Telegram Facebook Twitter Instagram OK Ҳафталик ташрифлар: 11,806

Йўқ, қайчи ушлашга ҳали эрта…

Йўқ, қайчи ушлашга ҳали эрта…

Севимли клуби – «МЮ» кетма-кет 5та ўйинда ғалаба қозонмагунича сочини олдирмасликка ваъда бериш асносида машҳурликка эришган блогер-мухлис Фрэнк Айлетт челленжи давом этади. Майкл Кэррик «қизил иблислар» бошқарувини қўлга олганидан кейин кўпчилик унинг тақирбош ҳолатини кўришга яқин келди. Бироқ «Вест Хэм» 10 февраль куни ўз майдонида 1:1 ҳисобини қайд этиб, «МЮ»нинг ғалабали серияси 5та ўйинга етишига йўл қўймади. Демак, Айлеттнинг соч турмагига боғлиқ челленж саноғи бошқатдан бошланади.

Мислсиз машҳурлик. Фрэнк Айлетт 2024 йилнинг октябрь ойидан буён сочини олдирмаяпти. У бу орада челленж туфайли ижтимоий тармоқларнинг чин юлдузига айланди. ҳозирда 1,2 миллиондан ортиқ обуначиси бор. Ҳаммаси шу даражага етдики, ҳатто Майкл Кэррик ҳам 28 ёшли мухлиснинг ваъдасига реакция билдирди. «Қизил иблислар» янги бош мураббий қўл остида дастлабки 4та ўйин («Манчестер Сити», «Арсенал», «Фулхэм» ва «Тоттенхэм»га қарши)ни ўз фойдаларига ҳал қилишгач, узоқ кутилган кун етиб келадигандек туюлганди. Бироқ «Вест Хэм» мағлубликни тан олмай, челленж якунланишига қарши чиқди.

Нақ 494 кун… Фрэнк «Вест Хэм» билан ўйинга қадар нақ 494 кун сочига қайчи урмади. У ўйиндан сўнг қўнғироқлашиб кетган сочларидан ниҳоят, айрилишга ҳам тайёр эди. Айлетт ҳатто «болғачилар»га қарши ўйинни кичик қўллаб-қувватлаш гуруҳи билан жонли эфирда кузатди. Қолаверса, у кесилган соч­ларини Буюк Британияда болалар саратони тадқиқотларини молиялаштирадиган Little Princess Trust хайрия ташкилоти ихтиёрига топширишини айтди. Бироқ «қизил иблислар» 5-қадамни ташлай олишмади. Хуллас, 1:1 ҳисобидан кейин челленж ўз кучида қолди – Фрэнкнинг машҳурлиги ва сочлари ўсишда давом этади. Қайчига ҳали иш йўқ…

ДАРВОҚЕ…

«МЮ» аёллар жамоаси аъзолари ЧЛ 1|8 финалидан ўрин олган «Атлетико»га қарши биринчи ўйин (3:0) вақти Фрэнк Айлеттга алоҳида ишора кўрсатишди.  Улар ўз голларини соч қирқиш ҳаракати билан нишонлашди. Чунончи, «МЮ» аёллар жамоаси барча турнирлар ҳисобидан кетма-кет 6-ғалабани расмийлаштирди.

Д.АЛИМОВ тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *