21 октябрь кун Насаф клуби ОФК Элит чемпионлар лигаси мусобақасининг 3-тури доирасида Бирлашган Араб Амирликларининг Шабаб Ал-Аҳли жамоаси билан куч синашади. Келинг, ушбу жамоа ҳақида бироз тўхталамиз.
Шабаб Ал-Аҳли жамоаси 8 йиллик тарихга эга. Клуб 2017 йили Бирлашган Араб Амирликлари футболидаги энг номдор клублар - Ал-Шабаб ва Ал-Аҳли, шунингдек, Дубай СК клубларининг бирлаштирилишидан ташкил топган.
Жамоага мухлислар томонидан "The Red Knights" (қизил риwерлар) деган ном берилган.
Шабаб Ал-Аҳли ўз уй учрашувларини Дубай шаҳридаги Рашид стадионида ўтказади. Ушбу майдон ўз бағрига 8 мингдан зиёд мухлисни сиғдира олади.
Жамоа Бирлашган Араб Амирликлари чемпионатининг 2 карра ғолиби, 3 карра Президент кубоги соҳиби ва яна 3 карра мамлакат Суперкубоги эгаси ҳисобланади.
Шабаб Ал-Аҳли шу вақтга қадар Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан ўтказиладиган расмий мусобақаларда 35та ўйин ўтказган. 13та ўйинда ғалаба қозонган, 7та ўйин дубайликларнинг мағлубияти билан якунланган. 11та баҳсда эса дуранг натижа қайд этилган.
Жамоани айни пайтда 55 ёшли португалиялик мутахассис Пауло Соуса бошқармоқда. Ушбу мутахассис ўз вақтида КПР, Суонси Сити, Лестер Сити каби АПЛ клубларида, шунингдек, Салернитана ва Фиорентина каби А Серия клубларида фаолият олиб борган.
Унинг бошқарувида Исроилнинг Маккаби Тел-Авив жамоаси ва Швейцариянинг Базел клублари ўз мамлакатлари Олий лигасида чемпионликга қўлга киритган. Бирлашган Араб Амирликлари чемпионатида ўтган мавсум Шабаб Ал-Аҳли клуби айнан Соуса қўл остида чемпионликка эришган.
Жамоа таркибида айни вақт Валенсия собиқ футболчиси Федерико Картабия, Севиля жамоаси ҳужумчиси Мунас Даббур, Рома жамоаси собиқ аъзоси Сардор Азмун ва Эрон терма жамоасининг асосий футболчиларидан бири Саид Иззатуллоҳи каби Европа ва Осиё футболида ном қозонган футболчилар тўп сурмоқда.
Ушбу клуб Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари учун ҳам бегона эмас. Яқин йиллар мобайнида Шабаб Ал-Аҳли сафида Одил Ҳамробеков, Жалолиддин Машарипов, Азиз Ғаниев каби Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари фаолият олиб бордилар.
Эслатиб ўтамиз, ОФК Элит чемпионлар лигаси 3-туридан ўрин олган Шабаб Ал-Аҳли — Насаф ўйини 21 октябрь куни бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 21:00 да старт олиши кўзда тутилган.
Манба: ЎзПФЛ