АНА, ХОЛОС! Лео туфайли ноқулай ҳолат...

АНА, ХОЛОС!  Лео туфайли ноқулай ҳолат...

Аргентина миллий жамоаси КОНМЕБОЛ миқёсидаги ЖЧ-2026 саралаши 3-турида Парагвай термасини 3-дақиқада урилган тезкор гол эвазига доғда қолдирди ва

турнир жадвалида якка пешқадамга айланиб олди. Бинобарин, Бразилия термаси ўз майдонида венесуэлаликларни енголмади - 1:1.

Буэнос-Айрес шаҳридаги «Монументаль» стадионида ташкиллаштирилган Аргентина - Парагвай ўйини бошланиши арафасида эса анча ноқулай ҳолат юзага келди. Жуда ғалати манзара. Хуллас, Аргентина миллий термаси бошланғич таркибидан ўрин олган футболчилар анъанавий жамоавий сурат учун саф тортишган вақт барча камералар негадир бошқа томонга бурилди. Чунки қарама-қарши тарафда қизиқарлироқ «объект» - Лионель Месси турганди... Репортёрлар ва фотографларни бу ҳолат учун айблаш ноўрин. Зеро, улар ўйин бошида захирада қолган «Интер Майами» ҳужумчисини яқиндан суратга олиш имкониятини қўлдан чиқаролмасдилар. Шунингдек, бор нигоҳларни ўзига қаратгани учун Леодан ўпкалаш ҳам тўғри эмас. Эҳтимол, энг асосий айбдор бош юлдузни захирада қолдирган ва 53-дақиқада ўйинга ташлаган бош мураббий Лионель Скалонидир... Йўқ, у ҳам жамоа ва жароҳатдан кейин энди-энди ўйин ритмини тиклаётган адаши манфаати йўлида шундай йўл тутган. Бу ерда Аргентина термаси футболчиларига тасалли учун битта гап бор - мегаюлдуз билан жамоадош бўлиш қисмати шундай.

Эътиборни тортадиган яна бир нуқта: Месси захирадан майдонга тушиш арафасида ўйиндаги ягона гол муаллифи Николас Отамендига имо-ишоралар ёрдамида сардорлик боғичини ўзида қолдиришини кўрсатишга уринди. Лекин ҳимоячи ўз билганидан қолмади - фахрли атрибутни дарҳол жамоанинг «абадий» сардорига топширди. Буниси энди ҳурмат белгиси!