Бир нечта ака-укаларнинг юксак савияда тўп суриши - профессионал футболда кам учрайдиган ҳодиса. Жуд ва Жоб Беллингемлар - айнан шунақа футболчилар. Футболга бўлган меҳр-муҳаббатни уларга ўз вақтида Нон-лигада тўп сурган ва нақ 700та гол урган отаси сингдирган. Натижада икки ўғлон «Бирмингем» академиясига йўл олишди ва куч-маҳоратларини намойиш этишди, ҳатто Жуднинг шарафига унинг рақамини муомаладан чиқаришди. Жоб нисбатан қийинроқ йўлни танлаган бўлсада, тез орада муваффақиятга эришди. Ҳозир эса ёш иқтидор акасининг изидан бормоқда. Яъни, Дортмундга йўл олмоқда.
Жоб Беллингем олис шаҳарга кўтаринки кайфиятда йўл олди
2021 йилнинг августида 16 ёшли Жоб «Бирмингем» заявкасидан жой олганди. Ярим йилдан кейин у дебютини нишонлаб, жамоанинг иккинчи энг ёш ўйинчиси мақомини олди - акаси Жуд ундан кичикроқ пайтида келганди.
Навбатдаги қадам - «Сандерленд». Қизиғи шундаки, ака-ука ўртасидаги уйғунлик шу ерда ҳам бўй кўрсатди: Жобнинг трансфери айнан Жуд «Реал» ўйинчисига айланган кунда эълон қилинди. Танлов онгли равишда амалга оширилди, Жоб клубнинг таркибни ёшартириш лойиҳаси бўлагига айланди. Кейинги учрашувларнинг бирида майдонга тушган «Сандерленд» ўйинчиларинг ўртача ёши 21 йил, 3 кунлик эди. Кичик Беллингем энг ёш футболчиларнинг бири сифатида етакчига айланди. Ёш ярим ҳимоячи 47та ўйинда 5та позицияда тўп суриб, 7та гол ва битта ассистни расмийлаштирди.
Мавсум якунида вақтинчалик мураббий Майк Доддс Жобни ҳимоя қилиб, шундай деганди: «Жоб ёмон ўйнаётган пайтида, барча эътибор унга қаратилади. Бу адолатдан эмас, чунки у жуда ёш. Унинг ёшида 7та гол уриш - ҳайратланарли». У ўз фаолиятини ёшлар жамоасида давом эттириши мумкин эди».
Беллингемга болалар жамоалари орқали яхши таниш бўлган Доддс Жобнинг 2-мавсуми омадли бўлишига амин эди. Дарҳақиқат, 2-мавсум янада самаралироқ бўлди. Жамоа «Лорьян» бош мураббийи Режис Ле Брис измига ўтди. «Сандерленд» эса омадсиз мавсумдан кейин турнир жадвалининг етакчиси бўлиб олди. Жобнинг позицияси барқарор бўлди, бироқ у анча вақт ўз ўйинини топа олмади. Фақат октябрь ойида «Дерби Каунти» дарвозасига олис масофадан урган фантастик голи туфайли ОАВ эътиборини тортди.
Ниҳоят, мавсумни плей-офф ҳудудида якунлаган жамоа бақувват «Шеффилд Юнайтед»дан финалда устун келиб, АПЛга чиқди. 1-бўлимни заифроқ ўтказган Жоб эса танаффусдан кейин ғалабага ҳисса қўшди ва кўтаринки кайфиятда навбатдаги қадамини ташлади.
Германияга Жоб Чемпионшипнинг энг яхши ёш ўйинчиси мақомида йўл олди - Жуд ҳам айнан шундай вазиятда ўтганди. Бундан ташқари, U-21 тоифасидаги барча ўйинчилар орасида у тўпларни ҳаммадан кўпроқ тортиб олган ва самарали узатмаларни амалга оширганди.
Статистикага кўра, кичик Беллингем худди акаси каби моҳир ўйинчи сифатида улғайди. У ҳужумни якунловчиси вазифасидан ташқари, уларни ташкил этиш ва жамоавий прессингда ҳам фаолликни оширди.
«Боруссия» бир неча йилдан бери Жобни кузатиб боради ва бошқа немис грандларига қарши курашда ғалаба қозонишга муваффақ бўлди
Дортмундликлар Жобни 2021 йилда U19 жамоасига жалб этмоқчи бўлишганди. Бироқ ярим ҳимоячи «Бирмингем»да қолди ва дастлабки профессионал шартномани имзолади.
Орадан бир йил ўтгач, Жоб «Сандерленд»ни танлади ва яна бир йилдан кейин шартнома муддатини 2028 йилгача узайтирди. Ваҳоланки, ўшанда у АПЛ клублари нишонида турганди. 2024/2025 йиллар мавсумида харидорлар сони кўпайиб кетди, «Реал» доимо ўз скаутларини ёшлар терма жамоасининг ўйинларига жўнатиб турарди.
Мавсум охирида «Сандерленд» АПЛга чиққан бўлсада, футболчи Германия вариантини афзал кўрди. Уни харид қилиш ниятида «Боруссия» ўз мутасаддиларини май ойида Беллингем билан шахсан гаплашиш учун Сандерлендга жўнатди. Аввалига уни акаси билан таққослашларидан хавотирга тушган Жоб таклифни рад этди. Лекин «Боруссия» бош директори Ханс-Йоахим Ватцке иккинчи уринишда Беллингемни ишонтиришга муваффақ бўлди: у Жобга КЖЧда кийиш учун 7-рақамдаги футболкани совға қилиб, Нико Ковачнинг мактубини топширди. Унда мураббий нима учун Жобни танлаганини баён этганди. Иккинчи мафтункор омил - Дортмундга хос сариқ девор. Жоб Жуднинг фаолияти бошланганидан кейин «Сигнал Идуна Парк»нинг шайдоси бўлиб қолганди.
Охир-оқибат, 38 млн. евро ва бонуслардан ташқари, «Сандерленд» 15 фоиз оладиган келишув амалга оширилди. Бу англияликлар учун энг қиммат сотув, немислар учун энг қиммат харид эди.
Ака-ука Беллингемлар майдон ташқарисида ўзига хос муносабатда бўлишади. Улар қиёслашларга эътибор бермасликка интиладилар
Ака-укалар доимо бир-бирларининг муваффақиятларига қувонадилар. Жоб бир неча марта «Реал»нинг ўйинларида бўлди, Жуд эса ака сифатида укасининг ютуқларидан фахрланади. Шунингдек, ака-укалар ўрни келганда ҳазил-мутойибани ҳам ўрнига қўядилар. Мисол учун, ҳозир Беллингемлар онаси Жуд билан Мадридда, отаси эса Жоб билан Сандерлендда яшамоқдалар. Жоб бу ҳолатни ҳазилга йўйиб, акасини оқлашга уриниб кўрди: «Эҳтимол, Жуд пазандалик ва машина бошқаришни ўрганиб олганида, онам уйга қайтиб, мен билан яшарди. Бироқ йўқ, ундай эмас. У мутлақо нотавон».
Жуд ҳам қизиқарли воқеани айтиб берди: «Ёдимда, Жоб «Сандерленд» сафида дублни қайд этганида, Анчелотти ёнимга келиб, шошилинчда бошқа Беллингемни харид қилганлигини айтганди».
Шундан кейин Жуд сергакланиб, ҳар эҳтимолга қарши «Альмерия» дарвозасига 2та гол урганди. Энди Жоб янада вазминроқ вазифани - ҳамма нарса Жудни эслатадиган Дортмундда ўзини кўрсатишни зиммасига олади. Бироқ у ҳозирнинг ўзида акасига бўлган босимни пасайтиришга уриниб кўрди: «Кишилар Жобга менинг ютуқларим бўйича хулоса чиқарадилар. Бу адолатсизлик, чунки унинг ўзи ажойиб йигит. У ўзининг шахсий меросини, ўз шахсий йўлини яратишни истайди. Ҳамонки, у бахтиёр экан, мен ҳам бахтиёрман. Мен учун унинг бахти ўзимникидан қимматлироқ».
Манба: championat.com, МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади