Search

Ҳакими - ҳақиқий монстр!

«ПСЖ» ҳимоячиси Ашраф Ҳакими учун бу мавсум ҳеч қачон тамом бўлмайди. Марокашлик футболчи Олимпиада-2024 турнирида стартга чиқиб, тўппа-тўғри «ПСЖ»га йўл олди, одатий таътилдан воз кечди. Шундан бери Ашраф дам олиш нима эканлигини билмайди, шу пайтгача клуб ва терма жамоа либосида 67 марта майдонга тушди. Қисқаси, шунчаки монстр!

Шундай тиғиз шароитда ҳам Ҳакими куч-қувватга тўла - «Бавария»га қарши беллашувнинг сўнгги дақиқаларида Усмон Дембелега йўллаган самарали узатмаси ёдингиздами? Келинг, яхшиси Ашрафнинг сўнгги йиллардаги фаолияти билан танишиб чиқайлик.

 Олимпиада-2024 турнирида Ҳакими 6та учрашувда майдонга тушиб, тўлиқ тўп сурди. Якунда Марокаш терма жамоаси 3-ўринни эгаллади. Ашраф бир ҳафтани футболсиз ўтказди. Кейин 1-турда «ПСЖ» таркибида сардорлик боғичи билан «Гавр»га қарши майдонга тушди. Шундан бери Ҳакими тўхтовсиз тарзда ўйнаб-ўйнаб, чарчоқ нима эканлигини билмайди.

 Марокашлик ҳимоячи байрамларда дам олади: сентябрь ойида Луис Энрике «Реймс»­га қарши ўйинда илк марта имконият берди. Бундан 3 кун аввал Ашраф ҳимоя чизиғининг ўнг қанотида «Жирона»га қарши 90 дақиқа тўп сурганди. Шунингдек, 2 марта 2тадан учрашувни ўтказиб юборди. Ўшанда парижликлар чемпионлик масаласини қишдаёқ ҳал қилишганди.

 ЕЧЛда барча 17та учрашувда майдонга тушди: фақат бир марта «Штутгарт»га қарши баҳснинг 70-дақиқасида захирага олинди. Ўшанда жамоа сафарда мезбонлар дарвозасига жавобсиз 4та гол урганди. КЖЧда воқеа такрорланди: фақат бир марта марокашлик ҳимоячига «Интер Майами»га қарши ўйинни ниҳоясига етказиш имкониятини беришмади - ҳисоб яна 4:0.

 Энди навбат Марокаш терма жамоаси сафидаги ўйинларга: кузда Ҳакимини мунтазам равишда Африка Кубоги турнирининг саралаш босқичига жалб этишди. Жамоанинг 7:0 ҳисобидаги йирик ғалабаси билан якунланган Лесото терма жамоасига қарши баҳсда Ашраф майдонга туширилмади. Март ойида қаҳрамонимиз ЖЧ-2026 саралаш босқичининг Нигерга қарши беллашувида тўлиқ иштирок этди, Танзанияга қарши ўйинни сариқ карточкалар кўпайиб кетгани сабабли ўтказиб юборди.

 Ҳатто ўртоқлик учрашувларида ҳам Ҳакимини унутишмаяпти. Жумладан, июнь ойида у ЕЧЛнинг финалидан кейин ва КЖЧ старти арафасида Тунис ва Бенин терма жамоаларига қарши майдонга тушди.

 Қўшимчасига, шу пайтгача Ашраф тақвимнинг тиғизлигидан шикоят қилган эмас: «Ўзимни яхши ҳис этяпман. Бу мавсумда ўйинларимиз, парвозларимиз жуда кўп. Бироқ биз спорт формасини тезда тиклаб оляпмиз ва тарихга киряпмиз. Албатта, бундан жуда мамнунмиз. Мавсум якунида чарчоқни ҳис этамиз, лекин янги синовларга доим тайёрмиз».

Жорий мавсумдаги ўйинлар сони бўйича Ҳакими Педридан кейин 2-ўринда эди: «Барселона» ярим ҳимоячиси барча мусобақаларда 69та учрашув ўтказган. КЖЧда финалга чиққан Ашраф Педрига етиб олди. Дақиқалар бўйича 3-ўринда бўлган марокашлик латераль энди Николас Менди ва Бруну Фернандешдан олдинга ўзиб, пешқадам бўлиб олди.

Манба: sports.ru, Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади

Related to this topic: