Бугун АПЛ 3-тур баҳслари доирасида "Ливерпул" ўз майдонида "Арсенал"ни қабул қилади. Қизиқарли томони "канонирлар" деярли 13 йилдан буён Премер-лигада "Энфилд"ни махф эта олишмаяпти…
Охирги марта 2012 йилда “Ливерпул” майдонидан ғалаба билан қайтган “Арсенал”нинг кейинги муваффақиятни шунчалик узоқ кутиш кераклигини ким ҳам билибди дейсиз? Ўшанда "тўпчилар"ни афсонавий Арсен Венгер бошқарган, жамоанинг ҳозирги бош мураббийи Микел Артета эса ярим ҳимояда ўйнаганди. Жамоанинг голларига эса Лукас Подолски ва Санти Касорла муаллифлик қилишган.
"Ливерпул" ўз майдонида яққол устунликка эга
Ўтган мавсумда мерсисайдликлар чемпионат баҳсларида ўз майдонида фақат бир марта мағлубиятга учраган ҳолда чемпионликни қўлга киритди. “Қизиллар”нинг Премер-лигадаги 13 йил давомида “Арсенал”га қарши уй учрашувларидаги статистикаси ҳам мутлоқ ижобий - 7 ғалаба, 5 дуранг ва 0 мағлубият.
Бироқ “Арсенал”да имконият бор
Ҳа, “канонирлар” анчадан буён чемпионликни қўлга кирита олмаган бўлса-да, уч йил кетма-кет иккинчи ўринни эгаллади. Демак жамоа барқарор ва "Энфилд"да ўтказилган сўнгги учта Премер-лига учрашуви дуранг билан якунланган. Бундан ташқари, Трансфермаркт маълумотларига кўра, лондонликлар АПЛдаги энг қиммат таркибга эга - 1,32 миллиард евро. “Ливерпул” бу кўрсаткич бўйича тўртинчи ўринда – 1,04 миллиард евро.