Ана, холос! Хоакин учун кутилмаган янги иш

Ана, холос!  Хоакин учун кутилмаган янги иш

Испаниянинг «Бетис» клуби афсонаси Хоакин Санчес яқиндагина футболчилик фаолиятига нуқта қўйганини эълон қилди.

 Испаниялик афсонавий хавбек учун мавсумнинг охирги ҳафтаси воқеаларга бой бўлди. У аввалига охирги расмий ўйинида майдонга тушди («Валенсия»га қарши), ке­йин эса фахрий футболчи хайр­лашуви шарафига яна бир алоҳида учрашув ташкил этилди.

Хоакин Санчеснинг хайрлашув ўйинида жуда кўплаб юлдузлар майдонга тушишди. Денилсон, Оливейра, Рамос, Хесус Навас, Рауль, Касильяс, Савиола, Касорла, Гути, Рейна, ван Нистелрой, Морьентес, Себальос, Бельерин - бу ўша куни Хоакинга ҳурмат бажо келтирганларнинг тўлиқсиз рўйхати. 23 йил ва 622та олий даражали ўйин - бундай узоқ ва воқеаларга бой фаолият ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. 

Хайрлашув оқшомининг эртасига эса «Бетис» расмий аккаунтида афсона учун янги иш топилгани маълум қилинди - клуб автобуси ҳайдовчиси! Ҳа, бу ўта кутилмаган ноёб вазифа Хоакин учун. Ишқилиб, унда автобус бошқариш имконини берувчи «D» тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бормикин? Умуман, ҳаммаси жиддийми? Кўринишидан, «Рома» автобусини ҳайдаб кўрган Жозе Моуриньо олдида жиддий рақиб гавдаланади, чоғи...