Search

Монетизация ва даромад каналлари хилма-хиллиги

Ўзбекистон клублари ижтимоий тармоқларда қанчалик фаол? Уларга интернет олами имкониятларидан кенг ва самарали фойдаланишда нималар етишмаяпти? Бу борада аввало, монетизация ва даромад каналлари хилма-хиллиги (диверсификация)ни тилга олиш мумкин.

МОНЕТИЗАЦИЯ

Футбол клубларини хусусийлаштириш бў­йича Президент қарори, масъул ташкилотларнинг турли ҳаракатлари ва даъватлари фойдасиз, агарда буни жамоаларнинг ўзи хоҳламаса. Ҳар йили мавсум бошида давлат ёки ўзига бириктирилган корхонадан олинаётган миллиард-миллиард маблағдан ҳеч ким осонликча воз кечишни истамайди, албатта. Чипта баҳоси сув-текин бўлганда ҳам, нари борса, 15-20 минг мухлис тушадиган ўйинлар, сотуви ва бозори йўқ телетрансляция... Мерч ва фан-шопларни-ку гапиришга ҳам ҳожат йўқ. Аммо клубларимизда табиий равишда ривожланиб келаётган, лекин ҳали пул келтирмаётган бир йўналиш борки, яқин йилларда бу янги ҳомийлар топишда муҳим омиллардан бирига айланса, ажабмас. Ҳаттоки, пули бор ҳомийлар айнан ушбу индикатор орқали қайси жамоага пул тикиш қўшимча аудиторияни қамраб олишга ёрдам беришини аниқлашади. Яъни шунга асосланиб, ўзларига жамоа танлашади. Ушбу индикатор - ижтимоий тармоқлар! 

Масалан, Centrum Air авиакомпанияси жорий мавсумдан «Андижон»га ҳомийлик қилмоқда. Хўш, клуб ушбу авиакомпания раҳбариятини нимаси билан ўзига жалб қилди бошқаларга нисбатан? 1 - стадионга мухлислар ташрифи. 2 - жамоанинг ОЧЛ-2да иштирок этиши. 3 - ижтимоий тармоқлардаги кузатувчилар аудиторияси. Илова қилинган жадвалларга қаранг, «Андижон» «Телеграм» ва «Инстаграм»даги умумий обуначилари сони бўйича Суперлиганинг энг яхши икки жамоасидан бири бўлиб турибди. 

Ўйин куни клубларимиз стадионларига 20-25 минг мухлис кирмаётгани - ҳақиқат. Шунинг баробарида уларни ижтимоий тармоқларда ҳар куни 10, 20, 50, ҳатто 100 минглаб одам кузатмоқда. Футболда етарли пул топиш учун стадионга кириш чиптасини сотишнинг ўзи камлик қилади. Агар жамоаларимиз ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир кузатувчи ва мухлисни қадрлаб, уларни потенциал харидор сифатида кўрса, барчасини тўғри монетизация (муайян лойиҳадан пул топиш) қилиш уддасидан чиқса, «озодлик» сари энг муҳим қадамлардан бирини ташлаган бўлади. Бунда клубларимиз учун энг асосий иш - ҳомийларга обуначилар сони шунчаки, рақам эмас, балки қизиқишлари ўхшаш ва бир жойга йиғилган тайёр аудитория эканлигини тушунтира олиш санъати.

ДАРОМАД ДИВЕРСИФИКАЦИЯСИ

Хусусий футбол клубларини шакллантириш ва сақлаб туриш учун жуда катта пул кераклиги кундек равшан. Идеал вариантда академиялар тарбияланувчилари сотуви, хал­қаро майдондаги ижобий натижалар (мукофот пуллари), телетранслациялар ҳуқуқи ҳамда анъанавий ва рақамли маркетинг йўналишларида ҳам пул топиш керак. Маблағ келадиган оқим (манба)ларнинг кўплиги ва хилма-хиллиги жамоаларга ҳар қандай инқирозли ҳолатларни нисбатан енгилроқ ўтказишда ёрдам беради. Масалан, академиядан чиқадиган иқтидорлар ва улардан келадиган даромад пасайган даврда маркетинг-медиа нажоткор вазифасини бажариши мумкин. Дейлик, натижалар ёмонлашиб, мукофот пули камайган вақт бор эътиборни ёш иқтидорларни кашф этиб, уларни сотишга қаратса бўлади ва ҳоказо.

Хулоса ўрнида айтаман: ҳукуматни футболимизга «боғлаб қўймаган» ва молиялаштирилиш тўхтатиладиган «қиёмат куни»га тайёр турган клубларгина яшаб қолишга ҳақли бўлади. Албатта, ўша кунда тирик қоладиган клубларимиз кўпроқ бўлиши тарафдориман... 

sabitov_co

Related to this topic: