Еврофутболда анча танилган Япония миллий жамоаси собиқ ҳимоячиси Майя Йошида 2023 йилдан буён MLS кенгликларида тўп сурмоқда. У ўтган йили «Лос-Анжелес Гэлэкси»га қайтишга қарор қилганида, афсонавий клуб ўз тарихида 6-бор MLS кубогини қўлга киритган, умидлари юқори эди. Эътиборлиси, Йошидага дарҳол жамоа сардорлик боғичи топширилди. Бироқ... Майя учун «Гэлэкси»даги иккинчи мавсум муваффақиятли чиқмади. Амалдаги чемпион мусобақанинг катта қисмида турнир жадвалининг қуйи поғоналаридан юқорига кўтарилолмади. Рики Пуч ва Марко Ройс каби етакчи футболчилар жароҳат туфайли узоқ муддат майдон ташқарисида қолишгани ҳам натижаларга таъсир қилди, барибир. Йошиданинг ўзи эса мавсум давомида жами 26та ўйинда майдонга тушди ва айниқса, охирги 4та турдан 3тасида «Гэлэкси»нинг ғалаба қозонишига муносиб ҳисса қўшди.
«Саутгемптон»нинг собиқ ҳимоячиси 2023 йили Япония терма жамоасидаги фаолиятини якунлаган бўлсада, ҳамон япон футболи тараққиёти йўлида ҳам хизмат қилмоқда. У эндиликда мамлакат Профессионал футболчилар ассоциацияси президенти ҳисобланади. «Кунчиқар юрт»да эса Майядан ЖЧ-2026га юқори амбициялар билан шайланаётган Хажимэ Мориясу бошқарувидаги Япония миллий жамоаси учун илҳом манбаи сифатида ҳам фойдаланишмоқчи. «Самурайлар» октябрь ойидаги ФИФА кунлари Токиода Бразилия термасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказиб, 3:2 ҳисобида иродали ғалабани тантана қилишди. ФИФА расмий сайти ижодкорлари шу учрашувдан сўнг Йошидани махсус суҳбатга тортиб, Япония термасининг ЖЧ-2026га қаратилган мақсадлари хусусида гаплашишди. Майя шунинг баробарида MLSдаги фаолияти бўйича ҳам фикр билдирди.
- Майя, аввало, профессионал футболдаги 22-мавсумингизни якунлаганингиз билан табриклаймиз. Айтингчи, 37 ёшда юқори даражада ўйнашга қандай куч топдингиз? Умуман, қайсидир жиҳатларда оғирликни ҳис қилдингизми?
- Тўғриси, профессонал футболчи сифатида неча йилдан буён ўйнаётганимни ҳеч ҳисоблаб кўрмаган эканман. Раҳмат, ўзим учун муҳим маълумотга эга бўлдим. Саволингизга келсак, мавсумга амалдаги чемпион мақомида киришган бўлсакда, ишларимиз у қадар юришмади. Бош мураббийимиз анча олдин агар шу зайлда давом этсак, «плей-офф»дан умид узишимизга тўғри келишини айтганди. Факт шуки, MLSнинг амалдаги чемпиони эдик ва охиригача мардонавор курашишимиз талаб этиларди. Хайриятки, лоақал сўнгги ўйинларда чемпионлик руҳини бироз бўлсада кўрсата олдик.
- «Гэлэкси» жароҳат туфайли Рики Пуч каби асосий ижрочиларини узоқ муддатга йўқотгач, сиз учун жамоа сардори сифатида йигитларни руҳлантириш қанчалик қийин бўлди?
- Тўғри, Рики каби футболчиларнинг сафдан чиқишлари - катта йўқотиш. Лекин ўйлаб қаралса, таркибимизда бошқа яхши ижрочилар ҳам жамланишган эди. Шунинг учун аввалига ҳаммаси яхши бўлишига ишондим, аммо воқеалар кутганимдан бошқачароқ ривожланди. Асосийси, курашиш ва изланишдан тўхтамадик ва ёз ойларига келиб, натижаларни анча яхшиладик. Рикининг қайтиши ҳам қўшимча куч бағишлади, албатта. Шу ўринда айтиш керак, у ўта жиддий жароҳатдан сўнг оёққа турди. Демакки, Пучдан дарҳол юқори савияда ўйнашини кутиш нотўғри. Унга вақт керак, маълум муддат ҳеч қандай босимсиз ўйнашига қўйиб бериш маъқул.
- Энди Япония миллий жамоаси яқинда Бразилия термасидан 3:2 ҳисобида устун келгани ҳақида гаплашсак. Ватандошларингизнинг 0:2 ҳисобида ортда қола туриб, якунда бундай кучли жамоани енгишгани қандай ҳиссиётларни туғдирди?
- Миллий жамоа сафида 100тадан ортиқ ўйинда қатнашган футболчи сифатида айтишим мумкинки, Бразилия термаси - шубҳасиз, бизга қарши ўйнаган энг яхши рақиб! Тўғриси, ўша куни Япония термаси ғалаба қозонганига ишонишим қийин бўлди! Ҳа, Бразилия термаси ҳозир илгаригидек кучли эмасдир, аммо таркибида мегаижрочилар бор, барибир. Қисқаси, бу жамоа осонгина 3та гол қўйиб юборадиган рақиб эмас. Эҳтимол, Карло Анчелоттининг 2:0 ҳисобидан кейин айрим тактик ишланмаларни синаб кўришга чоғлангани бизга қўл келгандир. Аммо унутмаслик керак, Япония термасида ҳам баъзи етакчи футболчилар жароҳат туфайли майдонга туша олишмади. Қисқаси, ажойиб ўйин. Энди энг кучли рақибларга қарши учрашувларда ҳам барчасини назорат қилиш салоҳиятига эгамиз. Қувонарлиси, бугун Европанинг гранд жамоалари ҳам Япония термаси билан ўртоқлик ўйинида куч синашишни хоҳламоқда.
- ЖЧ-2026 стартига 1 йилдан камроқ вақт қолмоқда. «Самурайлар» учун муҳим мусобақа олдидан бундай ёқимли натижа қайд этиш қай даражада муҳим?
- Энг катта афзаллиги шуки, ЖЧга қуръа ташлаш олдидан Япония термасининг иккинчи саватчадан жой олиши кафолатланди. Аввалги мундиал қуръасида эса тўртинчи саватчага тушгандик. Гарчи қуръадан олдин учинчи саватчадаги жамоалар қаторига киришга уринган бўлсакда, амалда буни уддалолмагандик. Оқибатда гуруҳ босқичида Испания ва Германия термаларига қарши ўйнашимизга тўғри келди. Бу сафар иккинчи саватчадан жой олишимиз аниқ ва келаси йилги мундиал гуруҳ босқичида бироз енгилроқ рақибларга рўбарў келишимиз эҳтимоли катта.
- Сизнингча, Япония термаси ниҳоят, психологик босимни енгиб ўтиб, ўз тарихида илк марта ЖЧ ярим финалига чиқа оладими?
- Жамоамизнинг бугунги салоҳияти билан ушбу вазифани бемалол уддалаш мумкин. Чунончи, футболчиларимизда менталитет ҳам анча ўзгарган. Қолаверса, терма жамоанинг аксарият аъзолари аввалги мундиалда иштирок этишган, бундан ташқари, еврокубокларда ҳам катта тажриба тўплашди. Тўғри, ҳар бир жамоада ўзига хос юксалиш ва пасайиш даври бўлишини ҳам унутмаслик керак. Демоқчиманки, Карло Анчелотти бошқарувидаги Бразилия термаси ҳам, Хажимэ Мориясу устозлигидаги Япония жамоаси ҳам 8 ой ичида бутунлай ўзгариши мумкин.
- Фаолиятингиз давомида Жанубий Корея термаси сардори Сон Хюн Мин билан кўп марта тўқнаш келгансиз. Айтингчи, MLSдаги фаолият унга ЖЧга тайёргарлик кўришда нечоғли ёрдам беради?
- Мухлислар кўпинча ЖЧдан кейин MLSга янги чақирувлар асосида катта футболчилар келишларини кутишади. Шу маънода Сон Хюннинг ЖЧдан 1 йил олдин MLSда ўйнашга қарор қилгани кутилмаган янгиликдир. Ҳа, у аллақачон янги турнирда ҳам ўз салоҳиятини намойиш эта бошлади ва даража бўйича бутунлай бошқача футболчи эканлигини амалда кўрсатди. Ўйлашимча, Сон Хюн ҳамон Ж.Корея термасининг муҳим футболчиси ва жамоасига ҳали кўп фойда келтиради. Зеро, тажрибали ижрочилар учун жисмоний тайёргарлик баробарида маҳорат даражаси муҳим. Умуман, идеал спорт формасида бўлган футболчи нималарга қодирлигини кўрсатишда асло қийналмайди.
ЭЪТИРОФ
- Майя чинакам профессионал ва барча учун мукаммал намуна. У жамоамизда ёшларга чин маънода йўлбошчилик қилаётгани билан алоҳида ҳурматга лойиқ. Ҳа, 37 ёшда бўлишига қарамай, Майяга мавсум олдидан катта умид боғлагандик ва у бор масъулиятни ўз зиммасига олишдан чўчимади. Хусусан, бир неча марта жароҳатга йўлиққан бўлсада, ўйинга иштиёқини заррача сусайтирмади. Қисқаси, Йошида шунчаки, майдонда бўлишни истайдиган жангчи йигит. Грэг Вэнни («Лос-Анжелес Гэлэкси» бош мураббийи).
Факт. Майя Йошида Япония миллий жамоаси сафида нақ 126 марта майдонга тушган.
Манба: fifa.com, ХУРШИДБЕК тайёрлади