Лифтда сайр мисоли...
АПЛ ТАРИХИ (ОХИРГИ 29 МАВСУМ)ДА ҚАЙСИ КЛУБЛАР ҚУЙИГА КЎПРОҚ ТУШГАН?
Бугунги АПЛ дунёнинг энг донгдор, кучли ва томошабоп лигаси, шубҳасиз. Ҳар қандай тузукроқ футболчи айни кучқув-ватга тўлган даври Англияда ўйнашни орзу қилиши ҳам ўз-ўзидан тайин.
Ана шу - бутун футбол оммасини бирдек мафтун этаётган инглиз футбол салтанати яқинда 30 йиллик юбилейини қарши олди. Ҳа, бундан 30 йил муқаддам туманли ўлка футбол пирамидасида Биринчи дивизион ўрнини АПЛ аталмиш сеҳри лойиҳа эгаллаганди. Табиийки, ортда қолган даврда дунё кескин ўзгарди, ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида тараққиётнинг кучли силкиниши кузатилди, жумладан, футбол оламининг бош лигасида ҳам кўп нарсалар ўзгарди.
АПЛ рақамларда
30 йил давомида АПЛ доирасида жами 11656та ўйин ўтказилди ва уларда 31016та гол қайд этилди (жорий мавсум рақамлари ҳисобга киритилмаган). Англия лигасида гол уриш бахти 2528 нафар футболчига насиб этди. Шу давр ичида 120та мамлакатнинг 4534 нафар вакили АПЛ ўйинларида кўриниш берди. Фаолияти давомида рақиблар дарвозасини 260 марта нишонга олган собиқ ҳужумчи Алан Ширер ҳамон АПЛ тарихидаги энг яхши тўпурар бўлиб қолмоқда. Лигада қайд қилинган жами голлардан 0,84 фоизи айнан Ширер ҳисобида. Шунингдек, чемпионат тарихида 3217 нафар футболчи (жами иштирокчиларнинг 71 фоизи) қайсидир рангдаги карточка олиш билан протоколга кирди. Карточкаларнинг умумий сони эса 37 мингдан кўп - 35312та «сариқ» ва 1701та «қизил». Ричард Данн, Дункан Фергюсон ва Патрик Виейра қизил карточка туфайли 8тадан ўйинни охирига етказолмаганлар. Гарет Барри эса 123 марта сариқ карточка ишлаган - АПЛнинг яна бир антирекордчиси.
Умуман олганда, 30 йил давомида жами 50та клуб АПЛда қатнашди ва уларнинг атиги 7таси лоақал бир марта чемпион бўлгани билан мақтана олади. 42та жамоа эса АПЛдан тушиб кетиш тақдирини кўрди. Жумладан, «Манчестер Сити», «Блэкберн» ва «Лестер» жамоалари ғолиблик завқини ҳам, омадсизлик аламини ҳам татиб кўрди. 30 йил ичида 955та ўйин (8,2 фоиз) нурсиз дуранг (0:0) билан якунланди. Атиги 5та ўйинда эса томонлар 10та гол уришди. Энг сермаҳсул учрашув (11та гол) 2007 йили кузатилди: «Портсмут» - «Рединг» - 7:4.
Мураббийлар цехи
Бош мураббий вазифасини вақтинча бажарганларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, 50та клубни жами 265 нафар мутахассис майдонга олиб тушди. Бу рўйхатга қўшилган энг сўнгги мураббийлар - Стив Купер ва Эрик тен Хаг. Эътиборлиси, бош мураббий ваколатини вақтинча қўлга олган 6 нафар мутахассис 100 фоизли натижага эга. Жумладан, Пэт Райс 1996 йили «Арсенал» билан қаторасига 3та ўйинда ғалабага эришиб, бошқарувни афсонавий Арсен Венгерга топширганди. Штатли бош мураббийларга қарасак, энг юксак натижа Хосеп Гвардиолага тегишли - 74 фоиз ўйинда ғалаба. 18 нафар бош мураббий ҳисобида фақат мағлубият бор (улардан 15 нафари вазифага вақтинча тайинланган). Дейлик, илк мағлубиятдан кейиноқ лавозимидан четлатилган мураббий - бу Франк де Бур («Кристал Пэлас»).
Мухлислар армияси
АПЛ учрашувларини қанча мухлис стадионларда томоша қилган? Ҳаммаси бўлиб 368 млн. киши! Табиийки, улар қаторида севимли клубларининг ўйинларини бирор марта ўтказиб юбормаган ашаддий фанатлар ҳам кўп.
Ўзгаришлар туғёни
Таъкидлаш жоиз, 1992|1993 йиллар мавсумиданоқ туб ўзгаришлар бошланганди. Аввало, тўпни дарвозабонга қайтариш қоидаси ислоҳ қилинди. 1992 йилга қадар дарвозабон жамоадоши узатган тўпни ушлаб олиши мумкин эди. Янги қоида дастлабки ҳафталар дарвозабон ва ҳимоячилар ўртасида айрим тушунмовчиликлар келтириб чиқарди, албатта. Муҳими, тез орада ҳаммаси изга тушди. Шу тариқа ўзгаришлар бирин-кетин амалга оширилди. 1998 йили ортдан «подкат» усулини қўллаш тақиқланди. Сўнгги йилларда эса эркин зарба ва тўпни ён чизиқдан ўйинга киритиш қоидалари ҳам ўзгартирилди. Бундан ташқари, АПЛ ташкил этилган пайт ўйинга қанча вақт қўшиб берилганини фақат бош ҳакам биларди. Қўшимча дақиқаларни захира ҳаками табло орқали эълон қилиши - нисбатан янги қоида. Қолаверса, захира имконияти ҳам оширилди. Дастлабки мавсум жамоалар 3 нафар футболчини алмаштириши, захира ўриндиғида эса атиги 5 нафар ўйинчи бўлиши мумкин эди. Сўнгги мавсум бу рақамлар мос равишда 5 ва 9 нафарга етди. Дарвоқе, АПЛда иштирокчилар сони камайтирилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Дастлабки 3 мавсумда иштирокчилар сони 22та бўлиб, ҳар бир клуб 42тадан ўйинда қатнашганди. Мавсум-1995|1996дан эътиборан ҳозирги формат ҳукмрон.
АПЛнинг еврокубокларда иштирок этадиган вакиллари сони ҳам ўзгарди, албатта. 1997 йилга қадар бош турнир - ЧЛ йўлланмаси фақат чемпионга бериларди. Илк мавсумда нуфузли чипта «МЮ»га насиб этган, Англия кубогини қўлга киритган «Арсенал» эса КЭК (Кубок эгалари кубоги)га йўл олган, «Астон Вилла» ҳамда «Норвич» УЕФА кубогига чиққанди. Энди АПЛнинг камида 7та жамоаси қитъа турнирларида иштирок этмоқда. Бу орада КЭК бекор қилинди, УЕФА кубоги ЕЛга айлантирилди, Интертото кубоги ўрнини КЛ эгаллади.
Тушунарлики, мавсумнинг сўнгги тур ўйинларини бир хил вақтда бошлаш ўринли қарор. Лекин 1992|1993 йиллар мавсумида 7та ўйин шанба, 2таси якшанба ва охирги 2таси сешанба куни ўтказилганди.
Легион ўсиши
Илк йиллар АПЛда легионерлар сони жуда оз эди. Аниқроқ айтсак, жами футболчиларнинг 15,6 фоизини хорижликлар ташкил этишган. Сўнгги мавсум бу кўрсаткич 57,7 фоизга етди. Айтиш ўринли, «МЮ» Ирландия терма жамоаси вакили Стив Брюснинг 1994 йилги ЖЧда ўйнашига рухсат бермаганди. Чунки у ЧЛда хорижлик футболчи сифатида рўйхатга киритилмаганди. Кўпчилик, айниқса, ёшларни ажаблантирадиган яна бир жиҳат шуки, мавсум-2002|2003га қадар трансферларнинг сўнгги муддати 31 март эди. Яъни жамоалар бутун мавсум давомида футболчи харид қилиш ҳуқуқига эга эди.
Чемпионатнинг номланиши
1993-2007 йиллар оралиғида АПЛ расмий ҳужжатларда Премьершип номи билан юритилди. 2016 йилга келиб, шунчаки, Премьер лига атамаси тасдиқланди.
Дунёдаги ўзгаришлар
1992 йили бу ёруғ олам тамоман ўзгача эди. Интернет номли ажойибот ҳали ҳаётга келмаган, мобил телефон эса саноқли кишиларда бор эди. Оила аъзолари, яқин қариндошлар ҳолидан хабар олиш учун учрашув вақти ва жойини аниқ белгилаш ва албатта, харита олишни унутмаслик талаб этиларди. Айни ўша паллада собиқ иттифоқ ва Югославия 20та янги мамлакатга бўлиниб кетди, Шарқий ва Ғарбий Германия аксинча, бирлашди, Чехославакия эса «яхлит»лигича қолди. Футбол олами ҳам ўзгача даврни бошдан кечирди. Интернет ва смартфонлар «туғилиши»дан олдин ТВ, радио ва босма нашрлар асосий ахборот манбаи вазифасини адо этарди. Шанба оқшомидаги ўйинлар натижаларидан хабардор бўлишнинг энг осон усули телевизор ёки радиони ёқиш ҳисобланарди. Эндиликда нафақат яшил майдон, балки унинг атрофидаги қизиқарли воқеа-ҳодисаларни ҳам тезкор равишда мухлисларга етказиш имконияти тобора кенгаймоқда...
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
АПЛ ТАРИХИ (ОХИРГИ 29 МАВСУМ)ДА ҚАЙСИ КЛУБЛАР ҚУЙИГА КЎПРОҚ ТУШГАН?
Ўзбекистон миллий жамоаси ҳар гал ЖЧ саралашида имкон қадар муносиб қатнашганига қарамай, турнирнинг финал босқичи ҳалигача мухлисларимизга орзу бўлиб қолмоқда...
Хабарингиз бор, Суперлига-2024 ҳам финиш чизиғида турибди.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789