«Ливерпуль» АПЛда энг барқарор таркибга эга, бироқ Муҳаммад Салоҳ жорий мавсумнинг асосий фаворити сифатида «Арсенал»ни тилга олмоқда. Мисрлик голеадорнинг фикрича, айни пайт ўзаро тушуниб ўйнаш масаласида «канонирлар»га етадигани йўқ. Хўш, Муҳаммад Салоҳ нечоғли ҳақ? Буни аниқлаш учун математик ечимга эҳтиёж сезилди. Аниқроқ ифода этганда, таҳлил учун Transfermarkt портали маълумотлари асосида ҳар бир топ-клубдаги энг қимматбаҳо 15 нафар футболчи танлаб олинди. Шу тариқа улар ўртача ҳисобда жамоада неча кун ўтказишгани ҳисоблаб чиқилди ва якунда умумий муддат йилга айлантирилди.
Ҳосил бўлган кўрсаткич жамоа таркибининг барқарорлигини ифодалайди. Рақам қанча катта бўлса, бу жамоа футболчилари шунча кўп вақтни бирга ўтказишганини англатади. Демакки, улар майдонда бир-бирларини яхшироқ тушунишлари керак. Ҳа, танланган математик формуланинг баъзи кичик камчиликлари ҳам бор. Дейлик, Люк Шоу трансфер баҳосининг пастлиги туфайли «МЮ»га дахлдор ҳисоб-китоблардан четда қолди. Шунга қарамай, таҳлил натижалари анча ҳаққоний. Барчаси шуни кўрсатмоқдаки, АПЛда «Ливерпуль» энг барқарор таркибга эга. Жамоанинг энг қимматбаҳо 15 нафар футболчиси ўртача ҳисобда 3,13 йилдан буён бирга ўйнамоқда. Умуман, Мерсисайд жамоаси бу борада сезиларли даражада устун ҳам. Биринчи навбатда, таркиб ядросининг ўзгармаслиги туфайли. Ҳар ҳолда, Муҳаммад Салоҳ, Виржиль ван Дейк, Алиссон ва Эндрю Робертсон замонавий «Арсенал» шакллана бошлашидан анча олдин жамоа билан АПЛ ҳамда ЧЛда ғалаба қозонишди. Жо Гомес эса Брендан Рожерс даврида ҳам «қизиллар» билан бирга эди.
Шунинг баробарида «Ливерпуль» ўз таркибини тизимли равишда янгилади. Хусусан, ярим ҳимоя аста-секин янги қиёфага киритилди (Доминик Собослаи, Алексис МакАллистер, Райан Гравенберх). Ҳаттоки ёзги трансферлар вақти таркибга қўшилган қимматбаҳо юлдузлар - Флориан Вирц, Жереми Фримпонг ва Юго Экитике ҳам жамоанинг умумий кўрсаткичига путур етказишмади. Кўп йиллардан буён тажриба ва ёшлик энергияси ўртасида сақланаётган мувозанат эса яна ва яна чемпионлик учун курашиш имкониятини беради. «Манчестер Сити» (ўртача натижа - 2,8 йил) ҳам айни шу схема бўйича ҳаракатланмоқда. Мисол учун, Жон Стоунз 2016 йилдан буён «шаҳарликлар» билан бирга, яна Бернардо Сильва ва Фил Фоден бор. Муҳими, «Манчестер Сити» ҳам ўз ядросини сезилмас даражада, мунтазам равишда янгилаб бормоқда. «Сити» стратегиясининг алоҳида жиҳати - бу ёш иқтидорларни тўсатдан таркибга қўшиш қобилияти. Мисол учун, ёзги савдолар вақти харид қилинган Тижани Рейндерс ва Райан Шерки аллақачон аввалги етакчилар ўрнини боса олишларини кўрсатишди.
Муҳаммад Салоҳ томонидан эътироф этилган «Арсенал» эса таркиб барқарорлиги бўйича кучли учликда. Лондон жамоаси ўртача 2,74 йил кўрсаткичи билан «Сити»дан бир неча ҳафта даражасида орқада. Микель Артета жамоаси асосини ёш истеъдодлар Букайо Сака, Габриэль Мартинелли, Вильям Салиба (ушбу трио 2019 йилдан бери жамоада) ва Мартин Эдегор (таркибга 2021 йили қўшилган) ташкил этишмоқда. Гарчи бу йигитларда иш стажи унча катта бўлмаса-да, улар биргаликда ривожланиб, камолотга етишди. Қисқаси, «Арсенал»да етакчилар «химия»си чиндан ҳам, ажойиб. Бу вақтда Лондоннинг яна 2та топ-клуби - «Челси» (ўртача натижа - 1,71 йил) ва «Тоттенхэм» (ўртача натижа - 1,76 йил) қайта қуриш даврини ўтказмоқда. «Шпорлар» сафида Бен Дэвис бор (2014 йилдан буён жамоа билан бирга), аммо Гарри Кейн ва Сон Хюн Миннинг кетишгани билан жамоа ядроси сезиларли даражада ўзгарди. Ёш истеъдодлар тўдасига эга «Челси» эса мувозанатли жамоадан кўра, кўпроқ академияга ўхшамоқда. Бошқарув лавозимига Тодд Боули келганидан буён 50 нафардан ортиқ футболчи билан шартнома тузилди. Агар академия тарбияланувчиларини ҳисобга олсак, бу рақам янада катталашади. Эътиборлиси, бир қатор янги футболчилар клубдан кетишга ҳам улгуришди. «Нафақахўрлар» жорий мавсумга Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби мақомида киришдилар. Қисқа муддатли турнир эса узун мавсумдан кескин фарқланади. «МЮ»га келсак, жамоа бу борада балиқ ҳам эмас, қуш ҳам (ўртача натижа - 2,02 йил). Жамоада Диогу Далот ва Гарри Магуайр асосий фахрийлар экан, бу нимадандир далолат, барибир...
Манба: sovsport.ru, А.АҲМЕДОВ тайёрлади