Search

Кристиан Пулишич: «АҚШ футболи учун тимсол бўлишим керак»

«А» сериянинг энг кўзга кўринган ҳужумкор ярим ҳимоячиларидан бири - Кристиан Пулишич майдондаги фаоллиги эвазига рақиблари тинкасини қуритиш ҳадисини ўзлаштирган салоҳиятли вингер ҳисобланади. Роппа-роса 2 йил олдин «Милан» сафига қўшилган америкалик футболчи дебют мавсумидаёқ 50та ўйинда майдонга тушиб, 15та гол ва 11та ассист қайд этганди. Шу статистиканинг ўзи Кристианнинг нималарга қодирлигини кўрсатиб турибди. Вақтида мағрур Златан Ибрагимовичга тегишли бўлган 11-рақам остида тўп сураётган Пулишич яқинда Youtube тармоғидаги Lega Serie A каналига каттагина интервью берди, турли саволларга баҳоли қудрат жавоб қайтарди.

- Ривожланган мамлакатлар рейтингида юқори ўринларни эгаллаб турган АҚШ фуқароси сифатида айтингчи, Италияда ҳаёт ва турмуш тарзи қандай?

- Шахсан менга Италиядаги ҳаёт тарзи жуда ёқади, бунда ҳеч қандай муболаға йўқ. Итальянлар самимий, қувноқ, қолаверса, ҳаётдан қандай завқ олишни биладиган ажойиб инсонлардир. Асосийси, бу ерда футболга қизиқиш ҳайратланарли даражада юқори. Айниқса, Миландаги футбол муҳитини таърифлашга тил ожиз.

- Хўш, маҳаллий мухлислар билан муносабатингиз яхшими?

- Биласиз, Миланда жамоа­мизнинг ашаддий рақиби бор - «Интер». Бирор юмуш билан кўчага чиқсам, менга ишонч ва меҳр билан қарайдиган «Милан» мухлислари ёки қошлари чимирилган «Интер» тарафдорларига дуч келаман. Очиғи, бир вақтда ҳам муҳаббат, ҳам нафрат яширинган нигоҳларга қараш умуман бошқача...

- «Сан Сиро»да асосий рақиб дарвозасини нишонга олиш қандай туйғуларни юзага чиқаришини ифодалаб берсангиз... 

- Оҳ, буни тўлиқ тавсифлашим қийин. Шахсан мен бундай лаҳзаларда ўзимни худди осмонда учаётгандек ҳис қиламан. Қисқаси, таърифланмас ҳис-туйғу... 

- АҚШда ҳам персонал мухлисларингиз жуда кўп...

- Умуман олганда, америкаликлар Европада ўйнаётган футболчиларни алоҳида эътибор ва ифтихор билан кузатишлари тайин. Лекин бу қандайдир кибр ёки босим келтириб чиқармайди. Ҳамиша АҚШ футболида тимсол бўлишим кераклиги ҳақида ўйлайман. Мақсадим оддий - майдонга тушиш ва энг яхши ўйинимни кўрсатиш. Назаримда, шунинг ўзи доимий эътирофга эришиш учун етарли. Умидворманки, шундай ёндашув билан телевизорда футбол томоша қиладиган болаларни илҳомлантира оламан.

- Энди Pulisic Stomping Grounds лойиҳаси ҳақида гапириб берсангиз... 

- Puma билан ҳамкорликда йўлга қўйилган кенг қамровли лойиҳа. Мақсадимиз майдончалар қуриш, эътибордан четда қолаётган мураббий ёки футбол кишиларига ёрдам қўлини чўзиш, ёшларга қўшимча шароитлар яратишдан иборат. Оддий айтганда, Pulisic Stomping Grounds дастури ёрдами билан АҚШда миллионлар ўйини янада оммалашишига ҳисса қўшмоқчимиз.

- «Милан»да сизни қандай кутиб олишгани ёдингиздами? 

- Бўлмасамчи? Илк кунданоқ раҳбарият вакиллари, ходимлар, мураббийлар ва футболчилар, энг муҳими, мухлислар илиқ муносабатда бўлишди. Умуман, барчаси ажойиб. Дейлик, «Сан Сиро»даги дастлабки ўйинда гол урган ва ўз салоҳиятимга нисбатан ишонч мислсиз даражада ошганди. Ўзингиз ўйланг, шундай эҳтиросли дамларни қанақасига унутишим мумкин?

- Айтишларича, китоб мутолаа қилишни ёқтирар экансиз... 

- Ҳа, ҳар доим уйқу олдидан асар ўқишга одатланганман. Масалан, куни кеча «Гарри Поттер»ни якунладим. Ҳа, бу жуда узун ҳикоя, лекин мутолаага кетган вақт учун асло ачинмайман. 

- Хўш, китоб ўқиш футболга муносабатни ўзгартирадими? 

- Билмадим... Ҳар ҳолда, футбол ҳаётимнинг асосий мазмуни, энг севимли машғуотимдир. Баъзан ҳиссиёт туфайли босим остида қолишим, гоҳо чинакам бахтиёрликни туйишим мумкин. Қисқаси, футбол ҳамиша ҳаётимда катта ўрин тутади. Китоб мутолааси эса интеллект­ни ошириш ҳамда дунёқарашни шакллантириш учун энг қулай йўлдир.

- Кристиан Пулишич майдон ташқарисида қандай инсон? 

- Жуда оддий. Бўш вақтни асосан оилам даврасида ўтказаман. Уйда китоб ўқишдан таш­қари, шахмат билан ҳам шуғулланаман. Қисқаси содда, ортиқча дабдабасиз ҳаёт тарзига мойилман.

- Охирги мавсумнинг умумий таассуротлари билан ўртоқлашсангиз... 

- «А» серияда ишларимиз унча юришмаган бўлсада, суперкубокни ютиш орқали унутилмас лаҳзаларни бошдан кечирдик. Ҳа, мавсум давомида барқарор ўйин намойиш этолмадик. Жумладан, менинг фаолиятимда ҳам маълум кўтарилиш ва пасайишлар кузатилди. Оғир паллаларда эса футболдан бироз чекиниб, шахсий ҳаётим ҳақида ҳам қай­ғурдим. Зеро, бу дунёда ҳаммаси мукаммал бўлиши мумкин эмас. Инсон оғир вазиятларда шунчаки, хотиржамликни сақлаб қолиши, ҳаддан ортиқ ҳаяжонланмаслиги ва мутлақо тушкунликка берилмаслиги керак. 

- Оилангизнинг футболга муносабати қандай? 

- Бугунги даражага етишимда яқинларимнинг ҳиссалари беқиёс. Масалан, футболнинг илк сир-асрорларини отамдан ўрганганман. У биринчи мураббийим бўлиш баробарида ҳар қандай вазиятда футболга иштиёқимни қўллаб-қувватлаган. Онам ҳам миллионлар ўйинига меҳр қўйган чинакам мухлисдир. Болалигимда ҳовлида бирга тўп тепардик...

- Футболчи сифатида сиз учун энг муҳими нима? 

- Футболчи биринчи навбатда, ўзини эркин ва қулай ҳис қилиши керак. Шунингдек, мураббийлар, жамоадошлар ва мухлислар ишончини қозониш ниҳоятда муҳим. Хулосам шу - агар футболчи ўзини эркин тутса ва ишончни ҳис қилса, майдонда ўзининг энг яхши версиясини намойиш эта олади.

- Охирги савол: «А» серия ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ажойиб лига. Ҳар бир ўйин рақобат ҳамда катта қийинчиликлар остида ўтади. Бунда жамоаларнинг турнир жадвалида нечанчи ўринни эгаллаб тургани умуман аҳамиятсиз. Кучли томон фақат майдонда аниқланади. Хуллас, қизиқарли ва томошабоп биринчилик.

Манба: acmilanfan.ru, Хуршид ЮСУПОВ тайёрлади

Related to this topic: