Сара Задразил: «Мюнхен чинакам иккинчи уйимга айланди»
Сара Задразил: «Мюнхен чинакам иккинчи уйимга айланди»
Сара Задразил – «Бавария» аёллар жамоаси етакчиларидан бири. Австриялик хоним оғир жароҳат туфайли маълум вақт майдон четида қолган бўлсада, Германиянинг амалдаги икки карра чемпиони яқинда у билан ўртадаги шартнома муддатини яна 1 йилга узайтирди. Bayern.com сайти шу баҳона 32 ёшли Сарани суҳбатга чорлаб, тикланиш жараёни қандай кетаётганига қизиқди. Задразил хонимнинг таъкидлашича, маълум қийинчиликларга қарамай, майдондан ташқарида ҳам кичик қувончли воқеалар бор, «Бавария» билан алоқалари эса анча чуқур. Асосийси, у яқин келажакка катта умид билан боқмоқда.
– Сара, тикланиш жараёни қандай кетмоқда?
– Жуда яхши, ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан. Даволаниш муолажалари босқичма-босқич олиб борилди, натижалар ёмон эмас. Ҳозир Red Bull ўқув марказида шифокорлар назоратида режа бўйича ишлаяпман. Ҳа, бошида анча қийналдим, муҳими, айни пайт руҳий ҳолатим ҳам жойида.
– Майдон четида қолганингиздан фойдаланиб, илгари вақт ажратолмаган бирор иш билан ҳам шуғулланяпсизми?
– Албатта, ҳар нарсадан ижобий томонларини қидираман. Футболдан бироз узоқлашганим заҳоти бошқа юмушларга вақт топилди. Дейлик, оилам, жиянларим, ота-онам ва бошқа қариндошлар билан кўпроқ бирга бўлиш имконияти туғилди. Яхши томони, уйимиз реабилитация марказига яқин. Яна пианино чалишни ўргана бошладим. Бу ҳам вақтни мазмунли ўтказишнинг бир усули. Умуман олганда, тикланиш марказида кундалик тартибим жуда қатъий. Ҳатто баъзан эрталабдан кечгача ўша ерда шуғулланишимга тўғри келмоқда.
– Умуман, тикланиш жараё-нини Зальцбургда ўтаётганингиз яна қандай қўшимча қулайликлар туғдирмоқда?
– Мен учун одатий кун эрталаб соат 8да енгил машғулотлар билан бошланади – кўпинча велосипедда сайрга чиқаман. Шундан сўнг марказда нонушта, физиотерапия муолажаси, жисмоний машғулотлар… Баъзи кунлар тушликдан олдин руҳий тайёргарлик устида ҳам шуғулланамиз. Куннинг иккинчи ярмида яна физиотерапия ва жисмоний машғулотлар ўтказилади. Хуллас, тахминан соат 9дан 15:30гача иш жадвалим деярли бир хил. Қулайликка келсак, уйга қайтишим осон.
– «Бавария» билан шартномангиз муддатини 1 йилга узайтирдингиз. Бу шахсан ўзингиз учун нимани англатади?
– Мюнхен чинакам иккинчи уйимга айланган, «Бавария» эса мен учун шунчаки, иш жойи эмас. Ахир бу клуб сафига қўшилганимга 5 йилдан ошди. Ортда қолган вақт давомида кўплаб ажойиб лаҳзаларни бошдан кечирдик. Шундай экан, «Бавария»да яна 1 йил ўйнашимдан бағоят хурсандман. Энди тикланиш жараёнини тезлаштиришим зарур. Янги мавсумгача энг юқори спорт формасига қайтишдан умидворман.
– Шартномани янгилашда қайси жиҳат бош омил бўлди?
– Асосий сабаб – «Бавария» ва Мюнхенда ўзимни қулай ҳис қилишим. Жамоа муҳити ва мухлислар муносабати жуда муҳим. Бу ерда яна кўплаб ажойиб лаҳзалардан баҳра олмоқчиман.
– Яқин ҳафталар ва ойлар учун режаларингиз қандай?
– Ҳозир тезроқ қайтиш илинжида бор эътиборим реабилитация машқларига қаратилган. Қадамба-қадам олдинга юриб, янги мавсумда бор кучим билан ўйнашни хоҳлайман. Айни пайт ҳар куни янада кучлироқ бўлиш устида ишлаяпман.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади




