Суперлига мавсуми ўз манзилига яқинлашган сари ўйинлар сценарийлари рангинлашиб бормоқда. Масалан, «Шўртан» - ОКМК учрашуви натижасини аввалдан тахмин қилиш қийин эди. Кимдир Олмалиқ клуби «Насаф»га қарши мардонавор курашганини назарда тутиб, Миржалол Қосимов шогирдлари Ғузорда ишончли тарзда ғалаба қозонишларини кутгани рост, бошқа биров «Шўртан» 3 очко йўлида жонини тикишига шубҳа қилмади ва ўз ишончини ОКМК ўйинида кузатиладиган бўшашиш, мезбонлардаги иштиёқ билан изоҳлади. Охир-оқибат, иккинчи тахмин ўзини оқлади, кўпчилик 4:3 ҳисобини асло кутмаганди. Айнан шу кутилмаган натижа ортидан ижтимоий тармоқларда яна миш-мишлар болалади. Улар қай даражада асосли ёки асоссиз - бу майдонда тер тўкканлар ва ўйинга масъулларнинг виждонига ҳавола.
Бу ўринда масаланинг бошқа жиҳатига эътибор қаратмоқчимиз. Мавсум якунланмоқда, табиийки, бу вақтда ўз иқтидорини намойиш этиш истаги кучли ёш футболчи ҳар бир учрашувга зўр имконият сифатида қарайди ва унда максимал даражада ҳаракатланишга интилади. Қолаверса, мураббийлар ва футболчилар ҳам мустаҳкам ҳимояга асосланган ўйин услубидан зерикишади, лоақал мавсум якунида яйраб-яшнаб тўп суриш, манфаатсиз бўлсада, ғалаба учун астойдил ўйнашни хоҳлашади. Кузги қуёшнинг илиқ ва ёқимли нурлари остида ўйнаш нақадар завқли ва футболчилар ҳам, мураббийлар ҳам биехтиёр шу мароқ измига бўйсунишади. Ҳисоб 4:3 бўлса, нима? Суперлигада ҳам голларга бой, бир томоннинг яққол устунлигида кечмайдиган, якунида «интрига» олови ловуллайдиган ўйинлар бўлгани ва кўпайгани маъқул. Бунинг нимаси ёмон? Ҳисоб Суперлига табиатига мос келмагани ҳамоно ўйинни «тотал»га боғлайвериш тўғри эмас, назаримизда. Ҳар қайси ўзгача ҳисобга қора кўзойнак билан қарайвериш футбол завқини ўлдиради. Пўлатхўжа Холдорхонов ниманинг эвазига «Шўртан» - ОКМК ўйинининг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилгани барчага тушунарли бўлса керак. Пўлатхўжа ёш ва табиийки, кучли клублар сафида тўп суриш - унинг орзуси! У ўз орзуси рўёби йўлида «Шўртан» сафида борки имкониятини ишга солмоқда. Демоқчимизки, майдонда ҳар бир футболчи ўйинга ўзича ёндашади ва бу борада ёш иқтидорлар қарашлари тажрибали акаларининг чарчоқ, дам олиш истагига қоришган хоҳишларидан фарқланади.
«Машъал» - «Қўқон-1912» ўйинини шарҳлаган Элдор Мустафоев бежиз Клейди Дацида кўзга ташланган эринчоқликни бир неча марта тилга олмади. Ҳақиқатан ҳам, ташқаридан қараганда, у учун узоқ йўл босиб, Ғузорга бориш ва астойдил тўп суриш малол келгандек туюлди. Бутун вужудлари куч-қувват ва ғайрат-шижоатга тўла ёш футболчилар эса илҳом-у иштиёқ билан жавлон уришмоқда. Ана, 26-турда 2та гол урган «Сурхон»нинг ёш ҳимоячиси Беҳруз Каримов бу сафар «Нефтчи» дарвозасини нишонга олди. Беҳруз Облақулов ва Хислат Халилов эса «Сўғдиёна» учун «Хоразм» дарвозасини ишғол қилишди. «Бухоро» Андижонда Александр Хомяков қадр-қиммати учун ҳам зўр иштиёқ билан майдонга тушди. «Навбаҳор» худди шундай зўр кайфият кучи билан «Насаф»ни 2 очкодан мосуво қилди ва бу «Нефтчи» мухлисларига олам-олам қувонч улашди. Йўқ, футболимиз, жумладан, Суперлигада мавжуд муаммоларни ҳеч ким инкор этмайди. Энг асосийси, футбол иштиёқи кўпчилик таъкидлайдиган ўша муаммолардан тобора устун келмоқда ва бу эътирофга лойиқ қувонарли жараёндир.
Мухлислар футболимиздаги ҳар бир ҳолат - муаммолар ва умид уйғотадиган ижобий жиҳатларни кузатиб боришмоқда. Мисол учун, куюнчак мухлисимиз Ортиқали Маҳмаюсупов Ўзбекистон кубоги финалидан сўнг таҳририятимизга яна мулоҳаза ёзиб юборди: «Финал учрашувларида баҳсли ҳолатлар юз бериши олдиндан барчага маълум. Футболимиз мутасаддилари буни жуда яхши тушунишади. Бироқ ўйлантирадиган жиҳати шуки, улар муаммо юз беришини била туриб, бунга оқилона ечим излашмайди. Ўзбекистон кубоги финалини бошқариш учун қўшни мамлакатлардан ҳакамлар бригадасини таклиф этиш у қадар мураккаб иш эмас-ку! Андижондаги финални бетараф ҳакам бошқарганида, шунча гап-сўз бўлмасди. Бунга ишончимиз комил. Ўз ҳакамларимиз қайсидир сабаблар билан финал босимини енгиб ўтишда қийналишади. Оқибатда шу босим таъсирида хатога йўл қўйишади, барибир. Фақат Наим Қосимовни айблайвериш масалага бир томонлама ёндашиш ва уни юзаки баҳолашдан бошқа нарса эмас!»
Кубок финалида «Пахтакор»га ҳар жиҳатдан муносиб қаршилик кўрсатган «Бухоро» «Бобур Арена»да ҳақли равишда мухлислар томонидан олқишланди. Учрашувдан сўнг трибуналардан янграган «Бухоро! Бухоро! Бухоро!» садоси ва мухлисларнинг ҳайқириқларини эшитган «Пахтакор» футболчилари кўнглидан нималар кечгани фақат уларнинг ўзларига аён. Бундай вазиятда ютиб олинган соврин ҳам футболчига татимайди. Шунингдек, ўйиндаги қизғинлик асносида кузатилган даҳанаки тортишувлар учун ҳар икки жамоа футболчиларини айблаш ноўрин. Томирларда қон кўпириб тошган паллада ҳар қайси кишида қизиққонлик жўш уради. Аммо стадионда мухлисларнинг катта гуруҳи ғолиб жамоани эмас, балки мағлубларни олқишлаб турса ва буни адолат тантанаси сифатида баҳоласа, жуда ғалати-да. Андижон финалидаги муаммолар туфайли «Пахтакор»нинг «Халқ жамоаси» мақомига яна соя тушгандек. Энг афсусланарли томони, бундай нохуш воқеликда «шерлар»нинг деярли айблари йўқ. Ўйлаймизки, футболимиз мутасаддилари бу каби нохушликка ўткинчи воқелик сифатида қарашмайди ва муаммолар чуқур илдиз отиб кетмаслиги учун зарур чора-тадбирлар белгилашади.
Таъкидлаш жоиз, «Насаф» ва «Нефтчи» иштирокидаги Суперлиганинг ҳар бир ўйини муросасизлик бобида Ўзбекистон кубоги финалига тенглашмоқда. Ана, «Навбаҳор» - «Насаф» ва «Нефтчи» - «Сурхон» учрашувлари ҳақида олдиндан билдирилган тахминлар ўзини оқлади, яъни «лочинлар» «аждарлар»дан очко тортиб олишни уддалашди, Фарғона клуби эса кичик ҳисобда бўлсада, термизликларни енгди. Хўш, қандай фикрдасиз, «Бухоро» 28-турда «Нефтчи»га осонгина таслим бўладими? Йўқ, албатта. «Бухоро»га ҳозир очко жуда зарур ва жамоа астойдил интилса, «Нефтчи»нинг оёғидан чалиб қолишга кучи етади. Ўз-ўзидан аёнки, Виталий Левченко касбдоши Александр Хомяковдаги ўз кучини исботлаш туйғусини енгиш йўлини қидиради. 3 очко олиш имкони бу сафар «Насаф» чекига тушар балки. Ҳар ҳолда, «Машъал»ни енгиш қаршиликлар учун у қадар қийинчилик туғдирмаса керак. Яна шу каби тахминлар олдинга сурилади ва навбатдаги турни интизорлик билан кутамиз.
Ҳа, азизлар, Суперлига уфқида финалга тенг ўйинлар ёқажак гулханлар ловулламоқда! Мухлислар эса шу олов тафти билан Ислом Исмоилов бошқарувидаги U-17 терма жамоамизни олқишлашга шайланишмоқда. Умидвормизки, футбол осмонида порлаш иштиёқида кичик мундиалга йўл олган ёш юлдузлар орасида Ислом Исмоиловнинг истеъдодли шогирдлари ҳам муносиб ўрин эгаллашади!
Муҳаммад ВАЛИ