Aна холос! Яна ёш бўйича жанжал

Aна холос! Яна ёш бўйича жанжал

Айни кунларда Африкада U-15 тоифасида терма жамоалар турнири ўтказилмоқда.

Ғарбий Африка футбол иттифоқи томонидан ташкиллаштирилган мусобақага 12та жамоа таклиф этилганди. Жумладан, Сенегал, Нигерия, Гана, Кот-д~Ивуар ва Мали ўсмирлар термалари бор. Сьерра-Леоне жамоаси илк ўйинда мавританиялик ўсмирларни 6:0 ҳисобида енгди ва дарҳол жанжал бошланди. Мағлуб томон учрашувдан кейин мусобақадан чиқиб кетишлари эълон қилишди. Нега?

Мавритания расмийлари ўз қарорларини ёш болаларни жароҳатланиш хавфи остида қолдиролмасликлари билан изоҳлашди. «Ўйин гувоҳларининг маълум қилишларича, баъзи иштирокчи жамоалар мусобақага белгиланган ёш чегарасидан анча катта футболчиларни олиб келишган. Бундай ҳолатда болалар саломатлигини хавф остида қолдиришни истамаймиз», - дейилади Мавритания футбол федерацияси баёнотида. Буни тушуниш қийин эмас. Ўйиндан олинган суратларга қараб ҳам, икки жамоа вакилларининг жисмоний кўрсаткичлари ўртасидаги фарқни яққол сезиш мумкин. Умуман, Сьерра-Леоне термасининг жамоавий сурати шубҳаларни янада оширади. Наҳотки, шулар атиги 15 ёшда бўлсалар... 

Ижтимоий тармоқларда ҳам кўпчилик Мавритания термасини қўллаб-қувватламоқда. «Турнирдан чиқиб кетиш қарорини тўлиқ маъқуллайман. Чунки яққол кўриниб турибди, Сьерра-Леоне термаси U-15 эмас, U-21 таркиби билан ўйнамоқда. Бу - ёшга боғлиқ коррупция ва фирибгарлик. Ғарбий Африка футбол иттифоқи барчасини тезда аниқлаши керак» - ошкора муносабатлардан бири шу. Бироқ турнирда қатнашаётган бошқа жамоалар Мавритания термаси қарорига қўшилгани йўқ - барчаси ўйнашда давом этмоқда.

Шу ўринда шунга ўхшаш машҳур воқеани эсламасликнинг иложи йўқ. «Аякс»нинг 14 ёшли ҳимоячиси Дэвид Исмоннинг «Спарта»даги тенгдошлари олдида тушган сурати катта шов-шувларга сабаб бўлганди. Исмон Нидерландия ва Гана фуқаролигига эга. У ҳозир 16 ёшда ва «Аякс»нинг U-18 жамоасида ўйнамоқда. Дэвиднинг бўйи 179 см. бўлсада, фотосуратда икки метрли гигантга ўхшайди.