Telegram Facebook Twitter Instagram OK Ҳафталик ташрифлар: 13,859

Ўзбекистон – мундиалнинг энг хавфли дебютанти

Ўзбекистон – мундиалнинг энг хавфли дебютанти

Германиянинг нуфузли спорт нашри – fussballfieber.de экспертлари Канада, Мексика ва АҚШда бўладиган ЖЧ-2026 дебютантлари – Кюрасао, Иордания, Кабо-Верде ва Ўзбекистон миллий жамоаларини алоҳида таҳлил қилиб чиқишди. Диққатга сазовор томони, булар орасида айнан бизнинг жамоа энг хавфлиси сифатида эътироф этилди. «ЖЧ-2026 футбол тарихига рекордлар билан киради: 48та миллий жамоа, 104та ўйин ва бирданига 4та дебютант иштирокчи (Ўзбекистон, Кюрасао, Иордания ва Кабо-Верде). Дебютантлар орасида эса Марказий Осиё номидан қатнашадиган Ўзбекистон термаси энг тартибли ва амбицияли жамоадек кўринмоқда», – дейилади мақоланинг кириш қисмида.

Етти омадсиз уринишдан кейинги тарихий юриш

Ўзбекистон миллий жамоаси жаҳон чемпионати саралашидаги 8-уринишда ниҳоят, мақсадига эришди. Жамоа бунга қадар ўз тарихида 7 марта мундиал йўлланмаси учун курашган, бироқ ҳар сафар унга омад етишмаган. Демак, Ўзбекистон термасининг футбол форумига йўлланма олгани – тарихий муваффақият. Шу маънода 2025 йилнинг 5 июнь куни ўзбек футболи тарихига алоҳида муҳрланди. Сафарда БАА термасига қарши баҳсда қайд этилган 0:0 ҳисоби ўша вақт Темур Кападзе бошқарувида ўйнаган Ўзбекистон миллий жамоасига жаҳон чемпионатининг орзиқиб кутилган йўлланмасини тақдим этди. Шу тариқа ўша пайт ФИФА рейтингида 58-қаторни эгаллаб турган Ўзбекистон термаси Марказий Осиёнинг мундиалга чиққан биринчи вакилига айланди. Айтиш керак, аҳолиси қарийб 37 миллионга тенг мамлакат жамоаси шу маънода ЖЧ-2026нинг энг йирик дебютанти ҳисобланади. Ўзбекистонликлар саралаш довонида ЖЧ-2022 мезбони – Қатар термасини ҳам ортда қолдирганини айтиш жоиз.

Ҳукумат эътирофи

Тарихий натижа мамлакатда катта шодиёна билан қарши олинди. БАА термасига қарши ҳал қилувчи учрашувдан сўнг футболчилар вақтинча бош мураббий Темур Кападзени устидан ичимлик сепиш орқали рамзий тарз­да табриклашди. Албатта, алкоголсиз, чунки Ўзбекистон – мусулмонлар ўлкаси. Муваффақият ҳукумат даражасида ҳам эътироф этилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи футболчиларни тарихий натижа билан қутлади. Жамоа аъзолари фахрий унвон ва медаллар билан тақдирланишгани, янги автомобиллар совға қилингани Ўзбекистонда футбол ҳукумат даражасида қўллаб-қувватланаётганидан далолатдир.

ЖЧ-2026да Ўзбекистон миллий жамоасини майдон чети ва унинг ичида икки муҳим шахс бошқаради. Жамоани 2025 йилнинг октябридан буён машҳур Фабио Каннаваро бошқармоқда. Эътиборлиси, бу лавозим дастлаб германиялик Йоахим Лёв таклиф қилинганди, бироқ у рад жавоби берди. Якунда ўзбекистонлик футболчиларни тарихий мундиалга ЖЧ-2006да ғалаба нашидасини сурган италиялик собиқ ҳимоячи тайёрлайдиган бўлди. Жамоанинг майдондаги етакчиларидан бири — ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов. 2025 йилнинг январь ойидан буён «Манчестер Сити»да, кимсан Хосеп Гвардиола қўл остида тўп сураётган ёш иқтидор АПЛ тарихига ўзбекистонлик биринчи футболчи сифатида кирди.

«Темир ҳимоя» ва Роналду синови

Ўзбекистон миллий жамоасини ЖЧ-2026да жиддий синовлар кутмоқда, албатта. Дейлик, «оқ бўрилар» «К» гуруҳи доирасида Евро-2016 чемпиони Португалия термаси ва афсонавий Криштиану Роналдуга қарши баҳс олиб боришади. 41 ёшли юлдуз ўзи учун эҳтимолий охирги ЖЧда яна бир қатор рекорд­ларни кўзлаётгани тайин. Роналду жумладан, мундиал тарихидаги энг ёши катта футболчи ва гол муаллифлари қаторига қўшилишга уринади. Ўзбекистон термаси яна Колумбия термаси ва «плей-офф» орқали чиқадиган жамоага қарши майдонга тушади. Дебютант бу ўйинларда «темир ҳимоя»га таянса, ажабмас. Хуллас, «оқ бўрилар» ўзлари учун илк мундиалда фақат тажриба орттириш билан чекланмоқчи эмаслар. Улар гуруҳда лоақал 3-ўрин орқали «плей-офф» босқичига чиқиш имкониятига жиддий қарамоқдалар.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *