30 октябр куни Наманганда бўлиб ўтган “Навбаҳор” – “Насаф” учрашувидан кейин водийдан воҳага қайтаётган бир гуруҳ мухлислар жой олган автомобил Ургут туманида аварияга учраган. Оқибатда «Насаф» фан-клуби аъзоси 53 ёшли Маҳмуд Муҳаммадиев вафот этган.
«2025 йил 31 октябр куни соат 08:30 ларда Ургут тумани Қоратепа МФЙ ҳудудидан ўтган М-39 автомобил йўлининг 1113-километрида “Kia Sonet” русумли автомобил ҳайдовчиси Самарқанд–Қарши йўналишида ҳаракатланиб бораётганида чарчоқ оқибатида ухлаб қолган ва рул бошқарувини йўқотган. Натижада автомобил йўлнинг ўнг томонидаги тупроқ уюмига урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Оқибатда ҳайдовчи ва бир нафар йўловчи Ургут туман марказий шифохонасига етказилган. Афсуски, йўловчи шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ургут туман ИИБ ТБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Барча ҳайдовчилардан чарчоқ аломатлари сезилганда руль бошқарувига ўтирмасликлари ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишингизни сўраймиз», - дейилади Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабарида.