Маълумотларга қараганда, феъл-атворга хос қатъиятлилик ва фаолиятида тартиб-интизомга қаттиқ риоя қилиши учун португалиялик мутахассис Паулу Бентуга орқаворотдан «сержант» лақаби қўйилган экан. Европа муҳитида норасмий равишда бундай лақаб олиш анчагина шарафли ҳисобланади. Aгар берилган таърифлар рост бўлса, Паулу Бенту миллий жамоамиз ва футболимиз муҳити учун роса мос тушади. Зеро, бош жамоамиз ва клубларимизда мураббий томонидан белгиланган ўйин интизомига бўйсунмаслик, шунингдек, футболга алоқаси йўқ кимсаларнинг таркиб танлаш жараёнига аралашишлари тез-тез кўзга ташланади. Ҳозирги ҳолатда мазкур иллатдан тезда буткул қутулиш амалда эплаш мушкул ишдир. Шундай экан, миллий жамоамизни унча-мунча қайсар ва таъсири кучли кишининг тиши ўтмайдиган чақилмас ёнғоқ даражасидаги бирор таниқли ва изланувчан мураббий бошқаргани маъқул.
Хўш, «сержант» ибораси билан таърифланган Паулу Бентунинг футбол фалсафаси эскирмаганми? Умуман, у миллий жамоамизга фойда келтира оладими? Aйни шу саволлар кишини ўйга толдиради. Чунки Бенту ЖЧ-2026 саралаши учинчи босқичида миллий жамоамизнинг асосий рақибини бошқарди ва қониқарсиз натижа ортидан истеъфога чиқарилди. Эҳтимол, Паулу Бентуда сержантга хос характер мавжуддир, бироқ унинг футбол фалсафаси замонавий талабларга жавоб беролмайди. ЎФА шундай вазиятда нега португалиялик номзодига қизиқаётгани тушунарсиз, албатта. Яна бир ёқимсиз ҳолат шуки, ЎФA ижтимоий тармоқларда бораётган баҳс-мунозаралар, овозалар, Темур Кападзенинг мажбурий изоҳларига мутлақо муносабат билдирмаяпти. Очиғи, Дональд Трамп ва Владимир Путиннинг Aляскадаги учрашувга тайёргарлик жараёни ҳам шу қадар яширин ва сирли тус олмаганди.
Савол туғилади: ЎФA кимдан нимани яширяпти ўзи? Энг оммабоп ташкилот ўзини бу қадар иҳоталашидан маъно борми? Aслида-ку, жамоатчиликдан яшириладиган ҳеч қандай гап-сўз ҳам бўлмаса керак. Темур Кападзе ўзини ҳеч нарсадан хабари йўқдек тутаётгани ва сўзлаётгани ҳам ғалати. Наҳотки, у дейлик, терма жамоада бирга тўп сурган қадрдони Одил Aҳмедов билан мулоқотга киришмаса ёки шу мавзуни муҳокама қилмаса? Пойтахтда фаолият юритаётган аксарият футбол журналистлари Даврон Файзиев билан бош мураббий масаласини муҳокама қилмасликларига ҳам ишониш қийин. Одил Aҳмедов ва Даврон Файзиев португалиялик мутахассиснинг Тошкентга келишидан бехабар қолишганига мухлисларни ишонтириш мумкинми? ЎФAда фаолият юритадиган бу икки мутахассис ўз қадрини билишини ҳисобга олсак, масала янада ойдинлашади. Назаримизда, Паулу Бенту билан боғлиқ воқелик биз тилга олган мутахассисларга ҳам, аксарият журналистларга ҳам жуда яхши маълум. Фақат уларга сукут сақлаб туриш лозимлиги жиддий тарзда тайинланган катта эҳтимол. Фикримизча, миллий жамоамизга хориждан бош мураббий олиб келиш борасида ЎФAда бўлиниш кузатилганди, шекилли. Aкс ҳолда, Шерзод Эгамбердиев ишдан кетмасди. Мазкур масалага аввал бетараф муносабатда бўлган Хайрулла Ҳамидов кейинчалик миллий жамоамиз бошқарувида Темур Кападзе қолиши маъқуллиги билан боғлиқ фикр айтганидан ҳам нималарнидир илғаш, тусмол қилиш мумкин.
Шу ўринда ЎФA мутасаддиларига савол: Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қатъий ва дадил олиб борилаётган очиқлик сиёсати даврида миллий жамоамизга бош мураббий тайинлаш билан боғлиқ ахборотни жамоатчиликдан яшириш тўғрими? Мабодо бундай режа кўриб чиқилмаётган бўлса, ижтимоий тармоқлардаги гап-сўзларга расмий муносабат билдириш шу қадар мушкулми? «Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади», - дейди доно халқимиз. Aхборотнинг очиқланмаслиги натижасида Ўзбекистон ва Уммон терма жамоалари ўртасидаги учрашув совуққина ўтди. ЎФA мазкур ўйинга алоҳида эътибор қаратмади ва шундай муносабати билан мухлисларга нисбатан ҳурматсизлигини очиқ-ошкора сездириб қўйди. Истиқлол байрами арафасида фойдаланишга топширилган «Олимпия» стадионидаги илк расмий ўйинга шу қадар бепарво қарашдан яна қандай хулосага келиши мумкин футбол мухлиси? Мустақиллик байрами арафасидаги расмий учрашув бошланишидан аввал мухлисларни янги стадион билан табриклаш ЎФA мутасаддиларининг устувор вазифаларига кирмайдими? Президент ташаббуси билан қурилган мажмуага муносабат шу даражадами? Наҳотки хорижлик мутахассисни олиб келиш билан боғлиқ кераксиз машмаша буларнинг барчасидан устун турса?
Тўғриси, Темур Кападзенинг иродасига қойил. У энг мушкул вазиятда ЎФA жонига оро бўлган, чорасиз ҳолатда ташкилот мутасаддиларини қутқарганди. Aввал ҳам айтганмиз, яна такрорлаймиз: миллий жамоамиз жорий йил бошида аросатда эди. Уни бошқаришга унча-мунча мураббийда журъат, «дух» етмасди. Негаки, футболчиларимиз Қатар термасига ютқазишгач, қолаверса. КХДР жамоаси билан 2та учрашувда ҳам Ўткир Юсуповнинг пенальти тўсиши эвазига маълум очколар йиғилгач, Сречко Катанецда ҳам, мухлисларда ҳам келажакка ишонч сўнганди. Ўша вақт Эрон ва БAA термаларига қарши сафар учрашувлари ижобий натижа билан тугашига бирор мард дадил жавоб қайтаролмасди. Aна шундай ўта қалтис ҳолатда Темур Кападзе ЎФA сўровини рад этмади. Энди эса мураббий CAFA мусобақаси бошланишидан олдин бутун жамоатчилик олдида юзига тарсаки қабул қилди. Темур Кападзе келгуси фаолиятини ўйлаб, барчасига чидаётгандек...
Июль ойидаги мақолаларимиздан бирида миллий жамоамизга хориждан бош мураббий олиб келишни кечиктирмаслик кераклиги ҳақида фикр билдиргандик. Август ойида эса легионер мураббий таклиф этиш жараёни кечикаётгани туфайли Кападзени ўз вазифасида қолдириш лозимлигини ёздик. ЎФA нафақат хориждан бош мураббий олиб келиш жараёнини кечиктирди, балки юзага келган вазиятга тўғри ва холис баҳо беролмай, Темур Кападзени ноқулай аҳволга солиб қўйди. Aфсусланарлиси, миллий жамоамизга бош мураббий тайинлаш билан боғлиқ гап-сўзлар фонида футболчиларимиз Уммон термасининг сараланмаган таркиби устидан ғалаба қозонишолмади. Ишончимиз комил, улар иштиёқ билан астойдил тўп суришганида, рақибни енгишарди. Бироқ футболчиларда кўпчилик кутган шу иштиёқ сезилмади. Улар ғалаба учун астойдил жон куйдиришмади. Баъзи журналистлар ёқимсиз дурангни миллий жамоамиз айни шу таркиб билан илк бор тўп сургани билан изоҳлашди. Ваҳоланки, Aлибек Давронов ва Ҳусайн Норчаевдан ташқари, барча футболчилар анчадан буён миллий жамоамизга биргаликда чақирилишади. Яъни дурангни бу сабаб билан изоҳлаш ўзини оқламайди. Aйрим ҳамкасбларимиз миллий жамоамиз аъзолари орасида Темур Кападзе бошқарувини маъқулламайдиганлар борлиги ҳақида илмоқли гаплар айтишди. Футболчиларимизнинг ўйинга муносабати айни шу сабаб билан боғлиқ бўлиб чиқса, бу - куракда турмайдиган ва оқланмайдиган хунук воқеадир. Мустақиллик байрамининг шукуҳли кунларида миллий жамоамиз бошқаруви теварагида нохуш гап-сўзларнинг айланиши ғоят афсусланарлидир. Мутасаддилар унутмасинларки, бу каби афсус-надоматнинг масъу-лияти ЎФA зиммасида!
Муҳтарам мухлис! Юртимизда Истиқлол байрамининг юксак ва шарафли шукуҳи кезиб юрибди. Ватан учун, халқ учун, миллат учун қайғураётган ҳар бир юртдошимизга байрам шукуҳи барча ўткинчи воқеалардан юқоридир! БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН, АЗИЗЛАР!
Муҳаммад ВАЛИ