Яқинда Чили мамлактида ўтказилган U-20 жаҳон чемпионатида марокашлик ёшлар ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатишганидан хабарингиз бор. «Советский спорт» нашри ижодкорлари мазкур турнирда порлаган иқтидорлар топ-5ни танлаб олди. Ва ундан бир вақтнинг ўзида икки жаҳон чемпиони ўрин олди.
Отман Маамма, Марокаш («Уотфорд»)
Қанот ярим ҳимоячиси, 20 ёшда
Бу фамилияни урғуларни тўғри қўйиб талаффуз қилиш осон эмас. Лекин на илож - ўргатишга тўғри келади, дўстлар! Олдимизда расман ЖЧнинг энг яхши футболчиси турибди, шундай экан биз у ҳақида охирги марта эшитаётганимиз йўқ.
Маамма турнирнинг MVP совринига ва оммавий ахборот воситаларида мунтазам мақтовга сазовор бўлди. Ҳеч ким Отмандан кўпроқ голли узатма бера олмади - 4та, улардан бири эса марокашликлар учун кутилмаган ғалабани келтирган финалдаги ассист бўлди. Тажрибалироқ ҳисобланган аргентиналиклар уни тўхтатиш чорасини топа олишмади - Маамманинг ақл бовар қилмас ва чиройли узатмаларини рақиб ҳимоячилари шунчаки томоша қилишди.
Бундан ташқари, йигитча тезроқ Европага кетиш ҳақида ўйлаши шарт эмас - у аллақачон шу ерда. Қолаверса, болалигидан «Монпелье» академиясида таҳсил олган, ёзда эса «Уотфорд»га кўчиб ўтди. Тўғри, ҳозир асосан оммавий тадбирларда иштирок этмоқда - клубидагилар эса ёшлар дастуридан кўра кўпроқ АПЛга чиқиш ҳақида қайғуришмоқда. Шунга қарамай, юлдузли ижро унга катта мақсадлар сари йўл очишга ёрдам бериши керак.
Ёсир Забири, Марокаш («Фамаликан»)
Марказий ҳужумчи, 20 ёшда
Маамманинг заргарона узатмаларини асосан шу йигит кутиб олди. У ҳам Португалияда ўйнаётгани учун Европага кетиш ҳақида ўйламаслиги мумкин. Забири - янги тўлқиннинг классик ҳужумчиси - кўзга кўринарли жуссага эга эмас, аммо ҳам ўйинда, ҳам ҳужум якунида жуда чиройли ва самарали. Бир сўз билан айтганда - африкалик Жонатан Дэвид!
Турнирда у 5та гол урди (шундан иккитасини финалда) ва уч нафар бошқа шунчадан урганлар билан тўпурарлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади. Унинг янада ёрқинроқ порлашига Мааммадан ҳам кўпроқ ишонишади - қандай бўлмасин, у мураббийлар штаби ишончига эга бўлмаса-да (бу мавсумда атиги 50 дақиқа), аниқ амбицияларсиз Португалия қора оти учун курашади.
Бундан ташқари, Забири маҳаллий олий лига - Марокаш Ботоланинг таъмини билади. Унинг хориж жамоаларида тўп сураётган ватандошлари учун бу жуда кам учрайдиган ҳолат.
Хулио Солер, Аргентина («Борнмут»)
Чап қанот ҳимоячиси, 20 ёшда
Кичик мундиалга келган, лекин аллақачон ҳеч бўлмаганда тор доираларда машҳур бўлган кам сонли ёшлардан бири. Хулионинг ортида 2024 йилда Аргентинанинг «Ланус» клубида кучли мавсум, истиқболли «Борнмут»га кўчиб ўтиш ва АПЛдаги дебют турибди. Сўнгги бир йил ичида унинг «Transfermarkt»даги нархи 32 баравар (!)га ошди - 0,25 млн. евродан 8 миллионга. Бунинг устига у ўз терма жамоасининг сардори. Бундай футболчидан топ-перформанс кутиш мантиқан тўғри. Ва у панд бермади.
Индивидуал жиҳатдан Хулио ажойиб натижа кўрсатди: 13та тўпни олиб қўйиш, 7та хавфли узатма йўлини тўсиш ва битта голли вазият. Мағлубиятга учраган финалда эса у аргентиналик мухлисларда ёмон таассурот қолдирмаган кам сонли ўйинчилардан бирига айланди. Sofascore унинг ҳал қилувчи баҳсдаги ўйинини 7,1 баллга баҳолади - бу жамоадаги 4-кўрсаткич. Бир савол қолди - у Англияда қачон тўлақонли имкониятга эга бўлади? Умуман, оладими?
Мильтон Дельгадо, Аргентина
(«Бока Хуниорс»)
Таянч ярим ҳимоячи, 20 ёшда
Жанубий америкаликларнинг энг ёрқин вакили Дельгадо бўлди. Ўзининг қадрдон «Бока Хуниорс»ида тўлиқ ўйнаётган мукаммал бузувчи таянч ярим ҳимоячиси. 11та хавфли узатма йўлини тўсиш - ЖЧдаги 4-кўрсаткич, 23та тўпни олиб қўйишда эса иккинчи. Шу билан бирга, у тўп билан ҳаракатланиш жараёнида 11 марта дриблингдан муваффақиятли фойдаланди, 3та голли вазият яратди ва 2та голли узатмани амалга оширди.
Дельгадонинг бўйи анча паст (166 см), лекин питбулга ўхшаб, ҳакам ҳуштаги эшитилмагунча қурбонини қўйиб юбормайди. Балки олдимизда Аргентина терма жамоасининг босимдан хатосиз чиқиб кетадиган бўлажак асосий ассистенти тургандир!
Бенжамин Кремаски, АҚШ («Парма»)
Марказий ярим ҳимоячи, 20 ёшда
Бенжамин (ёки у ўзини Бенха деб атайди) ўзига хос ўйинчи. Биринчидан, у турнирдаги бош тўпурарлар тўртлигида, қолаверса, уларнинг орасидаги ягона ярим ҳимоячи бўлди. Иккинчидан, бейсбол ва Америка футболи ҳукмрон бўлган дунёда бу йигит бахтли бўлишни танлади.
Ва буи ш бермоқда! Дастлаб, Кремаски «Интер Майами»нинг асосий таркибига ёриб кира олди, у ерда Лионель Месси ва Серхио Бускетсдан сабоқ олди. Энди эса Европани забт этиш ниятида ижара асосида «Парма»га келди. Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати унинг учун захира ўриндиғидан туриш ва пармаликлар мураббийлар штабига «А» Сериядаги дақиқаларга муносиб эканлигини кўрсатиш имконияти бўлди.
Манба: sovsport.ru, МУҲАММАДХОН тайёрлади