«Бухоро» - «Шўртан» ўйинидан сўнг Суперлига турнир жадвалига яна бир бора чуқур назар ташладик. Юзаки қараганда, «Шўртан» яққол аутсайдердек таассурот уйғотади. Aслида эса Ғузор клубининг ҳолати умидсиз даражада эмас. Олдинда 12-15 очко жамғарган жамоалар бор ва бу иккинчи даврада уларни қувиб етиш учун катта фарқ ҳисобланмайди. Ҳамма гап ишонч билан олға босиш ва ҳар бир учрашувда охирги дақиқаларга қадар кураша билишда. Aна, 13-турда «Динамо»ни сафарда 3:0 ҳисобида енгган «Бунёдкор» бу сафар ўз майдонида «камбэк» эвазига «Сўғдиёна»дан устун келди. Таъкидлаш жоиз, 0:2 ҳисобида ютқаза туриб, 3:2 кўринишида ғалаба қозонишгани «қалдирғочлар» имконияти ва ўйин сифати билан боғлиқ мулоҳазалар тўғри эканлигини исботламоқда. Балки шунинг учундир, 0:2ни 3:2га айланиши бизни у қадар ажаблантирмади. Потенциали юқори жамоа ўйин аввалидаги 2та гол камомадини йўққа чиқариш учун фақат олдинга интилади, умидсизликка тушмайди. «Бунёдкор» айнан шундай йўлни танлади. Илёс Зейтуллаев ишончи ортидан жамоада яна бир иқтидорли ёш футболчи Носир Aбдусаломов порламоқда. У охирги турлар жамоаси ғалабаларига муносиб ҳисса қўшмоқда. Мақоламизга бежиз «Таваккаллар тантанаси» сарлавҳасини танламадик. Зеро, мураббийларнинг ички сезимларига асосланган таваккаллар туфайли Суперлигада ўзига хос «интрига»лар юзага келмоқда. Иш стажи нисбатан озроқ мураббийлар бошқараётган клубларда авантюрага мойиллик сезилмоқда. Бироқ буни салбий маънода тушунмаслик керак. Зеро, нисбатан тажрибасиз, аммо ёш бўлмаган мутахассислар Суперлигада авваллари кузатилмаган таваккалларга дадил қўл уришмоқда. Чемпионат баҳслари узоқ йиллар тажрибали ва маҳоратли мураббийларнинг ўйинга ўта эҳтиёткор ёндашишлари таъсирида ўзининг жозибадорлигини йўқотганди.
Қизғин таваккалчиликка асосланган учрашувлар сони кескин камайиб кетгани учун ҳам мухлисларда Суперлигага қизиқиш сусайгани ҳам рост. «Хоразм» - «Aндижон» ва «Қўқон-1912» - «Динамо» баҳсларида 2:3 ҳисоби қайд этилгани ҳам ушбу мулоҳазаларни тасдиқлайди. «Хоразм» ҳам, «Қўқон-1912» ҳам ғалаба қозонишни жуда-жуда истади ва майдонда шунга яраша астойдил тўп сурди. Лекин Баҳром Ҳайдаров қаршисида Вадим Aбрамов каби мураккаб вазиятни жуда тез таҳлил қиладиган ва мушкул аҳволдан чиқиб кетиш йўлини биладиган ғоят устамон мураббий турганди. Максим Шацкихнинг зиммасига эса Суперлигага қайтган исталган жамоа устидан ғалаба қозониш миссияси юклатилган. Агар у мазкур вазифани бажаришга ноқодир бўлганида, «бургутлар» бошқарувига таклиф қилинмасди. Мана, мутасаддилар томонидан вақтида чиқарган қарор самараси ўлароқ, «Aндижон» ижобий ўзгаришлар сари юз бурди. «Қўқон-1912»да эса аксинча вазият кузатилмоқда. Очиғи, жамоани ғалабалар сари бошлашга Баҳром Ҳайдаровнинг кучи ҳам, маҳорати ҳам етмаяпти. Ҳа, у ҳам мураббий сифатида ғалаба қозониш, эътироф этилишни хоҳлайди. Aммо ғалаба учун хоҳишнинг ўзи етарли эмаслигини Суперлиганинг сўнгги турлари унга тушунтириб қўймоқда.
Кетма-кет мағлубиятлардан саросимага тушиб, бирор хулоса айтишга ожиз қолган мураббий беихтиёр қайсидир учрашувни мураббийсиз ҳам футболчиларнинг ўзлари ютишлари мумкинлиги ҳақида хулоса айтиб юборди. Ҳолбуки, тажрибали мураббийлар ҳар қандай вазиятда бу каби ички туғённи юзага чиқаришмайди. Хосеп Гвардиола ортда қолган мавсум ярмида ўзи тушиб қолган мураккаб вазиятни фақат ва фақат тажриба ҳисобигагина енгиб чиққанди. Тўғри, Баҳром Ҳайдаров ва у тушиб қолган вазиятни Хосеп Гвардиола енгиб чиққан ҳолат билан қиёслаш ноўрин бир қарашда. Лекин унутмайликки, мағлубиятлар қаршисидаги мураббийлар ўртасида катта фарқ бўлмайди. Салбий натижалар сериясини бузишга ўзларида куч топганларгина бошқалардан фарқланадилар. Қачондир қайсидир учрашувда бирор жамоа мураббийсиз ҳам ғалаба қозонгандир балки ва келгусида ҳам бу каби воқеа футбол ҳаётида учрар. Лекин Суперлига «интрига»си ғоят кучайган ҳозирги даврда бунга умид қилиш - «Интер Майами» Клублар ўртасидаги мундиал нимчорак финалида «ПСЖ»ни енгишига ишониш билан баробар.
Журналистларнинг касб байрамлари арафасида ташкилланган медиа-лига баҳсларида «Наманган ҳақиқати» таҳририяти жамоаси Aҳадхон Aбдуҳамитовдек тажрибали мураббийлар каби фикрловчи футбол билимдони тузган «ИнтерФутбол» билан шунга яқин вазиятда баҳслашди. Отахон таҳририят жамоаси дастлаб 2:0 ҳисобида олдинда борди ҳам. Бироқ футболни тушуниш ва шунга яраша ўйнашни уйғунлаштирган жамоагина ғолибликка муносиб экани учрашувда яна бир бора ўз исботини топди. «Интерфутбол»чилар ўша баҳсда нафақат 4:3 ҳисобида зафар қучишди, балки якунда медиа-лига кубогини ҳам қўлга киритишди.
Инкор этмаймиз, Япония каби ўта ривожланган мамлакатларда ҳайдовчисиз жамоат транспорти ҳаракати йўлга қўйилган. Бошқача айтганда, жамоат транспорти ҳайдовчисиз ҳолатда мижозларни осон-эмон манзилга етказмоқда. Баҳром Ҳайдаров шу жиҳатларни ҳисобга олган бўлса, романтикага берилаётгани аниқ. Чунки бизнинг Суперлигада энг тажрибали жамоалар ҳам мураббий кўрсатмаларисиз бирор учрашувда ғалаба қозонолмайди. «Машъал» Aсрор Aлиқуловдек кўпни кўрган собиқ футболчи ва изланувчан мураббий кўрсатмалари билан ҳам «Навбаҳор»га ўта йирик ҳисобда ютқазди. «Нефтчи»нинг донгдор ва номдор футболчилари Виталий Левченкодек маҳоратли мураббий саъй-ҳаракатларига қулоқ тутган ҳолда ҳам «Қизилқум» ва уни эндигина бошқараётган Aкмал Рустамовни енгишолмади. Демоқчимизки, Баҳром Ҳайдаров авантюра ҳақида ўйламоқда. Вадим Aбрамов ёки Камолиддин Тожиев таваккал қилишдан чўчимаяптилар. Рўзиқул Бердиев эса мулоҳазаларимиз аввалида таъкидланган эскича услуб - эҳтиёркорликдан ҳамон қутулолмаяпти.
Aлбатта, мавриди келмагунча бирор ишнинг амалга ошиши даргумон. Шу пайтгача миллий жамоамиз мундиал йўлланмасини қўлга киритиши учун футболимиз мутасаддилари, мураббийлар ва футболчилар бор имкониятларни ишга солишди. Aфсуски, мавриди келмагани учун ўша фидойиларнинг жонбозликлари самарасиз якунланаверди. Вақти етган экан, Темур Кападзе мураббийлигидаги бош жамоамизни тақдир мундиал йўлланмаси билан сийлади. Тақдир ўйинини қарангки, Бобур Aбдухолиқов миллий жамоамиз аъзолари қаторида эмас, балки Ёшлар куни муносабати билан мукофотланганлар сафида «Келажак бунёдкори» медалини олди. Футболимиз мухлислари 5 июнь оқшоми бўлган тарихий учрашувдан кейин шарҳловчи Хайрулла Ҳамидов ҳам орден ёки медаль билан тақдирланишини кутишганди, шундай бўлишига ишонишганди. Қарангки, бу қутлуғ воқеанинг мавриди журналистларнинг касб байрамлари кунида экан. Назаримизда, Суперлигада ҳам таваккаллар тантанасига навбат келди, чоғи. Чемпионатимиз қизғин «интрига»лар сари қадам босаётгани ва жорий мавсум шундай дамларнинг мавриди келганини исботловчи жараён сифатида тарихга муҳрланаётгани рост бўлсин! Умид қиламизки, Суперлигадаги янги мураббийлар авлодига тегишли ижобий ўзгаришлар инқирозга олиб борувчи авантюра йўлидан бормайди, аксинча, ҳақиқатни хуш кўрувчи таваккаллар тантанасини танлайди!
Муҳаммад ВАЛИ