УЕФАнинг охирги ислоҳотлари футбол нуқтаи назаридан митти мамлакатлар вакилларига ҳам еврокубоклар гуруҳ босқичига чиқиш имкониятини берди. Дейлик, ЧЛ саралашининг иккинчи босқичига чиқиш камида КЛ квалификацияси «плей-офф» раундида ўйнаш кафолатини беради. Асосий турнир саралашининг учинчи босқичи эса 3-даражали еврокубок гуруҳига ўтишни таъминлайди. Бу тизим ортидан 3та еврокубокда чемпионлик квалификацияси пайдо бўлди. Ҳозирда ҳали бирор жамоаси еврокубоклар гуруҳ босқичида иштирок этмаган атиги 4та мамлакат қолди. Турнирларнинг гуруҳ раундида лоақал 1та ғалаба қайд этиш эса анча-мунча камтарин клубларга ҳам насиб этди. Мисол учун, 2019 йили Люксембургнинг «Дюделанж» клуби ЕЛ гуруҳ босқичида АПОЭЛни 4:3 ҳисобида маҳв этди, боз устига, сафар учрашувида. 4 йилдан кейин эса Фарер ороллари вакили - «Клаксвик» КЛда Словения чемпиони «Олимпия» дарвозасига жавобсиз 3та гол урди. Умуман, статистикага қарасак, жорий мавсумга қадар Европада 4тагина мамлакат клублари еврокубоклар асосий раундида ғалаба нималигини билмади. Қуйидаги мақола шу ҳақда.
ГРУЗИЯ
2004 йили УЕФА кубоги (ҳозирги ЕЛ)да илк марта гуруҳ босқичи йўлга қўйилди. Унда 40та жамоа 8та гуруҳга бўлинди. Регламентга кўра, ҳар бир клуб ўз гуруҳдошлари билан 1 мартадан куч синашди (ўз майдони ва сафарда 2тадан ўйин). Ўша мавсум Тбилиси «Динамо»си саралашда аввалига БАТЭ (Беларусь)дан 2 марта устун келди - 3:2 ва 1:0. Грузия вакили кейинги раундда Праганинг «Славия»сига дуч келиб, сафарда 1:3 ҳисобида енгилди, лекин ўз майдонида камомадни йўқотди - 2:0. Тбилисиликлар шу тариқа ўша вақт амалда бўлган «сафарда урилган гол устунлиги» қоидаси эвазига курашни давом эттиришди. «Динамо» ҳал қилувчи босқичга ҳам ишонч билан киришди: Краковда «Висла»га қарши ўйиннинг 17 ва 25-дақиқаларда 2та гол урди. Бироқ Польша клуби иккинчи бўлимда 0:2ни 4:2га айлантирди, меҳмонлар эса 82-дақиқадагина яна 1та гол уришди, аммо якунда мағлубиятни тан олишди (3:4). Муҳими, «Динамо» жавоб ўйинида 2:1 кўринишида ғалабага эришиб, яна сафарда кўпроқ гол ургани эвазига гуруҳ босқичига чиқди. Бироқ Грузия вакили асосий ўйинларда омадсизликка учради: «Ньюкасл», «Сошо», «Спортинг» ва «Паниониос»га қарши 4та ўйинда 4та мағлубият. Умумий ҳисоб - 2:13. Кейинги 20 йилда эса Грузия жамоалари атиги 1 мартагина еврокубоклар гуруҳ босқичига чиқиш учун реал имконият ҳосил қилди. Аниқроғи, 2011 йили яна шу «Динамо» ЕЛ саралаши «плей-офф» раундида ўйнади, аммо АЕК (Греция)ка кураш тақдим этган бўлсада, охир-оқибат борт ортида қолди - 0:1 ва 1:1.
ШИМОЛИЙ МАКЕДОНИЯ
«Вардар» 2017 йили Шимолий Македония номидан илк марта ЕЛ гуруҳ босқичига чиқди. Ўшанда мамлакат чемпиони ЧЛ саралашида кутилмаганда, Швециянинг «Мальмё»сини курашдан четга чиқариб юборди - 1:1 ва 3:1. Кейинги раундда эса «Копенгаген»ни ўз майдонида 1:0 ҳисобида енгиб, Данияда «куйиб» қолди - 1:4. Шу тариқа ЕЛ саралаши «плей-офф» раундига қўшилган «Вардар» гуруҳ йўлланмаси йўлида «Фенербахче»га дуч келди. Кўпчилик Туркия клуби ортиқча муаммосиз устун келишини тахмин қилган бўлсада, Шимолий Македония вакили номдор рақибини икки ўйин натижасига кўра, 4:1 ҳисобида маҳв этди. Гуруҳ босқичида эса «Зенит», «Реал Сосьедад» ва «Русенборг» каби кучли клубларга қарши ўйнаган «Вардар» лоақал 1та сенсация қайд этолмади. Боз устига, қаторасига 5та ўйинда мағлубиятни тан олди. Жумладан, «Реал Сосьедад» (уйда - 0:6 ва сафарда - 0:3) ва «Зенит» (уйда - 0:5)га йирик ҳисобда ютқазди. Македония чемпиони фақат ҳеч нарсага таъсири йўқ «Русенборг»га қарши сўнгги тур баҳсида очко олишни уддалади - 1:1. Ана шу ягона очко «Вардар»га салгина тасалли берди. Хуллас, Македония вакили ўша мавсум гуруҳда 5та мағлубият ва 1та дуранг қайд этди, умумий голлар нисбати - 2:20. Кейинги 7 мавсум давомида Шимолий Македониянинг бирор клубига УЕФАнинг қайсидир турнирида квалификацион чиғириқдан ўтиш насиб этмади. Ниҳоят, бу йил «Шкендия» КЛ умумий босқичига илинди. Балки шу клуб мамлакатга узоқ кутилган биринчи ғалабани тортиқ этар...
ГИБРАЛТАР
КЛнинг дастлабки мавсуми гуруҳ босқичида Гибралтарнинг «Линкольн» клуби ҳам қатнашди. Бу жамоа ўшанда курашни ЧЛ саралашида бошлаб, илк раундда «Фола» (Люксембург)га имконият қолдирмади - 2:2 ва 5:0. Бироқ кейинги довонда Руминиянинг ЧФР жамоасига кучи етмаган (умумий ҳисоб - 1:4) «Линкольн» ЕЛ саралашига тушди ва «Слован» (Братислава)га йўл бўшатди - 1:3 ва 1:1. Агар бу воқеа 1 йил аввал юз берганида, «Линкольн» еврокубоклардаги юришини тўхтатарди. Хуллас, КЛ ташкил этилгани ортидан Гибралтар чемпиони ўз иштирокини энг «жажжи» турнир саралаши «плей-офф» босқичида давом эттирди. Бунда «Линкольн»га «Рига» рақиб бўлди. Гарчи Латвия чемпиони яққол фаворит сифатида эътироф этилган бўлсада, амалда барчаси тескари тус олди. Яъни «Линкольн» сафардаги жанговар дуранг (1:1)дан сўнг ўз майдонида 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва гуруҳ босқичига йўл олди. Квартетда эса «Копенгаген», ПАОК ва яна ўша «Слован» билан ўйнаган Гибралтар вакили 6та ўйиннинг барчасида мағлубият аламини татиб кўрди (умумий голлар нисбати - 2:17). Кейинги уч мавсумда Гибралтарнинг бирор клуби еврокубоклар гуруҳ босқичига кўтарилмади. 2024 йили «Линкольн»нинг ўзи муваффақиятни такрорлашга яқин келди. Бироқ КЛ саралаши «плей-офф» раундида «Ларн» (Ш.Ирландия)га тўплар нисбати бўйича (2:1 ва 1:3) имкониятни бой берди. Мана, айни шу жамоа бу йил яна КЛ умумий гуруҳига қўшилди. Демак, унда тарих ёзиб, Гибралтарни «қора рўйхат»дан ўчириш имконияти бор.
Факт. Шу кунгача фақат Грузия ва Гибралтар жамоалари еврокубоклар гуруҳ босқичида очко олмаган.
ЛИХТЕНШТЕЙН
«Вадуц» клуби 2022 йили кетма-кет 8 ва умумий ҳисобда 48-марта мамлакат кубогини қўлга киритди ва КЛ йўлланмани қўлга киритди. Лихтенштейнликлар саралашнинг иккинчи босқичида «Копер» (Словения) тўсиғидан ўтишди - 1:0 ва 1:1. «Вадуц» навбатдаги рақиб - «Коньяспор» қаршилигини ҳам сафарда қайд этилган сенсацион натижа эвазига енгди - ўз майдонидаги 1:1дан кейин Туркияда 4:2! Камтарин жамоадан гуруҳ босқичига чиқиш йўлида «Рапид» (Вена)ни доғда қолдириш талаб этилди. Қарангки, Лихтенштейн вакили Европа футболини яна бир бора лол қолдирди. Ўз майдонида 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган «Вадуц» Австрия пойтахтида 6-дақиқада урилган тезкор гол тақдим этган 1:0 ҳисобини сақлаб қолди. Ўз ўрнида факт: «Вадуц» еврокубокларнинг асосий сеткасига 3та саралаш довони орқали ўтган биринчи жамоа бўлди. Қолаверса, Лихтенштейн тарихида илк марта гуруҳ босқичига чиқди. Квартетда эса АЗ, «Аполлон» ва «Днепр-1» билан ўйнаган «Вадуц» 4-ўринни банд этган бўлсада, ёмон таассурот қолдирмади. Дейлик, 1-турда Кипр чемпионини қабул қилиб, голсиз дурангга эришди. 3-турда эса Кошицада «Днепр-1»дан ҳам очко тортиб олди (2:2). Тўғри, «Вадуц» қолган ўйинларда мағлубият аламини татиб кўрди. Бу жамоа кейинги икки мавсумда яна КЛ саралашида қатнашди, аммо самарасиз...
Манба: sports.ru, С.РАҲМОНОВ тайёрлади