Ёзги трансферлар вақтида сифатли харидларни амалга оширишга одатланган «Бавария» ўтган йили ёзда «Кристал Пэлас»дан франциялик ярим ҳимоячи Майкл Олисени 45}5 миллион фунт стерлинг эвазига сотиб олганди. Бу орқали немис клуби ўзида нафақат гол уриш қобилятига эга футболчи, балки жамоадошларига имкониятлар яратиш ва қанотларда плеймейкерлик вазифасини ўташ каби сифатларни ўзида мужассам этган серқирра ижодкорга эга бўлди. Бироқ сўнгги пайтларда уни Англия ва Испания грандлари «Манчестер Сити», «Ливерпуль» ҳамда «Реал» вакиллари жиддий кузатув остига олган. «Бавария» эса ўз етакчисига тез орада янгиланган шартнома таклиф қилмоқчи.
Аслини олганда Олисенинг ўйинидаги ижодкорлик болаликдан яққол намоён бўла бошлади. Франциялик футболчининг биринчи мураббийи Михаэль Ричардснинг айтишича, у ўша пайтдаёқ юқори техника, тезлик, ўзига бўлган ишонч ва ноёб узатмалари билан тенг қурларидан ажралиб турган. 2017|18 йилги мавсумда «Манчестер Сити»нинг ёшлар жамоасида оз фурсат шуғуллангани эса Майклнинг ривожланишига ниҳоятда катта ҳисса қўшган. Тўғри, франциялик футболчи «шаҳарликлар» сафида дебютини нишонлашга улгурмади, лекин Пеп Гвардиоланинг керакли маслаҳатларини олган ҳолда ўзига нисбатан талабчан ёндашувни сақлаб қолди.
Майклнинг «Бавария»даги биринчи мавсуми унинг шахсий статистикасига кўра, жуда самарали бўлди. Айтайлик, Олисе мюнхенликларнинг асосий ўйинчиси Жошуа Киммих билан бир хил - барча мусобақаларда 50та ўйинда майдонга тушди. Уларнинг энг яқин таъқибчиси Гарри Кейнда эса 46та учрашув бор. Эътиборлиси, франциялик футболчи бу ўйинларнинг 42тасини асосий таркибда бошлади.
Бу даврда Майкл гол}пас тизими бўйича 35 балл тўплади (17та гол ва 18та голли узатма) ва мазкур кўрсаткич бўйича жамоада Кейндан (50 очко) кейин 2-ўринда бормоқда. Шунингдек унинг «Бавария» ўйинига қўшган ҳиссасини тавсифловчи янада жозибали кўрсаткичлар ҳам мавжуд: SCA (Shot Creating Actions) - дарвоза томон зарба беришга ҳисса қўшадиган ҳар қандай ҳаракат ва GCA (Goal Creating Actions) - голга олиб келадиган ҳар қандай ҳаракат бўйича Олисе жамоа етакчиси ҳисобланади. SCA маълумотларига кўра, эса Майкл Бундеслигада 169та самарали уринишга эга бўлиб, бу ўртача 90 дақиқада 6,51тани ташкил этади. Унинг энг яқин таъқибчиси Киммихда бу кўрсаткич 159тани ташкил этади ва ўртача 5,03 балл.
Хуллас, АПЛдаги тезлик ва чинакам рақобатда тобланган қахрамонимиз Бундеслигага жуда тез мослашди ва Германияда ўзини анча қулай ҳис қилмоқда. Жумладан у янги мавсумни ҳам ниҳоятда самарали бошлади ҳамда Мюнхен клуби учун барча мусобақалардаги сўнгги 8та ўйинда 4та гол урди ва 2та голли узатмани амалга оширди. Шунингдек Франция терма жамоасидаги ўйинлари орқали ҳам ажралиб турди.
Майкл Олисе аслида чап оёқда яхши ҳаракатланадиган ўйинчи бўлиб ўнг қанотда ҳаракат қилиш орқали ҳужум позициасига чиқиб бориши, дарвозага зарба бериши, ёки жарима майдончаси ичидаги шерикларига нодир узатмалар амалга ошириши мумкин. Олисе бир ўйинда бу усулларнинг барчасидан максимал даражада фойдаланадиган тиришқоқ футболчи.
Шунингдек, у рақибларга қарши тез-тез дриблинг ишлатади ва ҳимоячиларни ўзига жалб қилиш орқали Гарри Кейнга бўш ҳудуд яратади ҳамда тўпни оҳиста унинг йўналишига ташлаб беради.
Бундан ташқари Олисе тўп билан жуда совуққон ва хотиржам муомалада бўлиши орқали нафақат жамоадошларининг қулай позицияга чиқиб олишлари учун имконият яратади, балки бошини кўтариб майдонни «сканерлаш» асосида ўзи ҳам рақиб жарима майдони томон хафвли рейдларни амалга оширади.
Шунинг баробарида сўнгги паллада ҳужумни самарали якунлаш масъулиятини ўз зиммасига олишни ҳам унутмайди ва жарима майдони ичкарисига кириш имконини топса дарҳол шундай қилади - рақибни усталик билан алдаб ўтиш ҳамда дарвоза томон зарба йўллаш. Умуман олганда Майкл турли масофалардан туриб дарвозани «ўққа» тутиш салоҳиятига эга аммо кўпинча жарима майдончасига ёриб кириб гол уришга интилади.
Яна бир факт. Ўтган мавсумда Олисе Бундеслигада дарвоза томон зарба берган ўртача масофа16,1 метрни ташкил этган, яъни жарима майдончаси ташқарисидан. Унинг 12та голидан 4таси эса айнан олис масофалардан киритилган - ўртача 23 метр. Бу борада жорий мавсумдаги ўртача кўрсаткич 20,3 метр.
Майклнинг рақиб қаршисида у ёқдан бу ёққа енгил тебрана олиши ва дриблинг маҳорати орқали жарима майдончасига кириб келишига оёқ ҳаракатларининг тезлиги ҳам ёрдам беради. Ўтган мавсумда у 210та дриблинг уринишидан 46,2 фоиз муваффақиятли кўрсаткич қайд этган. «Бавария»да бу бўйича иккинчи энг яхши натижа Мусиалага тегишли - 205та уринишдан 46,3 фоиз муваффақиятга эришиш.
Кутилганидек, Майкл жорий мавсум ҳам жамоасининг энг фаол дриблинг ўйинчиси бўлишда давом этмоқда. Дастлабки 5та ўйинда у аллақачон 26та уринишни амалга оширган (муваффақият даражаси - 34,6 фоиз). Унга энг яқин таъқибчи Луис Диасда эса 23та уриниш бор (52,2 фоиз муваффақият даражаси).
Агар «Бавария»нинг ўйинларини диққат билан кузатсангиз Олисенинг жамоа ҳужум босқичидаги аҳамияти тўпнинг унга неча марта етказиб берилишида ҳам намоён бўлади. Тўғри, ўтган мавсумда у тўпга тегинишлар бўйича Киммих (5,362), Ким Мин Жэ (3,838) ва Упамекано (3,103)дан кейин 4-ўринни эгаллади (2,879), лекин фақатгина марказий ҳимоячилар ва ҳужумларни бошловчи ярим ҳимоячилар бу кўрсаткич бўйича ундан юқорироқ эканликларини унутмаслик керак. Бу эса табиий жараён. Жумладан, жорий мавсум ҳам ушбу тенденция давом этмоқда, фақат Ким Мин Жэ ўрнини Жонатан Та эгаллаган. Буни алоҳида кўрсаткичлар бўйича ҳам осонлик билан пайқаш мумкин. Қуйидаги статистик маълумотлар Олисе томон йўналтирилган тўплар ва унинг қарама-қарши қанотдаги шериги Луис Диас сари оширилган узатмалар фарқини кўрсатади:
• «РБ Лейпциг» билан ўйин: Олисе (72) — Диас (63)
• «Аугсбург» билан ўйин: Олисе (71) — Диас (66)
• «Гамбург» билан ўйин: Олисе (79) — Диас (41)
• «Вердер» билан ўйин: Олисе (76) — Диас (54).
Қисқаси, Олисенинг «Бавария» ғалабаларидаги аҳамиятини тушунтириш учун унинг ўзига хос хислатларини ошириб айтишнинг ҳожати йўқ. У нафақат жамоа таркибидаги, балки жаҳон даражасида ҳам энг идеал ўйинчилардан бири. Лекин таажжубки, Майклнинг «Олтин тўп»-2025 учун ўтказилган сўровдаги якуний натижаси орқали атиги 30-ўринни эгаллади. Очиғи, ушбу ўта камтарона натижа Олисенинг майдондаги ишини эмас, балки унинг характерини акс эттиради. Чунки у ҳотиржамлик ва осойишталикни қадрлайди. Қолаверса, интервьюларни ёқтирмаслиги сабабли журналистларнинг батафсил саволларига бир бўғинли сўзлар орқали жавоб бериши билан машҳур. Бундан ташқари у ўз голларини нишонламай қўявериши ҳам мумкин. Олисенинг фикрича бундай ҳаракатларнинг ҳеч бири ўз номини тарғиб қилишга ҳисса қўшмайди.
Франциялик футболчининг услубини акс эттирувчи кулгили воқеа эса Англия кубоги доирасидаги «Миллуолл»га қарши ўйинда юз берганди. Ўшанда рақиб мухлиси Олисе томон сув идишини улоқтирди. Лекин у шунчаки хотиржам ва ўз услубида жавоб қайтарди - битта гол ва ассист орқали «Миллуолл»ни мусобақадан чиқариб юбориш билан албатта.
Манба: sport-express.ru,
Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади