Бу галл «Ғарб»дан рақиб йўқ…
Бу галл «Ғарб»дан рақиб йўқ…
Жорий йил тақвимига киритилган U-17 тоифасидаги Осиё кубоги финал раундига қуръа ташланди. Куала-Лумпур шаҳрида ташкил этилган жараёнда Ўзбекистон ўсмирлар термаси «D» гуруҳига тушди. Рақибларимиз – Австралия, Ҳиндистон ва КХДР U-17 терма жамоалари. Маълумот учун, 7-24 май кунлари Саудия Арабистонида бўладиган мазкур мусобақа яна Қатарда ташкиллаштириладиган U-17 тоифасидаги ЖЧ-2026га саралаш босқичи вазифасини ҳам ўтаб беради. Яъни Саудияда гуруҳ раундидан чиққан 8та жамоа кичик мундиалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
***
Қуръа жараёнида 16та жамоа 4та саватчага ажратилди. Бунда Ўзбекистон U-17 термаси амалдаги чемпион сифатида 1-саватчадан жой олганди. Сергей Чигодаев бошқарувидаги жамоамиз Осиё чемпионатига 6 май куни КХДР термасига қарши ўйин билан киришади. Ўзбекистон U-17 термаси бош мураббийи қуръа ҳақида фикр билдирар экан, финалга чиқишни истаган жамоа исталган рақиб билан ўйнашга тайёр бўлиши кераклигини таъкидлади: «Осиё чемпионатида қатнашадиган 16та жамоа ҳам ўзига яраша кучли. Биз учун қайси жамоа билан ўйнашнинг фарқи йўқ, чунки мақсадимиз юқори. Қолаверса, финалга чиқиш учун исталган рақибга қарши майдонга тушиб, ғалаба учун ўйнашимиз керак. «D» гуруҳида Австралия, Ҳиндистон ва КХДР термалари билан тўқнаш келадиган бўлдик. Албатта, бўлажак рақибларнинг бир қатор ўйинларини кўриб чиқдик. Ҳар бири яхши даражада. Нима бўлишидан қатъий назар, ҳар ўйинда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз. 13 февралда йиғилдик. 5 кун давомида ўз қароргоҳимизда шуғулланамиз, кейин Беларусга йўл оламиз. У ерда «Ривожланиш кубоги» халқаро турнирида қатнашамиз, рақиблар яхши. Гуруҳда Беларусь, Озарбайжон ва Россия термаларига қарши майдонга тушамиз. Ўйлайманки, турнир Осиё кубогига муносиб тайёргарлик вазифасини ўтаб беради».
ОК-2026 (U-17) ГУРУҲЛАРИ
«A» гуруҳи
С.Арабистони
Тожикистон
Таиланд
Мьянма
«B» гуруҳи
Япония
Индонезия
Хитой
Қатар
«C» гуруҳи
Ж.Корея
Яман
Вьетнам
БАА
«D» гуруҳи
Ўзбекистон
Австралия
Ҳиндистон
КХДР
ЎЗБЕКИСТОН ЎСМИРЛАР ТЕРМАСИ ЎЙИНЛАРИ
1-тур. 6 май (чоршанба)
21:30 ЎЗБЕКИСТОН – КХДР
2-тур. 10 май (якшанба)
22:00 ҲИНДИСТОН – ЎЗБЕКИСТОН
3-тур. 13 май (чоршанба)
21:30 ЎЗБЕКИСТОН – АВСТРАЛИЯ
***
Ўзбекистон ўсмирлар термаси 13 февраль куни Осиё кубогига тайёргарлик доирасида навбатдаги йиғинга киришди. Олдин хабар берилганидек, Сергей Чигодаев шогирдлари Миллий футбол марказида 18-санагача шуғулланиб, шундан сўнг Беларусга йўл олишади. Жамоамиз Минскда 24 февралгача бўладиган анъанавий «Ривожланиш кубоги» турнирида иштирок этади. Вакилларимиз «B» гуруҳида Беларусь, Озарбайжон ва Россия ўсмирлар термаларига қарши ўйнашади.
19 февраль (пайшанба)
БЕЛАРУСЬ (U-17) – ЎЗБЕКИСТОН (U-17)
20 февраль (жума)
ОЗАРБАЙЖОН (U-17) – ЎЗБЕКИСТОН (U-17)
21 февраль (шанба)
РОССИЯ (U-17) – ЎЗБЕКИСТОН (U-17)
Ўзбекистон U-17 терма жамоаси
йиғинига жалб этилган футболчилар
Дарвозабонлар: Олим Шомуродов («Пахтакор»), Денис Журавлёв («Пахтакор»), Абдулборий Зоиджонов («Локомотив»)
Ҳимоячилар: Машҳур Абдисолиев («Насаф»), Миржамол Анваров («Одил Аҳмедов» ФА), Жаҳонгир Ўктамбоев («Бунёдкор»), Адис Абдунабиев («Оқ-тепа»), Абубакр Раҳимов («Одил Аҳмедов» ФА), Элсевар Олимов (РФА – Республика футбол академияси)
Ярим ҳимоячилар: Муҳаммад Маматов («Пахтакор»), Амирхон Эркинов («Одил Аҳмедов» ФА), Ислом Равшанов («Пахтакор»), Миркомил Муродов («Бунёдкор»), Одилхон Орифхонов («Одил Аҳмедов» ФА), Аҳрор Рашванбеков («Андижон»), Суҳроб Садиржонов («Ғазалкент»), Билол Алиев (РФА), Рустам Тоиров («Дўстлик»), Муҳаммадумар Юсупов («Локомотив»)Ҳужумчилар: Рустам Алиев («Сурхон»), Лазиз Абдураимов («Бунёдкор»), Асилбек Алиев («Андижон»)




