини қайта захирага олди ва ўрнига марказий мудофаа вакили Жон Мартинни туширди. Табиийки, скандинавиялик футболчига воқеаларнинг бундай ривожи асло ёқмади ва у қайта алмаштирилганидан сўнг тўғри кийиниш хонасига равона бўлди. Шу тариқа Оскарссон қўшимча бўлимлар якунига қадар ташқарига чиқмади. У ҳатто пенальтилар серияси бошланганида ҳам, жамоа муваффақият қозониб, кейинги босқичга чиққанини мухлислар билан майдонда нишонлаётган вақтда ҳам кўриниш бергани йўқ.

Албатта, Матараццо ўша лаҳзада мураккаб қарор қабул қилди, ҳар ҳолда, агар жароҳат кузатилмаса, захирадан майдонга тушган футболчининг атиги 5 дақиқадан кейин қайта алмаштирилиши ноодатий ҳолатдир. Фақат ҳақиқат шуки, «Реал Сосьедад» ўйинни қўшимча бўлимларга ўтказганидан кейин мураббий тартибсиз ҳолга келган жамоавий ҳаракатларни қайта тўғрилаши керак эди. У айнан шундай қилди ва «Реал Сосьедад»нинг якуний ғалабасини таъминлади. Футболчининг ранжиши эса иккинчи масала. Ахир жамоа манфаати ҳар нарсадан устун туради.

Манба: sports.ru, А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *