Search

Европани ларзага солган Лиссабонча тизим

Англия чемпионлари, Чемпионлар лигаси ғолиблари ва миллий термалар юлдузлари — уларнинг барчасини бир нарса бирлаштиради: Лиссабоннинг «Бенфика» клуби академияси. Бу мактаб футбол дунёсига жаҳон даражасидаги истеъдодларни етказиб бермоқда, ва бу шунчаки гап эмас — фактлар билан исботланган ҳолат.

Рубен ДИАШ, ҳимоячи

Ютуқлари: Португалия ва Англия чемпиони (4 марта), Англия Кубоги, Суперкубоги, Лига Кубоги, УЕФА Суперкубоги соҳиби, Чемпионлар лигаси ва Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби, икки карра Миллатлар лигаси чемпиони.

«Манчестер Сити» «Бенфика»нинг энг йирик мижозларидан бири десак муболаға бўлмайди — Гвардиоланинг АПЛдаги асосий таркибининг учдан бири айнан Лиссабон мактаби битирувчиларидан иборат. Лекин улар орасида Диаш алоҳида эътирофга лойиқ — у «Сити»нинг ҳимоясини мутлақо ўзгартирди. Стандарт вазиятларда ишончли, хавфли зоналарни яхши ёпади ва ЖЧ-2026да Португалия термасининг етакчиларидан бири бўлиши аниқ. Шу билан бирга, Диаш трансфери — «Бенфика» тарихидаги тўртинчи энг қимматидир.

Бернарду СИЛВА, ярим ҳимоячи

Ютуқлари: Португалия ва Англия (6 марта) чемпиони, ҳар икки мамлакат кубоклари соҳиби, тўрт карра Лига Кубоги ғолиби, УЕФА Суперкубоги ва Миллатлар лигаси ғолиби, Конфедерациялар Кубоги бронза медали соҳиби.

Бернарду — ўз йўлини «Бенфика»да эмас, балки «Монако»да бошлаган нодир истеъдодлардан. 19 ёшида у фақат 30 дақиқа асосий таркибда ўйнаган бўлса, кейин Францияда ёрқин юлдузга айланди. 2015 йилда лиссабонликлар уни 15 млн. еврога сотишган, аммо бир неча йил ўтиб «Манчестер Сити» 50 млн. евро тўлаб уни қайта «ўз мактабига» қайтарди. Ҳозир ҳам «Бенфика» мухлислари шу битимни эслаб, афсус билан қўл сиқишади.

Жоау НЕВЕШ, ярим ҳимоячи

Ютуқлари: Португалия ва Франция чемпиони, Франция Кубоги ва Суперкубоги соҳиби, Чемпионлар лигаси ва Миллатлар лигаси ғолиби.

Жоау Феликс ҳолатидан кейин «Бенфика» энди вундеркиндларни эҳтиёткорлик билан сота бошлади. Аммо Невеш вазиятида улар яна бир бор «тўғри ўқ»ни уришди. Парижда Луис Энрике унинг «энергия»сини ўз тизимида муҳим бўлакка айлантира олди. Фақат бир мавсум асосий таркибда ўйнаганига қарамасдан, Невеш «Бенфика» тарихидаги бешинчи энг қиммат трансферга айланди. Кечагина у шунчаки ғалати бир ёш йигит эди, бугун эса — «Олтин тўп» номзодлари ичида 19-ўринда.

Жоау КАНСЕЛУ, ҳимоячи

Ютуқлари: Португалия, Италия, Англия (3 марта) ва Германия чемпиони, Англия Кубоги, Италия Суперкубоги соҳиби, Миллатлар лигаси ғолиби.

Бу жамоада ҳамма ҳам катта пулга сотилмаган. Масалан, Канселу 2015 йилда «Валенсия»га бор-йўғи 15 млн. еврога кетган. Лекин ке­йинчалик у «Интер», «Ювентус», «Бавария», «Манчестер Сити» ва «Барселона» каби гигант клубларда ўйнаб, ҳақиқий элита ҳимоячига айланди. Бир пайтлар унинг бозор қиймати 70 млн. еврогача етган.

Жоау ФЕЛИКС, ҳужумчи

Ютуқлари: Португалия ва Испания чемпиони, Конференциялар лигаси ва Миллатлар лигаси (2 марта) ғолиби.

Феликс ҳақида турлича фикрлар бор. Лекин бир нарса аниқ: унинг трансфери футбол бозорини бутунлай ўзгартирди. 127 млн. евро — бу фақат рақам эмас, бу босим, бу юк ҳамдир. Унинг юлдузлик йўли «Атлетико»да очилмади, «Челси»да ҳам қайта порламади. Энди эса 25 ёшида Саудияда тўп сурмоқда — бу Европадаги юлдузлар учун одатдаги ҳол эмас. Аммо ҳали ҳам умид бор: эҳтимол, ЖЧ-2026 Феликс учун қайта туғилиш бўлар?

Манба: sovsport.ru, А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Related to this topic: