Трансферлар оламини синчковлик билан таҳлил қилиб, сизлар учун клубларнинг энг омадсиз харидларини танлаб олдик. Бу 21 асрдаги энг ёмон трансферлар ўнлиги!
10. «Реал Мадрид» 2019
(жами 323 млн. евро сарфланган)
2019 йилнинг ёзида қироллик клуби тарихидаги энг қиммат трансфер дарчаси бўлиб ўтган ва клуб 331 млн. евролик харидни амалга оширганди. Гарчи ўшанда «Реал» бир қатор муваффақиятли келишувларни расмийлаштирган бўлсада, биз уларни 2та ўта ақлсиз харид туфайли омадсизлар ўнлигига киритишга мажбурмиз - айнан ўша мавсумда Эден Азар ва Лука Йович «қаймоқранглилар» таркибидан жой олишганди. 120 млн.га харид қилинган Азар 4 йил ичида атиги 7та гол урди ва ҳақли равишда клуб тарихидаги энг ёмон трансферлар рўйхатида аянчли 1-ўринни банд этди. Йовични «Мадрид» 63 млн.га харид қилганди. Сербиялик футболчи «Реал» либосидаги 42та ўйинда 3та гол урди. Натижада 6 йиллик шартномани 3 мавсумдан кейин бекор қилиб, ўйинчини «Фиорентина»га текинга бериб юборишди. Демак, унинг ҳар бир голи жамоа учун 21 млн.га тушган. Азар ва Йовичнинг иштироки учун клуб салкам 200 млн. сарфлади.
9. «Интер» 2016 (149 млн.)
«Интер»нинг 2016 йил ёзидаги харидлари 9-ўринда. Ўша даврда клубга хитойликлар келиб, улкан сармоялар эвазига жамоани инқироздан халос этишга уриниб кўришганди. Габигол лақабли бразилиялик ҳужумчи Габриэл Барбоза 30 млн.га харид қилинди. У 600талаб гол уриб юрган мини-футболдан чиққан, энг иқтидорли футболчилар рейтингидан жой олганди. Лекин «Интер»да тўла-тўкис барбод бўлди. Бошланғич таркибга киритилмади, атиги 10 марта майдонга тушиб, битта гол урди ва «Олтин ахлат қутиси» «мукофот»ини олди. Яъни, Италиянинг энг ёмон ўйинчиси сифатида тан олинди.
8. «Бавария» 2022 (137,5 млн.)
Трансферларга ўтган 2 йилга қараганда кўпроқ тикишган «Бавария» иккала топ (Садио Мане ва Матейс Де Лигт) ва иккала келажак режаси (Матис Тел ва Райан Гравенберх) бўйича ҳам катта хато қилди. Жамоа керакли даражада мустаҳкамланмади, натижада 2022|23 йилги мавсумда чемпионлик бой берилшига бир баҳя қолганди.
7. «Лацио» 2001 (139,25 млн.)
90-йиллар охирида «бургутчалар» трансферларга кўп маблағ сарфладилар. Клубнинг 100 йиллиги шарафига Скудеттони олишди. Кейин 3-ўринни банд этишди. Тўлақонли гранд бўлишни орзу қилишди, бунинг учун мунтазам равишда топ-ўйинчиларни харид қилишга тўғри келди. 2001 йил ёзида раҳбарият 139 «лимон»дан воз кечиб, клуб рекордини ўрнатди. Асосий харид - 48 млн.ли Гаиска Мендьета. Ва яққол омадсизлик! Салкам 50 млн.га олинган футболчи бирорта гол урмаган ҳолда жамоани тарк этди.
6. «Ливерпуль» 2014 (151,43 млн.)
Луис Суарес 80 млн. эвазига «Барса»га ўтгач, «қизиллар» трансфер учун етарли сармояга эга бўлишганди. Ўша даврда бир нечта топларни харид қилиш мумкин эди. Лекин сармоянинг ҳаммаси ўртамиёна ўйинчиларга сарфланди. Улар орасида фақат 12,6 млн.га олинган Дивок Ориги чинакам ўртамиёна ўйинчи эканлигини исботлади, лекин зарур паллада жамоага керагидан кўпроқ ёрдам берган вақтлари ҳам бўлди.
5. «Рома» 2018 (161,35 млн.)
Ўша ёзда «Рома» иккита арзийдиган харидни амалга оширган, Давид Сантон учун 10 млн, 18 ёшли Николо Заньоло учун 6,75 млн. сарфлаганди. Николо кейинчалик можаро билан кетган бўлсада, яхши ўйинчи эди. Ўша мавсумда шубҳали трансферлар ҳам бўлди. 19 ёшли Жастин Клюйверт таниқли оила аъзоси сифатида Эредивизиеда ажойиб мавсумни ўтказганди. У асосий таркиб ўйинчиси бўлмади, ижара асосида ўйнади ва якунда икки баравар арзонроқ баҳода сотиб юборилди.
4. «Милан» 2017 (186,48 млн.),
2018 (121,24 млн.)
2017 йил ёзида клубга хитойликлар келишганида, 20 млн. ва ундан кўпроқ маблағни марказий ҳимоячи Матео Мусаккио ва аргентиналик ярим ҳимоячи Лукас Бильо, ўнг қанот ҳимоячиси Андреа Конти ва швейцариялик Рикардо Родригеслар учун берилганди. Иккита асосий харидлар учун ҳужумчи Андре Силвага 38 млн. ва Леонардо Бонуччи учун 42 млн. сарфланди.
2018 йилда келган америкалик янги соҳиблар ҳам 100 млн. евродан кўпроқ маблағни «сув» қилишди. Масалан, испаниялик вингер Саму Кастильехо учун 21 млн, сарфланди. Клубдаги 4 йил ичида 10}15 натижани қайд этган футболчини сотиб юборишнинг иложи бўлмади ва у текинга кетди. Марказий ҳимоячи Маттиа Кальдара учун 37,7 млн. сарфланди! 1,5 йилдан кейин Маттиа ижарага бериб юборилди ва тез орада эркин агент мақомида «қуён» бўлди.
3. «МЮ» 2015 (156 млн.), 2023
(210,7 млн.)
2015 йилда клубга трансфер масаласига таъсир этиш шарти билан келган ван Гал «қовун туширганди». Айнан шу мураббий клуб мутасаддиларини 19 ёшли Антони Марсьяль учун 60 млн. сарфлашга мажбур этганди. Антони Манчестер 2 мавсумни яхши ўтказди, лекин умуман 9 йил давомида ишончни оқлай олмади. Ўртамиёна таянч ярим ҳимоячиси Морган Шнейдерлин учун эса 35 млн.дан воз кечиб, 1,5 йилдан кейин «Эвертон»га 23 «лимон»га сотиб юборишди. 9 млн.га харид қилинган 30 ёшли Швайнштайгер 35 марта майдонга тушиб, ҳеч нарса кўрсата олмади.
2. «Челси» 2022 (300,75 млн.)
2022 йил ёзида келган америкалик соҳиб Боулининг 300 млн. евроси эвазига «Челси» ўз тарихидаги рекорд даражадаги трансфер бюджетига эга бўлди. Хўш, кимлар харид қилинди?
18 ёшли Карни Чуквуэмека учун 18 млн. сарфланди. Ярим ҳимоячи Чезаре Касадеи ўзи учун сарфланган 15 млн.ни фақат ижараларда ишлатиб, Италияга қайтиб кетди. 12 млн.га келган фахрий Обамеянг «Челси» учун бор-йўғи 3та гол урди. 18 ёшли дарвозабон Гейбриэл Слонинни 9 млн.га МЛСдан олиб келишди. Лекин 80 млн. эвазига келган Уэсли Фофананинг хариди ҳаммасидан ўтиб тушди. Боз устига, унга каттагина иш ҳақи ҳам белгиланганди. Якунда қимматбаҳо футболчи «кўклар» либосида 3 йилда атиги 34 марта майдонга тушди. Шунингдек, 42 млн.га баҳоланган 31 ёшли Калиду Кулибали ҳам ишончни оқламади.
1. «Барселона» 2016 (124,75 млн.),
2017 (375,1 млн.)
Ниҳоят, навбат президент Хосеп Бартомеу давридаги трансфер сиёсатининг ҳанузгача давом этаётган иллатлари туфайли 1-ўринни эгаллаган жамоага келди. Аниқроғи, 2016 йилдаги ёзги ва 2017 йилдаги ёзги ҳамда қишки трансфер кампанияларидаги ярим млрд. еврога яқин маблағ ҳақида. Қисқаси, 2016 йил ёзида салкам 125 млн. евро сарфланган. Жумладан, 37 млн. - Андре Гомешга. «Валенсия»нинг марказий ярим ҳимоячисини «Марка» ўқувчилари 2016|17 йиллар мавсумидаги энг омадсиз трансфер дейишарди. Пако Алькасер учун 30 млн. ишлатилган. Уни ҳам арзонроқ баҳода сотишга тўғри келади. Бироқ ўша даврдаги энг омадсиз харид - Самюэль Умтити. Бу ерда гап трансфер хусусида эмас, балки Умтитига Мессиникидан кейинги иккинчи энг қиммат иш ҳақи белгилашганида! Якунда француз рисоладагидек 2 мавсумдан кейин мунтазам равишда муолажа олган ҳолда ҳар йили 32 млн. иш ҳақини қуртдек санаб олганди. «Барса»да 16,5 млн.дан олган Люка Динь эса 13 млн.ни банд этган дарвозабон Яспер Силлессен каби талаб даражасида тўп сура олмади.
2017 йил трансферлари янада қимматлашиб, 375 млн.га кўтарилди. Энди 2та 135 млн.ли омадсизликка тўхталиб ўтамиз. Аввалига, яъни ёзда Усмон Дембелени харид қилишди. Клуб ғазнасида 222 млн. евро пайдо бўлгач, раҳбарият Усмонни мақбул вариант, деган қарорга келди. Бироқ франциялик иқтидор 4-турдаёқ жароҳат олди ва шундан кейин тез-тез муолажа оладиган бўлиб қолди. Кейин интизомида, ўз вазифасига муносабатида муаммолар юзага келди. Фақат Хави даврида Дембеле спорт формасини тиклаб олди. Лекин 2024 йилда контракт муддати ниҳоясига етгач, уни 50 млн. эвазига қўйиб юборишга тўғри келди. 2018 йилнинг қишида имзоланган Филипе Коутиньонинг трансфери кўп жиҳатдан Дембеленинг биринчи жароҳати туфайли «Барселона» тарихидаги энг омадсиз келишув ҳисобланади. Бу ерда саволни асосан клубдан сўраш лозим. Экспертлар орасида Коутини Каталония пойтахтига жўнатиш мумкин эмас, деганлари етарли эди. Чунки у жамоа тактикасига мос эмасди. Амалда ҳам шундай бўлди. қимматбаҳо хариднинг захира ўриндиғида чангга ботишини истамаган «Барса» уни ижарага беришга қарор қилганди. Бироқ якунда Коутини арзимас 20 млн. евро эвазига «Астон Вилла»га сотиб юборишди.
Манба: sports.ru, С.РАҲМОНОВ тайёрлади