Суперлига жамоалари эса янги мавсум тараддудига зўр беришган. Анъанага мувофиқ, сўнгги кунларда клубларимиз лагерида кузатилаётган воқеликлар ҳақида маълумот беришда давом этамиз.
«НАСАФ»
Ўтган мавсум «Насаф» сафида Ўзбекистон чемпиони бўлган Шаҳзод Акрамов «аждарлар» сафини тарк этиши мумкин. Футболчи Суперлигага қайтган «Қўқон-1912» йиғинида иштирок этмоқда. Жамоа етакчилардан бири ва миллий терма жамоамиз аъзоси Шерзод Насруллаев билан эса келишув муддати узайтирилди. Олдинроқ, ортда қолган мавсум Суперлиганинг энг яхши футболчиси деб топилган Акмал Мозговой ҳам «Насаф»да қолишни маъқул кўрганди.
«НАВБАҲОР»
Янги мавсумга қизғин ҳозирлик кўраётган «Навбаҳор» аъзолари икки кунлик ҳордиқдан сўнг, сешанба кунидан яна Тошкентда тўпланиб, машғулотларга киришишди. Тайёргарлик кунига икки маҳалдан - эрталаб ва тушдан сўнг олиб борилмоқда. Аввал хабар берганимиздек, ушбу йиғин давомидаги асосий эътибор футболчиларнинг жисмоний ҳолатларини тиклашга қаратилади. Ўтган мавсум «лочинлар» сафидаги ишончли ўйинлари билан наманганлик мухлислар меҳрини қозонган Филип Иванович эса ўзининг ижтимоий тармоқ саҳифасида «Навбаҳор»га миннатдорчилик билдирди ва жамоа билан расман хайрлашди.
«СЎҒДИЁНА»
Газетамизнинг сешанба сонида хабар берганимиздек, «Сўғдиёна» қишки ўқув-йиғин машғулотларини Зоминда давом эттирмоқда. Клуб матбуот хизмати чоп этган суратлардан кўриш мумкинки, 26 ёшли ҳужумчи Саҳоб Рашидов ҳам жиззахликлар сафида шуғулланяпти. Маълумот учун, футболчи охирги марта Биринчи лиганинг «Жиззах» жамоасида тўп тепганди. У фаолияти мобайнида асосан «Сўғдиёна» шарафини ҳимоя қилган бўлиб, «Динамо» ва «Хоразм» жамоаларида ҳам тўп сурган. Шунингдек, Жиззах клуби «Олимпик» аъзоси, марказий ҳимоячи Беҳруз Жуматовни ўз сафига қўшиб олди. Аввалроқ, ёш ва истиқболли дарвозабон Муҳаммадюсуф Собиров билан янги меҳнат шартномаси имзолангани ойдинлашган бўлса, ўтган мавсумни «Бунёдкор»да ўтказган Абдуллоҳ Омоналиев ҳам «Сўғдиёна»га қайтди.
«НЕФТЧИ»
Ҳозиргача ўз сафига Ўзбекистоннинг номдор футболчиларини йиғишга улгурган «Нефтчи» энди хорижда тўп тепаётган легионерларимиз билан шартнома тузмоқчи. Маълумотларга кўра, Фарғона клуби Россиянниг «Рубин» жамоаси аъзоси Рустам Ашурматовни ортга қайтаришга уринмоқда. Бундан ташқари, якунланган мавсум Қозоғистоннинг «Астана» клуби сафида мамлакат чемпионлигига эришган Иброҳим Ҳалил Йўлдошев ҳам «Нефтчи»га ўтиши мумкин. Эслатиш жоиз, Йўлдошев «Нижний Новгород» футболчиси ҳисобланади ва унинг Россия клуби билан 2025 йилнинг ёзига қадар амалда бўладиган шартномаси бор. Ўтган йили «Нефтчи» таркибида 12та ўйинда 2та гол ва 1та ассист тўплаган Азизбек Омонов «Бунёдкор» таклифини қабул қилган бўлса, Беҳрузбек Облақулов «Динамо» йиғинида иштирок этмоқда.
«ПАХТАКОР»
Анталиядаги машғулотларни давом эттираётган «Пахтакор» аввалги ҳафта 2та ўртоқлик учрашувида майдонга тушгани ҳақида маълумот берган эдик. Туркиядаги йиғин давомида яна 7та жамоага қарши назорат баҳси ўтказилиши режалаштирилган. Эътиборлиси, «шерлар» 15 ва 28 январь кунлари бир кунда 2та ўйинда майдонга чиқишади.
8 январь. «Униря Слобозия» (Руминия) 2:0
12 январь. «Турон» (Озарбайжон) 2:0
15 январь. «Карвина» (Чехия)
15 январь. «Хиросима» (Япония)
18 январь. «Елимай» (қозоғистон)
24 январь. Раднички Ниш (Сербия)
26 январь. «Актобе» (қозоғистон)
28 январь. «Силекс» (Шимолий Македония)
28 январь. «Сухарека» (Косово)
«СУРХОН»
Туркияда йиғин ўтказаётган «Сурхон» сафида бир қатор маҳаллий ва легионер футболчилар кўрикдан ўтишмоқда. Улар сафида Россиянинг «Краснодар» клуби тарбияланувчиси Дмитрий Кратков ҳам бор. Агарда, 22 ёшли футболчининг ҳаракатлари жамоа мураббийларига маъқул келса, янги мавсумда ушбу ярим ҳимоячи фаолиятини Ўзбекистонда давом эттиради. Айтганча, «учар тулпорлар» 13 январ куни Сербиянинг «Воеводина» клубига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, 0:1 ҳисобида имкониятни бой беришди.
«Сурхон»- «Воеводина» (Сербия) - 0:1
«Сурхон»: А.Потапов, Н.Неъматхонов, Б.Шамсиев, К.Колесниченко, Д.Плетнёв, Ж.Абдусаломов, М.Абдураҳмонов, Ж.Жўраев, Б.Шайдулов, А.Кратков, С.Поёнов.
Заҳирадан майдонга тушганлар: Д.Мерганов, Б.Каримов, С.Ҳамиджонов, С.Маҳмудов, Ж.Ходжаниязов, Б.Шукруллаев, Д.Турсунов, Н.Абдухолиқов, С.Абдуҳамидов, Д.Рамазонов, А.Каримов, М.Мирқодиров, Ш.Комилов.
«ДИНАМО»
Мавсум олди тараддудини Тошкентда олиб бораётган Самарқанд клуби 13 январ куни йиғин доирасида «Бунёдкор»га қарши назорат ўйинида майдонга тушди. Мазкур учрашувда жамоа легионерлари Ратиньо ва Марко Станоевич тўп сурмади, улар «Динамо»нинг БААдаги йиғинига бориб қўшилиши кутилмоқда.
«Бунёдкор» - «Динамо» - 2:1 (0:0)
Бош ҳакам: Аскер Нажафалиев
Голлар: Ф.Абдураҳмонов автогол (67), Б.Туплиев (71) - Облоқулов (60).
«Динамо»: Равшанбек Ягудин, Улуғбек Абдуллаев, Жаҳонгир Ўрозов, Олександр Кучеренко, Мақсудхўжа Аълохўжаев, Дуглас Майкон, Манучеҳр Сафаров, Санжар Қодирқулов, Хислат Халилов, Анваржон Ҳожимирзаев, Миржаҳон Мираҳмадов.
Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Сарвар Каримов, Эдем Неманов, Салим Мустафоев, Акрам Абдурасулов, Ойбек Ўрмонжонов, Беҳрузбек Облоқулов, Воҳиджон Оқбўтаев, Ойбек Ҳамроқулов, Фирдавс Абдураҳмонов.
Шу билан, «Динамо»нинг Тошкентдаги йиғини якунланди. Жамоа 15-29 январ кунлари Абу-Дабида хориж йиғинини ўтказади. Таркибдаги ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, «Динамо» Эроннинг «Истиқлол» клубига трансфер қилинган Жоэл Кожо ўрнини бош-қа легионер билан тўлдирмоқчи. Мураббийлар штаби Дубайдаги йиғин давомида бир неча ҳужумчиларни синовдан ўтказишади. Шунингдек, ўтган йил «Нефтчи»да деярли майдонга тушмаган Беҳрузбек Облақулов ҳам самарқандликлар машғулотларида қатнашмоқда. Эътиборлиси, «Бунёдкор»га қарши кечган ўртоқлик учрашувида «Динамо»чилар сафида айнан Облақулов гол муаллифига айланди.
«ҚИЗИЛҚУМ»
Янги мавсумда, янги марраларни кўзлаётган «Қизилқум» Навоийда «Кимёгар» стадионидаги машғулотларни давом эттирмоқда. Жамоа сафига «Олимпик Mobiuz»га ижарага берилган Озодбек Эргашев ҳамда Ғиёсжон Ризақулов келиб қўшилишди.
«БУНЁДКОР»
Мавсум тараддудини кучайтирилган тартибда давом эттираётган «Бунёдкор» сафига яна бир футболчи келиб қўшилди. Унга кўра, миллий терма жамоамиз аъзоси Азизбек Омонов эндиликда «қалдирғочлар» шарафини ҳимоя қилади. Эслатиб ўтамиз, Амонов ўтган йили «Нефтчи» таркибида 12та ўйинда 2та гол ва 1та ассист қайд этганди. Ортда қолган мавсумни «Бунёдкор»да ўтказган Абдуллоҳ Омоналиев эса «Сўғдиёна»га қайтгани маълум бўлди. Пойтахтликлар 13 январ куни «Бунёдкор» футбол академияси майдонида «Динамо»га қарши назорат ўйинида майдонга тушиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.
«Бунёдкор» - «Динамо» - 2:1
Бош ҳакам: Аскер Нажафалиев
Голлар: Ф.Абдураҳмонов автогол (67), Б.Туплиев (71) - Облоқулов (60).
«Бунёдкор»: Ҳамидулло Абдунабиев, Итсуки Урата, Марко Бугарин, Александр Зевадинов, Имедиа Ашортиа, Одил Ҳамробеков, Амир Тўрақулов, Носир Абдусаломов, Сардор Абдунабиев, Николоз Мали, Темурхўжа Абдухолиқов.
Иккинчи бўлимда майдонга тушганлар: Абдумавлон Абдужалилов, Тохир Тўхтасинов, Билол Туплиев, Расул Йўлдошев, Бобур Йўлдошев, Асадбек Раҳимжонов, Нажмиддин Нормуродов, Азизбек Амонов, Луис Качорри, Бобур Ёрбеков, Ойбек Шомуродов, Жаҳонгир Фозилов, Шораҳим Шораҳмедов, Миркомил Аннаматов.
«БУХОРО»
Жамоа янги мавсум учун таркибни кучайтириш мақсадида маҳоратли ярим ҳимоячи Фране Чирьяк билан шартнома имзолади. Маълумот учун, ушбу футболчи ўтган мавсум Тошкентнинг «Бунёдкор» клубида тўп сурганди. Бундан ташқари, у фаолияти давомида Хорватия, Босния ва Герцеговина, Сербия, Болгария, Украина, Швейцария жамоалари шарафини ҳам ҳимоя қилган. Жорий йил 29 ёшни қаршилайдиган хорватиялик ярим ҳимоячи «азим шаҳар» вакиллари билан бир йиллик шартномага имзо чекди. Эслатиш жоиз, Фране Чирьяк ўтган мавсум «қалдирғочлар» таркибида 25та ўйинда қатнашиб, 1та голли узатмани амалга оширган.
«ҚЎҚОН-1912»
Узоқ танаффусдан сўнг Суперлигага қайтган «Қўқон-1912» жамоаси яна бир маҳоратли футболчи билан шартнома тузиши мумкин. Аниқроқ айтганда, якунига етган мавсум «Насаф» сафида Ўзбекистон чемпиони бўлган Шаҳзод Акрамов айни дамда «Қўқон-1912» йиғинида иштирок этмоқда. Футболчи ўтган йили «аждарлар» сафида Суперлигада жами 7та учрашувда майдонга тушган.
«ШЎРТАН»
«Шўртан» клуби таркибга жалб этилган янги футболчилар билан жамоани кучайтирибгина қолмай, ўз етакчиларини клубда олиб қолиш мақсадида келишувни узайтирмоқда. Жумладан, ўтган мавсумда ғузорликларга катта ёрдам берган Улуғбек Худойбердиев, Сардор Саъдуллаев ва Жўрабек Манноновлар 2025 йил сўнггига қадар жамоа билан бирга бўлишади. Шунингдек, ўз вақтида «Сурхон», «Машъал», «Динамо», «Сўғдиёна» ва сўнгги мавсумни Тожикистоннинг ЦСКА жамоаларида ўтказган моҳир дарвозабон Шоҳруҳ Эшбўтаев билан 1 йиллик келишувга эришилди. Асоссийси, узоқ танаффусдан сўнг жамоани элитага олиб чиқишга эришган мураббий Анвар Бердиевнинг ҳам клубдаги келажагига ойдинлик киритилди. Унга кўра, мутахассис Суперлигада ҳам жамоани бошқаришда давом этади.
«ЛОКОМОТИВ»
Мавсум якунида Про лигага тушиб кетган «Локомотив» 6 январдан янги мавсум учун тайёргарликни бошлади. Жамоа таркибидаги ўзгаришлар тўғрисида газетамизнинг ҳар бир сонида мунтазам маълумот бериб боряпмиз. Шунга қўшимча тарзда айтадиган бўлсак, «темирйўлчилар» сафига сербиялик ярим ҳимоячи Никола Попович келиб қўшилди. 1994 йилнинг 31 май кунида туғилган футболчи «Локомотив»га қадар Сербиянинг «Земун» жамоаси шарафини ҳимоя қилаётганди. Попович фаолияти давомида 200дан ортиқ ўйинларда қатнашиб, 36та гол ва 18та ассист қайд этган.