Telegram Facebook Twitter Instagram OK Ҳафталик ташрифлар: 10,229

Нури Шаҳин «Башакшеҳир»нинг ўзгариши, ўйин чизмаси ҳақида

Нури Шаҳин «Башакшеҳир»нинг ўзгариши, ўйин чизмаси ҳақида

Икки ҳамюртимиз – Элдор Шомуродов ва Аббос Файзуллаевни ўз сафида бирлаштирган «Истанбул Башакшеҳир» клуби бош мураббийи Нури Шахин вақти тиғиз бўлишига қарамай, Туркия телевидениесида эфирга узатиладиган нуфузли футбол кўрсатувининг махсус сонида қатнашишга розилик берди. Шу тариқа футболчилик фаолиятида евроареналарда ном қозонган 37 ёшли мутахассис бир қатор қизиқарли саволларга бафуржа жавоб қайтарди. Табиийки, бошловчи суҳбат давомида ундан икки етакчи ле­гионеримиз ҳақида ҳам сўради. Қуйида Нури Шахиннинг кенг қамровли ин­тервьюси нисбатан қисқартирилган вариантда ҳукмингизга ҳавола этилмоқда

– Нури, «Башакшеҳир» бошқарувини мавсум давомида, жуда нозик паллада қўлга олдингиз ва ишни ғалаба билан бошладингиз. Бироқ жамоа кейинги 4-5та ўйинда ғалабасиз серияга учради – азобли давр. Муҳими, шундан сўнг ажойиб натижалар қайд этилди, айниқса, охирги 6-7 ҳафтада ғалабани одатга айлантирган «Башакшеҳир»ни кўряпмиз. Қисқаси, ҳозир яхши ҳолатдасизлар. Айтингчи, даст­-лабки 4-5 ҳафтада натижа чиқавермагач, қанчалик хавотирга тушгандингиз?

– Ҳа, жамоада мураббийлик учун мураккаб вазиятда ишга киришдик. Мавсумнинг бошланғич қисми, ЕЛ саралашидаги омадсизлик… Хуллас, клуб руҳан толиққан ва тушкун ҳолатда эди. Айниқса, евротурнирга чиқолмаслик ортидан катта умидсизлик юзага келганди. Боз устига, келганимиздан атиги 3 кун ўтиб, ўйинга тушдик. Бундай ҳолатда мураббийлар штаби олдида 2та йўл бўлади: дейлик, танаффусга қадар фалсафани четга суриб, шунчаки, натижага эътибор қаратиш ёки биринчи кундан тизимли иш эртами-кеч самара келтиришига ишониш. Биз иккинчи йўлни танладик. Яъни бошидан фалсафамизни жамоа­га сингдиришни ўйладик. Мана, бугун тўғри қарор қилганимизни кўряпман. Ҳозир пойдевори мустаҳкам «Башакшеҳир» бор. Жамоа нафақат натижага интиляпти, балки тўпсиз ва тўп билан ўйнашда ҳам олдинга силжияпти, ички тамойиллар, майдон ва унинг ташқарисидаги тартиб-қоидаларга тўлиқ амал қиляпти. Хуллас, тизимли ишни йўлга қўйганимиз бежиз кетмади. Ҳозирги натижалар мен учун шунчаки, ижобий серия эмас, балки муайян жараённинг кутилган оқимидир. Албатта, орада қийин кунлар, уйқусиз тунлар ҳам бўлди. Лекин таркиб сифатига шубҳа қилмадим асло. Ўзи «Дортмунд»дан кетгач, айнан «Башакшеҳир»ни танлаганим сабабларидан бири ҳам шу – савияли таркиб. Асосийси, клуб ўйин бўйича тушунчам ва иш принципларимга мос келди. Ҳа, ҳозир яхши нуқтадамиз. Биз хоҳлаган чўққи шуми? Йўқ, ҳали бор. Муҳими, бемалол айтаман, ўзимиз истаган марра сари кетяпмиз.

– Бизнингча, «Трабзонспор»га қарши ўйин муҳим бурилиш нуқтасига айланди. Ҳар ҳолда, «Башакшеҳир» майдонда камчилик бўлиб, кучли рақибга муносиб қаршилик кўрсатди. Тўғри, якунда драматик мағлубият қайд этилди – 3:4. Матбуот анжуманида эса шогирдларингизни мақтадингиз: «Ҳа, ютқаздик, лекин майдонда яхши нарсаларни кўрсатдик». Хўш, ўша ўйин қўл остингиздаги «Башакшеҳир» учун энг яхшисими ёки…?

– Жамоада бошлаган ишимиз самара келтиришига менда қатъий ишонч уйғотган 3та муҳим ўйин бор. Биринчиси — ўз майдонимизда «Галатасарой»га қарши кечгани. Дастлабки бўлим – ноль, на гол бор, на зарба ёки хавфли вазият. Ҳам ўйин, ҳам статистика жиҳатидан жуда ёмон ўйин. Табиийки, танаффусда йигитларга ўшқирдим: «Йўқ, бу бизнинг ўйинимиз эмас». Бошқа гапирганим йўқ. Қарангки, иккинчи бўлимда зўр ўйнадик. Шунда футболчилар мени тушунишганини теран ҳис қилдим. Кейин «Ризеспор» билан сафар ўйинида 0:0 ҳисоби қайд этилди. Ўша учрашувда ютишимиз ҳам, ютқазишимиз ҳам ҳеч гап эмасди. Кийиниш хонасида йигитларга дангали айтдим: «Асло хавотир олманг, бугун ўз жамоамни кўрдим. Ҳаммаси яхши, тўғри шаклланяпмиз». Эҳтимолки, баъзи футболчилар буни истеҳзодек қабул қилишгандир, ташқарига чиққач, ҳатто ассистентларим эътироз билдиришди: «Коуч, ахир дуранг бўлди, бизга эса ғалаба керак, вазият оғир-ку…». Шунда кийиниш хонасида айтганларимни такрорладим: «Йўқ, тинчланинглар, ҳаммаси яхши кетяпти». Чунки ўйин сифати яхшиланаётгани кўриниб турганди. Учинчиси – айнан «Трабзонспор» билан ўйин. Ҳа, охирги лаҳзаларда ўта аламли гол қўйиб юбордик. Адашмасам, рақиб голга 10-15та узатма орқали борди. Муҳими, ўша куни чиндан ҳам, жасур кўриндик, ҳужумлар ранг-баранг чиқди. Биринчи бўлимдаёқ 10 киши бўлиб қолдик ва танаффусда йигитлар сўрашди: «Бироз орқага чекинайликми ёки шундай давом этайлик?» Мен эса дарҳол жавоб бердим: «Йўқ, ҳужумкорликни сусайтирмаймиз». Хуллас, ўйин жиҳатидан роҳатландик, фақат натижа ўхшамади. Умуман, мен ҳеч қачон ҳисоб кетидан қувмаганман. Эҳтимол, мураббийликда энг катта хавф ҳам шудир… Асосийси, ўша куни «Башакшеҳир»да фикримиз бир жойдан чиқадиган йигитлар билан ишлаётганимни англадим. Футболчилар менга ишонишди, йўлга қўйилган ўйинимизга ишонишди. Ҳа, ҳақсиз, айнан ўша ўйиндан кейин биз учун кўп нарса ўзгарди. Шундан сўнг секин-аста бугунги кунга келдик, албатта, Аллоҳ ёрдами билан.

– Жамоа менталитетида катта ўзгариш йўқ, лекин ҳозир ўйин чизмаси бошқача. Олдинги мураббий даврида қанот ҳимоячиларини марказга тортиш ёндашуви сезиларди. Сиз эса мунтазам равишда икки таянч ярим ҳимоячисидан бирини марказий мудофаага яқин қўймоқдасиз. Шу билан қанот ҳимоячиларига кенглик бер­япсиз. Ушбу ўзгариш нима билан боғлиқ?

– Албатта, турли чизмаларни синаб кўрдик. «Башакшеҳир» ўйинларини таҳлил қилиб, қанотларда тезликни ошириш кераклигини фаҳмладим. Назаримда, аввалги чизма ҳимоя­вий услубга мосроқ эди, тўп бизга тушса  ҳам, йигитлар олдинга секин ҳаракатланишарди. Барчасини синовлар орқали ўргандик. Синадик, синадик ва шу нуқтага келдик. Кейин Аббос Файзуллаев, Амин Харит ва Элдор Шомуродовни энг яхши фазилатлари тўлиқ очиладиган ҳудудларга қўйиш устида изландик. Якунда ҳозирги схемада тўхтадик – ўйин тезлашди, кўпроқ вазият ярата бошладик, муҳими, бундай чизма футболчиларга ҳам ёқяпти. Аслида бу тактикани келаси мавсумдан қўллашни ўйлагандим. Лекин ёрдамчиларимдан бири, болалик қадрдоним фикримни ўзгартирди: «Нури, жамоа бунга тайёр, кел, синаб кўрайлик». Синовдан ўтказдик, ўхшади ва шу йўлдамиз.

– Аббос Файзуллаевнинг асосий таркибга кириши ғалабали серия ва муваффақиятлар билан бир вақтга тўғри келди. Ижобий натижаларда унинг ҳиссаси катта. Ҳужум ортида Элдор Шомуродов, чапда Амин Харит, ўнгда Аббос Файзуллаев. Икки қанот футболчисининг роли ва «Башакшеҳир» юксалишидаги хизмати ҳақида нима дейсиз?

– Аббос сафимизга қўшилиши билан жароҳатга йўлиқди. Миллий жамоасида ҳам жароҳатланди. Шунинг учун бошида ундан катта самара ололмадик. Аббоснинг табиий позицияси тайин – «7», «8» ёки «10». Лекин уни «11-рақам» сифатида ўйнатяпмиз. Учинчи зонада ўйин қуришда энг катта ҳиссани Амин Харит ва Аббос Файзуллаевдан олиш ҳаракатидамиз. Аббосда шундай хусусият борки, у тўпсиз ўйнашда беназир. Ҳатто ўз позициясида ўйнамаётган бўлса ҳам, одатда ҳаммасини инстинктив бажаради.

– Элдор Шомуродов жамоага келишингиз билан ажойиб юксалишга эришди. Дастлабки 4та ўйинда унинг ҳисобида 1та гол бор эди, кейинги 16тасида эса 13та урди. Очиғи, Шомуродовнинг наф келтириши кутилганди, аммо бундай сермаҳсул ўйнашини ҳеч ким ўйламаган бўлса керак…

– Бизда 4 нафар ҳужумчи бор. Бундай сахийлик учун клуб президентига раҳмат. Айтишим керак, 4-4-2 чизмасини олдин ҳеч қаерда ишлатмагандим. Амин Харит «10-рақам» сифатида ажойиб, лекин иккинчи тўл­қинда жарима майдонига кириш қобилияти юқори эмас, тўпни кўпроқ ушлаб қолади. Файзуллаев эса асосан узоқдан зарба йўллашга мойил. Муҳими, ҳозир ҳужумга яна 1 киши қўшилади. Устига-устак, агар «10-рақам» ролида ўйнайдиган футболчининг интеллекти юқори бўлса. Менимча, Шомуродов Суперлигадаги энг ақлли ҳужумчилардан биридир. У сўнгги вақтлар қанотларда бироз кўпроқ ҳаракатланяпти. Элдор билан бу ҳақда гаплашамиз. Қайтараман, Шомуродов жуда ақлли футболчи ва ундан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Ҳужумчига ўйин жиҳатидан эркинлик, етакчилик эркинлигини бермоқчиман. Футболчи ҳам гол, ҳам ассистлари билан ёрдам беряпти, лекин энг муҳими – тўпсиз ҳаракатланишда ўйинга қўшаётган ҳиссаси. Қисқаси, жуда яхши жавоб оляпмиз. Шундай экан, Элдорнинг ўйинидан мамнунман.

– Айтингчи, 4-4-2 чизмасини танлаётганингиз нимага боғлиқ – ушбу тактика тренд­га айланаётганигами ёки Шомуродов ва Зельке хусусиятларига?

– Тўғрисини айтаман, бунда «Дортмунд» тажрибаси ўрни ҳам бор. «Боруссия»даги 6-7 ойлик иш давомида ёрдамчилар билан ўйинимизни кўп таҳлил қилганмиз. Якунда «Дортмунд»нинг асосий муаммоларидан бири тўпсиз ўйин эканлигини тушундик. Шу тариқа 4-4-2нинг нозик жиҳатлари устида кўп ишладик. Чунки агар барчаси тўғри йўлга қўйилмаса, бу чизмани ечиб ташлаш жуда осон. Дейлик, озгина эртароқ «прессинг» бошласангиз, рақиб катта бўш ҳудудга чиқиши мумкин. Ушбу услубда «Арсенал» жуда яхши ўйнайди, энг зўри эса «Астон Вилла», менимча. Диего Симеоне ҳам «Атлетико»да барчасини яхши йўлга қўйган. Хуллас, 4-4-2 тактикасини чуқур ўргандик, шу тариқа «Башакшеҳир» учун уч мавсум режасини туздик. Мана, биринчи мавсум режаси яхши кетяпти. Келаси йили секин-аста ўша «Астон Вилла» даражасига чиқмоқчимиз, насиб этса. Табиийки, танловда футболчилар фазилатлари ҳам инобатга олинган.

– Битта ҳолат: «Башакшеҳир» асосий таркибида ўйнашга ўрганиб қолган да Коштани захирага олдингиз, унинг ўрнига тушгани эса гол урди. Камералар нигоҳи ўриндиққа қаратилганида, да Кошта сиздан ҳам кўпроқ қувонгани кўринди. Бу жамоада ажойиб муҳит шаклланганидан белгими?

– Ҳа, бу асосий тамойилларимиздан биридир. «Башакшеҳир» – жуда очиқкўнгил, ҳатто керагидан ортиқ даражада очиқ жамоа. Яширмайман, илк ҳафталар захирамизда жамоа голига беписанд қарайдиган йигитларга ҳам кўзим тушди. Кейин ўша футболчиларни ёнимга чақирдим: «Барчасини кўряпман, қўйинглар, бу сизларга ярашмайди. Чунки ҳали навбатингиз келади, ўйнайсизлар ҳам. Ишонинг, агар жамоа қувончини ҳис қилсангиз, таркибга кириш учун иштиёқингиз янада ошади». Асосийси, йигитлар сўзим ва ишим бир эканлигини кўришди. Ҳар ҳолда, қисқа вақтда захирадагиларга ҳам имконият бердим ва айримлари ўз жойларини топишга улгуришди. Табиатан дахлдорлик туйғусига ишонаман. Қаерда ишласам ҳам, муваффақият асосини тактика ёки техника эмас, балки дахлдорлик туйғусида кўрганман. Хуллас, мен учун ички муҳит – бирламчи масала. Жамоанинг энг қувонтираётган жиҳати ҳам шу.

– Охирги савол ўз ҳақингизда. Табиатан хушмуомала инсонсиз, юзингиздан табассум аримайди. Умумтушунчага кўра эса, ўта хушмуомала ва мулойим инсонлардан кучли мураббий чиқиши қийин. Буни атрофингиздагилардан эшитганмисиз? Эҳтимол, кимдир барчасини рўй-рост айтгандир: «Бунча яхши бўлма, бунча мулойим бўлма, хушмуомалалик футболчилар билан ишлашда зарарингга ишлаши мумкин»…

– Йўқ, мулойим эмасман, лекин ҳамиша самимий бўлишга ҳаракат қиламан. Оддий мисол, футболчилик даврида Фотиҳ Терим мени таркибга киритмаганида, жаҳлим чиққани юзимдан билиниб қоларди. Мураббий шунда дарров ҳазиллашарди: «Қаранглар, бу йигитчанинг бахтли ёки бахтсизлигини шундоқ қиёфасидан билиш мумкин…». Ҳеч қачон бировга яхши кўриниш учун сохта кулмаганман, сохта жиддийликка ҳам тоқат қилолмайман. Она-онам шундай тарбиялашган. Самимийликнинг зарари? Туркия лигасида қайсидир вазиятга эътироз билдирсам, захира ҳаками дарҳол сўз қотади: «Коуч, илтимос, лоақал сиз шундай қилманг, лоақал сиз…». Эътироз билдиришга ҳаққим йўқ… Эҳтимол, самимийликнинг зарари шудир… Албатта, аслида менда ҳам ғазаб бор, буни футболчилар ёки ассистентларимдан сўрашингиз мумкин. Хушмуомалалик балки «Дортмунд»да зараримга ишлагандир. Лекин ҳар бир инсонда ўз табиати бор. Мен эса характеримни ўзгартиришни хоҳламайман – самимий ва реал бўлиб қолмоқчиман. Агар бунинг зарарли томони бўлса, майли, кўрамиз. Ҳозирча ҳакамлик масаласида шундай ҳолатлар йўқ эмас…

ХУРШИДБЕК тайёрлади

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *