АНА, ХОЛОС! Футбол қоидаларидан бехабарлик оқибати

АНА, ХОЛОС!  Футбол қоидаларидан бехабарлик оқибати

Франция президенти Эммануэль Макроннинг турмуш ўртоғи Брижит хоним футболга унча қизиқмаслиги ёки мавжуд қоидалардан бехабарлиги ортидан ноқулай ҳолатга тушди.

Аниқроқ айтсак, у мамлакат миллий жамоаси бош мураббийи Дидье Дешамга ноўрин савол билан мурожаат қилиб, енгилгина кулгу остида қолди.

Аёлларнинг футболга тобора кучлироқ қизиқишаётгани бор гап. Лекин улар ҳалигача оддий қоидалардан бехабарлар. Франция президенти Эммануэль Макроннинг рафиқаси тушган ҳолат ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Брижит хоним хайрия тадбирларидан бирида Франция миллий жамоаси бош мураббийи Дидье Дешамга ҳеч ким кутмаган савол билан юзланди: «Дидье, айтингчи, «Реймс» ҳужумчиси Зунья Итони нега терма жамоага чақирмаяпсиз?» Табиийки, бу саволдан кейин Дешамнинг кулиб юборишига оз қолди. Тўғри, мураббий вақтида ўзини тутиб олди ва табассум билан қисқача жавоб берди: «Гап шундаки, у япониялик».

Брижит хонимнинг Зунья Итога қизиққани бежиз эмас, албатта. Зеро, 30 ёшли япониялик жорий мавсум «Реймс»да чиндан ҳам, зўр ўйнамоқда. Дейлик, у Лига 1 доирасидаги 17та ўйинда майдонга тушиб, 2та гол ва 4та ассист расмийлаштирди. Энг қизиғи, Ито айни кунлар Япония миллий жамоаси билан Осиё кубоги-2023да иштирок этмоқда. Маълумот учун, Зунья «самурайлар» сафида жами 53та ўйин ўтказиб, 13та гол ва 17та самарали узатма тўплаган. Тушунарлики, Макроннинг ҳамхонаси бундан ҳам бехабар...