“Хартс” – Европа футболидаги янги мўъжиза
“Хартс” – Европа футболидаги янги мўъжиза
Шотландия футболида тарихий воқеалар содир бўлмоқда. Илк бор 1985 йилдан бери мамлакат чемпиони «Селтик» ёки «Рейнжерс»дан бошқа жамоа бўлиши эҳтимоли жуда юқори.
Сэр Алекс Фергюсон изидан
Шотландия Премьер-лигаси деганда аксарият футбол мухлисларининг хаёлига фақат икки ном келади: ирланд муҳожирлари томонидан ташкил этилган «Селтик» ва Британия анъаналарининг рамзи ҳисобланган «Рейнжерс». Глазгодаги бу икки клуб ўртасидаги дерби — Европадаги энг қизғин ва муросасиз тўқнашувлардан бири.
Бошқа жамоалар эса, одатда, Шотландиядан ташқарида деярли эътиборсиз қолиб кетади. Бироқ 2025/2026 йилги мавсум барча қолипларни парчаламоқда.
23-турдан сўнг турнир жадвалини «Харт оф Мидлотиан», ёки мухлислар одатда айтганидек, «Хартс» ишончли тарзда бошқариб турибди. Эдинбург жамоаси охирги марта 1960 йилда чемпион бўлган, яқин ўтмишда эса жиддий молиявий инқирозни ҳам бошидан кечирган. Бугун эса «Хартс» «Селтик» ва «Рейнжерс»ни ортда қолдириб, тарихий чемпионлик сари жадал илгариламоқда.
Агар қолган 15 тур давомида ҳам етакчиликни сақлаб қолишса, эдинбургликлар 1985 йилда Алекс Фергюсон бошчилигида «Абердин» амалга оширган улкан ютуқни такрорлайди — яъни икки гранднинг кўп йиллик гегемониясига барҳам беради.
Эътиборлиси шундаки, бор-йўғи беш йил аввал, 2020/2021 мавсумида, «Хартс» қуйи дивизионда ҳаракат қиларди. Ўшанда бу клуб устидан кулганлар кўп эди. Бугун эса жамоанинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари 100 мингдан ортиқ обуначига эга. Ва мухлислар сони кун сайин ортиб бормоқда.
Макиннес — Жонс тандеми
«Хартс» муваффақияти икки асосий таянчга қурилган: бош мураббий Дерек Макиннес ва 2024 йил охирида тайинланган спорт директори Грэм Жонс. Макиннес аввалроқ «Абердин» билан ишлаган даврида ҳам Глазго грандларига қарши жиддий кураш олиб борган эди. Жонс эса футбол бозорида ҳақиқий хазина қидирувчиси сифатида танилмоқда — у жамоа учун дунёнинг турли, ҳатто экзотик бурчакларидан иқтидорларни топа олди.
Бугун лиганинг энг яхши ассистенти ҳисобланган Александрос Кизиридис «Хартс»га Словакиядан келган. Захирадан тушиб ўйин тақдирини ҳал қила оладиган Пьер Каборе Эстониядан, чемпионатнинг тўртинчи энг яхши тўпурари Клаудио Брага эса Норвегиянинг иккинчи дивизионидаги «Олесунн» клубидан таклиф этилган. 2026 йил январь ойида эса Жонс яна бир қизиқ трансферни амалга оширди — Қозоғистоннинг «Тобол» клубидан 26 ёшли ярим ҳимоячи Ислом Чесноков «Хартс» сафига қўшилди.
«Ҳали ҳаммаси олдинда»
Албатта, «Хартс»нинг юксалишида рақибларнинг муаммолари ҳам ўз ўрнини тутди. «Рейнжерс» кўплаб етакчилар билан хайрлашди. «Селтик» эса мавсум давомида уч марта бош мураббийни алмаштирди: Уилфрид Нэнси бир ой ҳам ишламади, тажрибали Мартин О~Нил эса жамоага икки бор вақтинча қайтишга мажбур бўлди. Бироқ бу ҳолатлар «Хартс» ютуғини ҳеч қачон камайтирмайди. Агар «юраклар» чемпионликка эришса, ҳеч ким Глазго грандларининг муаммоларини эсламайди.
«Биз лига чўққисига ўзимизни «Барселона» деб ҳисоблаганимиз учун эмас, балки ишимизни ҳалол ва тўғри бажарганимиз учун чиқдик. Аммо бу иш ҳали тугамади. Ҳаммаси энди бошланяпти», — дейди Дерек Макиннес.
Бу бақувват, соқоли ўсган мураббийга чин дилдан омад тилагинг келади. Балки у ҳам «Хартс» билан тарих яратиб, кейинчалик сэр Алекс Фергюсон каби буюк карьерага эга бўлар. Айни пайтдаёқ «Манчестер Юнайтед» раҳбарияти Макиннесни диққат билан кузатиб қўйса, ёмон бўлмасди.
Шотландия чемпионлари (умумий)
«Селтик» — 55 марта (охирги чемпионлик: 2024/2025);
«Рейнжерс» — 55 марта (2020/2021);
«Абердин» — 4 марта (1984/1985);
«Хартс» — 4 марта (1959/1960);
«Хайберниан» — 4 марта (1951/1952);
«Думбартон» — 2 марта (1891/1892);
«Данди Юнайтед» — 1 марта (1982/1983);
«Килмарнок» — 1 марта (1964/1965);
«Данди» — 1 марта (1961/1962);
«Мазервэлл» — 1 марта (1931/1932);
«Терд Ланарк» — 1 марта (1903/1904).
Манба: sovsport.ru, МУҲАММАДХОН тайёрлади




