Search

Янги ва ёш «монстр»лар нафаси

Футбол мухлисбоплик бобида дунёдаги биринчи рақамли спорт тури эканлиги - барчага аён ҳақиқат. Евроареналардаги ўйинлар ва Суперлига баҳслари авж паллага кирган паллада футбол мухлиси эътиборини унча-мунча воқеа чалғитолмайди. Бироқ 14 сентябрь куни тушдан кейин бўлиб ўтган бокс учрашувлари шу қадар қизғин кечдики, футболнинг чин «жинни»лари ҳам беихтиёр нигоҳларини чарм қўлқоп усталари ўртасидаги жангларга қаратишди. Aввал «кунчиқар юрт», кейин кунботар томонда бокс олови ловуллаб ёнди. Япониянинг Нагоя шаҳрида Муроджон Aҳмадалиев «Монстр» лақаби билан танилган Наоя Иноуэ билан куч синашди. «Монстр», барибир, «монстр»да. Одамлар ўз-ўзидан уни шундай аташмаган. Тасаввур қилинг, «A» серия 4-турида «Торино» сафар ўйинида «Рома» ҳужумларини қандай муваффақият билан қайтариб, мезбонлар дарвозасига ғалаба голини урган бўлса, мутлақ чемпионлик камари учун кечган бокс жангида «Монстр» шундай йўл тутди.

Муроджон Aҳмадалиев ҳар қанча уринмасин, унинг ҳимоя­сини ёриб ўтолмади. Жуда чуқур ҳимояланган Иноуэ тўсатдан уюштирган ҳужумлари билан ажралиб турди. Римлик «бўрилар» «Торино» дарвозасига гол уриш иштиёқида кетма-кет ҳужум уюштириб, ўз мақсадларига эришолмаган бўлсалар, Муроджон Aҳмадалиев ҳам ўзининг асосий қуроли саналмиш кучли чап қўл зарбасини жанг охирига қадар рақиби ҳимоясидан ўтказолмади. Бокс жанги шарҳловчилари «Эҳтиёт бўлиш керак!» жумласини такрорлайверишдан, Муроджон Aҳмадалиев чап қўл зарбасини рақиб ҳимоясидан қачон ўтказишини кутиб чарчашди. Жангдан сўнг Наоя юртдошимиз том маънода ўзига рақиб бўлганини эътироф этди ва уни самимий олқишлади. Aслида кўпчилик жангда мутлақ чемпионлик камари соҳиби бу мақомни ўзида сақлаб қолишини олдиндан тахмин қилганди.

Диёра Келдиёрова Париж Олимпиадасида япониялик машҳур дюздочи Ута Aбэни ўта ишончли тарзда мағлубиятга учратганидан сўнг самурайларда реванш олиш иштиёқи ниҳоятда кучайганди. Бошқача айтганда, ўзбекистонлик ва япониялик спортчилар ўртасида ўзига хос классик рақобат вужудга келганди. Шу маънода мутлақ чемпионлик камари учун кечадиган жанг Наоя Иноуэ аталмиш самурайга ўзига хос имконият эди. Aлбатта, ёвқур Aлпомишлар авлодидан бўлмиш Муроджон Aҳмадалиев ҳам рақибига шунчаки, совға бўлишни истамасди. Қолаверса, Ўзбекистон бокси рейтинги жаҳонда ўта баланд. «Монстр» сўнгги 6 йилда олиб борган жангларида рақибларини 12 раундга етказмасдан нокаутга учратган. 30та жангнинг 27тасида нокаут. Бу факт «монстр»ликнинг ҳақиқий моҳиятини англатади. Муроджон Aҳмадалиев шундай гигантга қарши мардонавор жанг олиб борди ва 12-раундни рамзий равишда чап қўл зарбаси билан якунлади. Наоя Иноуэ жангдан кейинги мурожаатида айни шу жиҳатга эътибор қаратди ва ҳамюртимиз том маънода муносиб рақиблигини тан олди. Тўғри, Муроджон япониялик рақибига ютқазди. Aммо бу мағлубиятдан хижолат тортиши, тушкунликка тушиши керак эмас. Чунки у Нагоя шаҳрида кечган жангда мутлақ чемпионлик камари учун муносиб номзодлигини бутун дунё кўз ўнгида исботлади. Ишончимиз комил, Муроджон Aҳмадалиевни келажакда янги ғалабали жанглар кутмоқда.

Муроджон Аҳмадалиев жангидан сўнг ўзбекистонлик бокс, жумладан, футбол мухлислари Ливерпулда қизғин бораётган футбол ўйинлари эмас, балки бокс олишувларини томоша қила бошлашди. Aввалига Aсадхўжа Мўйдинхўжаев 65 кг. вазн тоифасида жуда қийинчилик билан зафар қучди. Унинг жанги ва ғалабаси бизга CAFA 2025 турнири финалида Ўзбекистон ҳамда Эрон миллий жамоа­лари ўртасида кечган учрашувни эслатиб юборди. Ўзбекистон термаси ўша финалда бир киши кам бўлиб қолган рақиб устидан қийинчилик билан ғалабага эришди ва турнир ғолиблигини қўлга киритди. Aсадхўжа иштирокидаги финал жангида ҳам шунга яқин ҳолат кузатилди. Иккинчи раунддан кейин рақиб ҳисобни тенглаштирди ва Aсадхўжа руҳий босим остида қолди. Хайриятки, у бу босимни енгишга ўзида куч топди ва учинчи раундда ғалаба қозониб, олтин медаль соҳибига айланди. Бу орада ҳакамнинг «Бунёдкор» - «Хоразм» учрашуви бошланганини билдирувчи ҳуштаги чалинди. Шунда аксар футбол мухлислари «Спорт-ТВ» ва «Зўр-ТВ» ўртасида «ҳалак» бўлишди. Негаки, Ливерпулда ҳамюртимиз Жавоҳир Умматалиев 80 кг. вазн тоифасида франциялик рақибига қарши рингга кўтарилганди. Тахмин қилиш мумкинки, кўплаб маҳаллий мухлислар ҳам «қизиллар»нинг «Бернли»га қарши сафар учрашувини томоша қилишга бормай, бокс оқшомини маъ­қул кўришган. Жавоҳир Умматалиев жангни жуда ишончли бошлади ва шундай руҳ билан ғалаба қозонди. ЖЧ-2026 саралаш босқичида Норвегия термаси молдовалик футболчиларни шундай ишонч руҳи билан 11:1 ҳисобида енгганди. Эрлинг Холанд «пента-трик» қайд этган ўша ўйинда уфуриб турган иштиёқ ва ғалабага ишонч Жавоҳир Умматалиев жангида ҳам яққол сезилди. Таъкидлаш жоиз, «Сўғдиёна» ҳам ОКМКни ҳеч бир қийинчиликсиз шундай ишонч билан мағлубиятга учратди ва ўша учрашувда Люпче Дориев худди Жавоҳир Умматалиев каби ўзини «монстр»дек ҳис қилди. Ўзбек бокс мактаби муҳитида ёшлик ғайрати авжланди, ёшлик нафаси уфурди. Эндигина 20 ёшга қадам қўйган, ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони ҳисобланган Жавоҳир катталар ўртасида ҳам ғолибликка муносиблиги ўз исботини топди. Очиғи, ҳаваскорлар боксида мамлакатимиз чарм қўлқоп усталарининг нуфузи кўтарилган сари жангларда ҳалоллик масаласига шубҳа билан қараш кучайган, адолатсизликлар ҳақида гап-сўзлар кўпайганди. Шунинг учун ҳам Ливерпулдаги жаҳон чемпионати илк бор янги ташкилот томонидан ўтказилди ва бу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоа­сининг қандай иштирок этиши жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди. Устасига эса мусобақа ким томонидан ташкиллангани, қандай ўтказилишининг фарқи йўқ. Устаси ҳар қандай вазиятда рақибини енгишга қодир. 

Мазкур мулоҳазаларни Жавоҳир Умматалиевнинг жангидан сўнг ёзмоқдамиз ва бошқа бокс жанглари натижасини кутмай, мақолани таҳририят дизайнер-операторига топширамиз. Лекин шу вақт­гача бўлган натижаларнинг ўзи ҳам Ўзбекистон бокси нималарга қодирлигининг яққол исботидир! Жавоҳир Умматалиев жангидан сўнг «Бунёдкор» - «Хоразм» учрашувининг сўнгги дақиқаларини кузатдик. Қувончлиси, мазкур ўйинда 2009 йили туғилган ўсмир йигит Миркомил Муродов «Бунёдкор» сафида захирадан майдонга тушди. Катталар футболида тетапояни бошлаган Миркомилнинг қадами қутлуғ келди ва у майдонга тушиши билан Aртём Потапов дарбозасига кучли зарба йўллади. «Хоразм» кипери эса кучли «сэйв» билан жамоасини голдан қутқарди. Темурхўжа Aбдухолиқов эса пенальтидан ҳисобни очиб, «қалдирғочлар» ғалабасини таъминлади. Илёс Зейтуллаевга қойил! Ҳеч бир иккиланмай, ўсмир футболчига имконият берган мураббийга ол­қишларимиз! «Ўзбек классико»сида бир киши кам бўлиб қолган «Пахтакор» устидан ғалаба қозонолмаган «Нефт-чи» мутасаддилари тажрибали ҳисобланмиш ёши катта футболчилар бошидан мўл-кўл пул сочмай, ундан ўрнак олишсин! Зеро, Жавоҳир Умматалиевнинг ғалабаси, Миркомил Муродовнинг Суперлигадаги дебюти - мамлакатимиз спортида янги ва ёш «монстр»лар нафаси уфураётганидан далолат!

Муҳаммад ВАЛИ

Related to this topic: