Search

Каннаваро ЎФАдан йилига 4 млн. евро маош олади ва...

Россиянинг «Спорт-Экспресс» нашри манбасига кўра, Фабио Каннаваро ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси ўртасидаги келишувга кўра, 52 ёшли италиялик мутахассиснинг маоши мураббийлар штаби харажатлари билан бирга йилига тахминан 4 миллион еврони ташкил этади.
Қайд этилишича, катта маошга қарамай Каннаваро Италия ва Европа мамлакатларидан таклиф кутгани учун Марказий Осиёдаги ишга дарҳол рози бўлмаган. ЖЧ-2006 чемпионига қизиқиш билдирган жамоалар орасида Қозоғистон миллий жамоаси ҳам бор эди.
«Шунга қарамай, Каннаваро Ўзбекистон футбол федерацияси шартларини қабул қилиб, бир йиллик шартнома имзолади. Агар Ўзбекистон ЖЧ-2026да муваффақиятли иштирок этса, Фабио Европага қайтиш ёки Ўзбекистон билан шартномани узайтиришни кўриб чиқмоқчи.

Италияда тахмин қилишларича, Каннаваро штабига унинг 44 ёшли укаси Паоло ҳам қўшилиши мумкин. У 2024 йил ноябрида «Про Верчелли» (С Серия) клубида мураббийлик лавозимидан истеъфо берган эди», - дейилади хабарда.

Sports.ru сайтининг қайд этишича, шу тариқа, Каннаваро йиллик 4 миллион евро маош билан жаҳоннинг энг кўп маош олувчи миллий терма жамоа бош мураббийлари орасида Карло Анчелотти (Бразилия), Томас Тухел (Англия) ва Юлиан Нагелсманндан (Германия) кейинги 4-ўринда бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Карло Анчелотти Бразилия миллий жамоаси бош мураббийи сифатида йилига 9,5 миллион евро маош олади. Англия миллий жамоаси бош мураббийи Томас Тухел 5,9 млн, Юлиан Нагелсманн эса Германия миллий жамоаси устози сифатида 4,9 млн евро маош олади. Шунингдек, Португалия устози Роберто Мартинес 4 млн, Франция миллий жамоасини 2018 йилда жаҳон чемпионига айлантирган Дидие Дешамга эса йиллик 3,8 миллион евро маош тўланади.

Related to this topic: