Search

Таништирув. Каннаваро ассистентларига назар

Ўзбекистон миллий жамоасининг янги бош мураббийи Фабио Каннавaро юртимизга кучли мутахассислардан иборат ўз штаби билан келди. «Олтин тўп»-2006 соҳибининг бригадасида ўз йўналишида катта тажриба тўплаган етук мутахассислар бор. Демак, қуйида ЎФА матбуот хизмати маълумотлари асосида Каннаваронинг бугунги ассистентлари фаолиятига бирров назар соламиз.

Эуженио Альбарелла — жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий. 1965 йили Италиянинг Неаполь шаҳрида туғилган. 2010 йили «Ювентус» клубида фаолият олиб борган. Орадан бир йил ўтиб, Альберто Заккерони штабига қўшилган ва Япония терма жамоаси билан Осиё кубоги-2011 ғолибига айланган. Альбарелла 2016 йили Хитойнинг «Пекин Гуоан» клубида ишлади. Ўша вақт бу жамоа сафида Ўзбекистон миллий термаси собиқ ҳимоячиси Егор Кримец ҳам тўп сурганди. Эуженио 2023-2024 йиллар Фабио Каннавaро билан бирга «Удинезе»да ишлади, кейинчалик Хорватиянинг «Динамо» Зг. жамоасида ҳам фаолият олиб борди.

Антонио Кименти — дарвозабонлар мураббийи. 1970 йилнинг 30 июнь куни Италиянинг Бари шаҳрида туғилган. Собиқ дарвозабон. Футболчилик фаолияти давомида «Рома», «Лечче», «Кальяри», «Удинезе» ва «Ювентус» клублари шарафини ҳимоя қилган. Хусусан, «Ювентус»да афсонавий Жанлуижи Буффондан кейин иккинчи рақамли кипер сифатида танилган. Кименти мураббийлик фаолиятини эса «Ювентус» ёшлар жамоасида бошлади. Кейинчалик СПАЛ, «Сампдория» клубларидан таш­қари, Италия U-21 термасида ҳам дарвозабонларни шуғуллантирди. 

Франческо Троизе — ёрдамчи мураббий. 1972 йилнинг 5 февраль куни Италиянинг Неаполь шаҳрида туғилган. УЕФА таснифидаги «A» тоифали мураббийлик лицензиясига эга. Футболчилик фаолиятини «Наполи» ёшлар жамоаси, «Казеле» ва «Потенца» клубларида ўтказган. Мураббийлик ишини эса 2013 йили «Кьево» ва «Уотфорд» клубларида Жузеппе Саннино ассистенти ролида бошлаган. Троизе кейинчалик «Катания», «Ал-Наср», «Гуанжоу Эвергранд», «Беневенто», «Удинезе» ва «Динамо» Зг. жамоаларида ҳам фаолият юритди. У 2016 йилдан буён Фабио Каннавaро билан бирга ишлаб келмоқда.

Ўзбекистон миллий жамоаси тарихидаги хорижлик бош мураббийлар

Убиража да Сильва (Бразилия) - 1997-1998 йилларда 8та ўйин, 4та ғалаба, 2та дуранг 2та мағлубият

Павел Садирин (Россия) - 2000 йилда 1та ўйин, 1та мағлубият

Владимир Сальков (Россия) - 2001 йилда 19та ўйин, 10та ғалаба, 3та дуранг, 6та мағлубият

Леонид Остроушко (Қозоғистон) -  2001 йилда 1та ўйин, 1та ғалаба 

Ханс-Юрген Гёде (Германия) - 2005 йилда 3та ўйин, 1та дуранг, 2та мағлубият

Роберт Хоугтон (Англия) - 2005 йилда 3та ўйин, 1та ғалаба, 2та дуранг

Валерий Непомняший (Россия) - 2006 йилда 6та ўйин, 3та ғалаба, 2та дуранг, 1та мағлубият

Эктор Купер (Аргентина) - 2018-2019 йилларда 17та ўйин, 7та ғалаба, 4та дуранг, 6та мағлубият

Сречко Катанец (Словения) - 2021-2025 йилларда 42та ўйин, 26та ғалаба, 8та дуранг, 8та мағлубият

Фабио Каннаваро (Италия) - 2025-... йилларда 2та ўйин, 1та ғалаба, 1та мағлубият

Related to this topic: