ЖЧ-2026 саралашида курашни кутилганидан эртароқ якунлаган Тожикистон миллий жамоаси энди ОК-2027 йўлланмасидан умидвор. Ён қўшниларимиз орада қарийб 1 йил мобайнида расмий ўйинларда иштирок этишмади, «ўртоқлик»лар натижалари эса аввалги қитъа чемпионатида чинакамига яйраган мухлисларни умуман қониқтирмади. Шундан буён жамоада бош мураббий ҳам ўзгарди - хорватиялик «Эйнштейн», яъни Петар Сегрт ўрнини унинг узоқ йиллик ёрдамчиси, грузиялик Гела Шекиладзе эгаллади. Fergana agenсy нашри ижодкорлари июнь ойидаги ФИФА кунлари арафасида Тожикистон миллий жамоаси бош мурабийини суҳбатга чорлаб, унинг режалари билан қизиқишди. Қуйида интервьюнинг нисбатан қисқартирилган варианти ҳукмингизга ҳавола этилмоқда.
- Жаноб Шекиладзе, айтингчи, Тожикистон термаси собиқ бош мураббийи Петар Сегрт билан қандай танишгансиз?
- Ўзаро дўстона алоқаларимиз қарийб 20 йиллик тарихга эга. Яхши эслайман, Сегрт 2006 йили Грузия U-21 термаси бошқарувини қўлга олганди. Мен эса ўша пайт футболчилик фаолиятимни якунлаётгандим. Хуллас, иккимиз тасодифан учрашиб қолдик ва бироз суҳбатлашдик. Қарангки, футболга нисбатан қарашларимиз мос келди ва тезда ўзаро тил топишдик. Шу тариқа Грузия ёшлар термасида бирга иш бошладик.
- Доимий ҳамкорингиз ҳозир нималар билан банд?
- Петар аслида футболсиз яшолмайди. Аммо Тожикистон термаси учун омадли кечган Осиё кубогидан кейин бироз ҳордиқ чиқаришга қарор қилди. Ишончим комил, Петарнинг танаффуси узоқ давом этмайди ва яқин кунларда ишга қайтади, албатта.
- Европа, хусусан, Бельгияда тажриба орттирган мураббийсиз, фаолиятингиз давомида эса Афғонистон ва Мальдив ороллари каби экзотик мамлакатларда ишлагансиз...
- Сегрт билан танишгунга қадар Осиёда умуман бўлмаган эдим. Лекин футбол ҳамма жойда бир хил. Мухлислар Европада ҳам, бошқа қитъаларда ҳам ўйиндан чинакамига завқ олишни хоҳлашади. Дейлик, шу кунга қадар қайси мамлакатда ишлаган бўлсам, у ерда одамни илҳомлантирувчи футбол фидоийлари ва мухлисларни кўрганман. Шундай экан, Европадан Грузияга қайтиш, у ердан Осиё томон йўл олишда муаммо йўқ.
- Афғонистонга боришдан чўчимаганмидингиз?
- Афғонистон миллий жамоаси одатда уй ўйинларини бошқа мамлакатларда ўтказади. Аксарият футболчилари эса Европада ўйнашади. Афғонистонга тез-тез бориб-қайтган Сегртнинг айтишича, у ерда одамлар турли муаммоларга қарамай, футболни жуда яхши кўришади. Биз эса жамоа билан Жанубий Осиё чемпионати финалига чиқиш асносида уларнинг қалбларига қувонч олиб киргандик.
- Айтингчи, Тожикистон миллий жамоасида ЖЧ-2026 саралаши учинчи босқичига чиқиш имконияти қандай эди?
- Назаримда, асосий босқичга кўтарилиш имкониятимиз етарли эди. Аммо тушуниш керакки, атиги 2 йил ичида узоқ йўлни босиб ўтдик. Қайта шакллантирилаётган жамоа билан қисқа муддатда катта натижаларга эришиш эса қийин масала, айниқса, пойдевор мустаҳкам бўлмаса.
- 2024 йилнинг март ойида Саудия Арабистони термасига қарши ўйнаган Тожикистон жамоаси бу йил мартда Шарқий Тимор термасига қарши майдонга тушди. Шу икки ўйин оралиғида таркиб деярли ўзгармаган бўлса-да, мухлислар бошқа-бошқа жамоани кўришди, гўё...
- Жамоамиз ўтган йили Осиё кубогига жиддий тайёргарлик кўрган ва турнир стартига қадар 5та ўйинни юқори савияда ўтказиб, ажойиб спорт формага кириб олганди. Орадан 1,5 ой ўтгач, Саудия термасига қарши ўйнадик, бу вақтда том маънода иштиёққа тўла эдик. Шарқий тиморликлар билан ўйинга ҳам одатдагидек тайёргарлик кўрдик, лекин март ойи Марказий Осиё жамоалари учун ноқулай давр ҳисобланади. Чунки янги мавсум айнан шу оралиқда бошланади. Қолаверса, танаффус туфайли кўплаб легионерларимиз жамоага амалиётсиз келишганди. Шарқий Тимор термасига қарши ўйиндан олдин «ўртоқлик»да беларусликларга ютқазганимиз ҳам футболчиларга руҳан таъсир қилгандир балки...
- Демак, бу даврда етарлича салоҳиятга эга бўлсада, кучсиз рақибларга қарши баҳсларда ҳам эҳтиёткорликни биринчи ўринга қўядиган Ўзбекистон термасидан ўрнак олиш керак экан-да...
- Худди шундай. Расмий ўйинларда энг асосийси - натижа. Қолгани иккинчи даражали масала. Ўз ўрнида футболчиларга Беларусь термасидан учралган йирик ҳисобли мағлубиятга қарамай, расмий учрашувда муваффақиятга эришишгани учун раҳмат айтаман.
- Ҳозирча Тожикистон термаси ҳужум чизиғи чакки кўринмаяпти. Масалан, Ханонов тўпурарлик қобилиятини намойиш этяпти...
- Аксинча, ҳужумчиларимизда ўйин амалиёти кам. Самиев яқинда клубини алмаштирди, умид қиламанки, бу унга фойда келтиради. Шунингдек, «Истиқлол» захирасида қолиб кетаётган Соиров ҳам кўпроқ ўйнаши керак.
- Сиз учун маҳаллий футболчиларни жалб этиш устувор вазифами ёки хорижда тўп сураётган легионерларни?
- Барча номзодларга бир хил қарайман. Лекин менга Тожикистон клубларида негадир маҳаллий йигитларга нисбатан легионерларга кўпроқ устунлик берилиши ёқмаяпти. Бундай вазиятда тожикистонликлар хориждан келган ижрочиларга рақобат кўрсатиб, улардан устун эканликларини исботлашлари керак.
- Терма жамоага футболчи танлашда сизга қандайдир босим ўтказилаётгани ҳақида гап-сўзлар бор...
- Баралла айтаман, ҳеч ким мени қайсидир футболчини олишга мажбурлолмайди. Худди Петар Сегрт каби жамоага кимларни чақириш масаласини фақат мураббийлар штаби ҳал қилиши бўйича келишиб олганман. Чунки натижага ўзим жавобгарман. Табиийки, на ўзимга ва на мухлислар ёки терма жамоага душманман. Ҳа, таркиб борасида ҳар доим саволлар чиқади, лекин энг яхши жавоб - натижа. Йўқ, барча ўйинларда ғалаба қозонишга кафолат беролмайман, лекин қўл остимдаги йигитларга тўлиқ ишонаман.
- Ҳозирда бошқа мамлакатлар фуқаролигига эга асли тожикистонлик футболчилар номзоди ҳам кўриб чиқиляптими? Масалан, Мухин, Жебов, Ҳабибов...
- Мухинни жамоада кўришни жуда хоҳлардим, албатта. Зеро, бизга ўнг қанот ҳимоячилари етишмаяпти. Аммо айрим сабаблар туфайли бу амалга ошмай турибди. Аслида хориждаги тожикистонликларга имконият беришга тайёрмиз, лекин бу жараёнда ҳаммаси ўз қўлимизда эмас. Тўғрироғи, Россия фуқаролигига эга асли тожикистонлик йигитлар бизнинг жамоада ўйнашни исташмаяпти.
- Сўнгги ва энг муҳим савол:Тожикистон термаси ОК-2027га чиқа оладими?
- Ҳа, мураббийлар, футболчилар, федерация вакиллари ва албатта, мухлисларнинг орзуси шу. Гуруҳда яна ўйинлар бор ва уларда максимал миқдорда очко олишимиз керак.
Александр ТРОИЦКИЙ суҳбатлашди