Search

Диёра Ҳабибуллаева: «Футбол яхши инсон бўлишни ўргатди»

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ва Туркиянинг «Трабзонспор» клуби ҳужумчиси Диёра Ҳабибуллаева Осиё кубоги-2026 саралаш турнирига келишидан олдин Trabzonspor журнали мухбири Эданур Келешга интервью берди. Суҳбат давомида асосан ҳамюртимизнинг фаолияти ҳақида сўз борди.

- Диёра, аввало, маълумот сифатида ўзингизни қисқача таништирсангиз: қачон ва қаерда туғилгансиз?

— 1999 йилнинг 15 сентябрь куни Сирдарё вилоятида туғилганман. Оддий оилада вояга етдим. Футболга кучли иштиёқ болалигимдаёқ туғён урган. Бошида «Қиз бола ҳам футболчи бўладими?» қабилида дашномли ва шубҳали қарашларга дуч келганман. Асосийси, футболни жуда яхши кўрадиган отам мени бошидан охиригача қўллаб-қувватлади. Эсимда, футбол машғулотига илк марта айнан у олиб борганди. Маҳалламиздаги ўғил болалар билан бирга ўйнардим. Мактаб дарслари танаффусида болаларга қўшилиб, тўп тепардим, бошқа қизлар эса томоша қилиб туришарди. Ўша пайт мамлакатимизда аёллар футболи борлигини ҳам билмасдим. Шу туфайли ҳам спортга қизиқиш-муҳаббатни йўқотмаслик учун университетда волейбол билан шуғуллана бошладим. Бир куни волейбол машғулотида икки қизнинг формасида «Металлург-W» ва ОКМК-W ёзувига кўзим тушди. Улар билан гаплашиш асносида бизда ҳам аёллар футбол жамоалари мавжудлигини билдим. Шунда дарҳол отамга қўнғироқ қилиб, футболга қайтиш истагимни айтдим. Кейинроқ отам мени «Металлург-W» клубига олиб борди. Шу тариқа, айнан шу жамоада профессионал футболга жиддий қадам ташладим.

- Фаолиятингиз давомида қайси жамоаларда тўп сургансиз? Сиз учун бурилиш нуқтасига айланган воқеаларни айтиб бера оласизми?

— Ҳозирга қадар атиги 3та клубда ўйнадим: «Металлург-W», «Сўғдиёна-W» ва энди «Трабзонспор»да. Аслида табиатан муайян клубда узоқ вақт қолишга мойилман. Лекин айрим сабаблар туфайли жамоани ўзгартиришимга ҳам тўғри келган. Илк бурилиш нуқтаси? Эҳтимол, «Металлург»да асосий ҳужумчи жароҳатлангач, унинг ўрнига майдонга тушганимдир. Ўшанда ёш бўлсамда, имкониятдан унумли фойдаланиб, ўз салоҳиятимни намойиш этгандим. Шу аснода секин-аста Ўзбекистонда танила бошладим. Иккинчи муҳим бурилиш - «Трабзонспор» сафига қўшилганим, албатта. Бу клубда мураббийлар ишончи, соғлом рақобат, жамоавий муҳит ва янги имкониятлар футболчи сифатида ҳар томонлама ўсишимга ёрдам бермоқда. Шундай экан, «Трабзон­спор» футбол йўлимдаги энг муҳим босқичлардан бири, шубҳасиз.

- Оилангизда футболни танлаганингизни қандай қабул қилишган?

— Отамнинг ўзи ҳам ёшлигида футбол билан шуғулланган, умуман, спортни яхши кўради. Қайтараман, у қароримни тўлиқ қўллаб-қувватлади. Ҳозир отам ва онам ўйинларимни стадионда бирга томоша қилишади. Баъзан хатоларимни айтиб, ҳаммасини таҳлил қилиб беришади, гоҳо очиқ илҳомлантиришади: «Баракалла!» Агар отам-онам стадионда бўлишса, гол уришга икки чандон ортиқ ҳаракат қиламан - бу менга бошқача куч бағишлайди.

- Футболчилик фаолиятингизда босимни қандай енгиб ўтасиз? Умуман, бунга муносабатингиз... 

— Албатта, ҳар бир футболчи босимни ҳис қилади. Жамоа, мураббий, мухлислар - барча-барча сиздан натижа кутади. Гол уролмасам, танқидлар янграйди, албатта. Бундай ҳолатларга тайёрман. Танқидни асабийлик билан эмас, балки сабоқ сифатида қабул қиламан. Баъзи одамлар мени ёқтирмасликлари ва хато қилишимни кутишларини ҳам биламан. Лекин айнан шундай инсонлар менга ўзгача куч беришади - уларнинг ҳафсаласизликка тушириш учун ўз устимда янада кўпроқ ишлайман.

- Сизга илҳом бағишлаган биринчи рақамли футболчи ким?

— Криштиану Роналду. Унинг интизоми, дои­мий меҳнати ва ҳеч қачон таслим бўлмаслигидан илҳом оламан. Роналду футболдаги ўрнини истеъдоди эмас, балки фидокорона меҳнати эвазига топди. Ўзимни айнан унинг тимсолида кўраман. Балки истеъдодим кучли эмасдир, лекин кўплаб орзуларимга меҳнат орқали эришганман.

- Футболчилик фаолиятингизда ҳеч қачон унутилмайдиган воқеалар ҳам рўй берганми?

— Албатта. Дейлик, «Сўғдиёна-W» сафида чемпионлик баҳси учун майдонга тушганимизни ҳеч қачон унутмайман. Олтин медаль ютишимиз учун фақат ва фақат ғалаба зарур эди. Рақибимиз эса анча кучли жамоа эди - «Бунёдкор-W». Ўйинда ягона гол муаллифига айландим ва шу ғалаба бизга чемпионликни тақдим этди. Аммо тўқнашувлардан бирида жароҳатландим ва мени шифохонага олиб кетишди. Ўйиндан кейин стадионга қайтганимда, жамоамиз чемпионликка эришганини билдим. Айни шу воқеа ҳам футболчи сифатида шаклланишимда муҳим аҳамият касб этди.

- Футболдан олган энг муҳим сабоғингиз нима?

— Ҳаётда ким бўлишингиздан қатъий назар, аввало, яхши инсон сифатида ном қозонишингиз керак - футболнинг менга берган энг муҳим дарси шу.

Манба: ufa.uz

Related to this topic: