Асосий кашфиёт – «Ньюкасл»ми?

Асосий кашфиёт – «Ньюкасл»ми?

Жаҳоннинг эен жозибадор футбол лигаси - Англия Премьер-лигаси ҳам 2022|2023 йилги мавсумни тугатди.

Бир вақтнинг ўзида бир нечта топ-клублар таназзулга юз тутишганига қарамай, қизиқ воқеалар кўп бўлди. Бошқа томондан, кучли тўртликда янги юзлар пайдо бўлди, айрим жамоалар ўзини ҳар томонлама исботлай олди, «Манчестер Сити» эса чемпионлик учун курашда янги рақибга эга бўлди. Хуллас, қуйида АПЛ мавсум якунлари билан танишинг.

Чемпион: «Манчестер Сити»

Чемпионлар Лигаси иштирокчилари: «Манчестер Сити», «Арсенал», «Манчестер Юнайтед», «Ньюкасл»

Европа Лигаси иштирокчилари: «Ливерпуль», «Брайтон»

Конференциялар лигаси иштирокчиси: «Астон Вилла»

Чемпионшипга тушиб кетганлар: «Саутгемптон», «Лестер», «Лидс»

Мавсумнинг энг яхши жамоаси

Мавсумнинг энг яхши жамоаси чемпион жамоа ҳисобланади. Мавсумнинг биринчи ярмида «Манчестер Сити»да муаммолар юзага келган бўлса-да, «шаҳарликлар» иккинчи даврада бехато ўйнашди. Улар доимий равишда «Арсенал»га босим ўтказишди ва ҳар икки сафар ҳам чемпионлик учун курашда асосий рақибни мағлуб этишди. Қандай саволлар бўлиши мумкин? Лекин «канонирлар»­ни ҳам ҳурмат қилса арзийди. Бу ёш жамоа анчагина муваффақиятга эришиб, мавсумнинг асосий қисмида Премьер-лига турнир жадвалида пешқадамлик қилди. Қолаверса, «канонирлар» 7 йиллик танаффусдан сўнг Чемпионлар Лигасига қайтишди, бу ҳам катта ютуқ.

Мавсумнинг бош тўпурари

Эрлинг Холанд катта фарқ билан Премьер-лигада мавсумнинг бош тўпурари бўлди. «Манчестер Сити» форварди нақ 36та гол уриб, Харри Кейнни 6та голга ортда қолдирди. «Брентфорд» ҳужумчиси Айван Тоуни 20та гол билан кучли учликка якун ясади. Премьер-лигада ўтган мавсумда норвегиялик форвард ҳар бир ўйинда ўртача 1,03тадан гол урган, бу эса лигадаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. Умуман олганда, «Манчестер Сити» мавсум давомида АПЛда 94та гол урди.

Энг яхши ассистент

Премьер-лигада мавсумнинг энг яхши ассис­тенти - Кевин Де Брюйне. «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси 16та голли узатмани амалга оширди. Унинг энг яқин таъқибчилари «Ливерпуль» вингери Муҳаммад Салоҳ ва «Арсенал» вингери Леандро Троссард эди. Ҳар икки футболчида 12тадан голли узатма бор. Боз устига, Кевин учун бу энг юқори кўрсаткич эмас, у бир мавсумда 20та голли узатмани амалга оширган мавсум ҳам бўлган. Лекин энг муҳими, Де Брюйне жамоага катта қиймат беради ва Хосеп Гвардиола жамоасида асосий ўйинчилардан бири бўлиб қолмоқда. Эътиборлиси, ўтган мавсумда белгиялик футболчи жамоанинг энг яхши тўпурари бўлганди.

Энг яхши дарвозабон

Давид Де Хеа 2022|2023 йилги мавсум учун «Олтин қўлқоп»ни қўлга киритди. «Манчестер Юнайтед» дарвозабони 17 марта ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. Ундан ке­йинги ўринларни Алиссон («Ливерпуль»), Ник Поп («Ньюкасл») ва Аарон Рамсдейл («Арсенал»)лар эгаллашди - улар ҳисобида 14тадан «қуруқ» ўйин бор. «Манчестер Юнайтед» мавсум якунида АПЛда кучли учликдан жой олишида Де Хеанинг хизматлари салмоқли. Манкунианликларнинг устози Эрик тен Хаг унинг аҳамияти ҳақида тўғри гапирди. Лекин, клуб нима учун футболчи билан шартномани узайтиришга шошилмаётгани тушинарсиз ҳолат. Миш-мишларга кўра, испаниялик кипер ҳатто маошини камайтиришга ҳам тайёр.

Мавсум кашфиёти

«Олтилик»дан ташқари, бу мавсум бирданига бир нечта жамоа яхши ўйин кўрсатди. Масалан, «Брайтон». Мураббий алмашганидан кейин ҳам «чағалаклар»да салбий ўзгариш сезилмади. Аксинча, Роберто Де Зерби клубни тарихда илк бор еврокубокларга олиб чиқди. Унаи Эмери ҳам «Астон Вилла» билан яхши ишлади. Лекин мавсумнинг асосий кашфиёти, эҳтимол, «Ньюкасл»дир. «Ҳаккалар» бутун мавсум давомида барқарор ўйнашди ва муносиб равишда кучли тўртликка киришди. «Ньюкасл» бутун мавсумда бор-йўғи 5 марта мағлубиятга учраган. Эдди Хау 20 йилдан сўнг «ҳаккалар»ни яна Чемпионлар Лигасига олиб чиқди. Бу жамоанинг янги тарихи эндигина бошланмоқда.

Мавсумдаги муваффақиятсизлик

Ушбу сарлавҳа ичига бир вақтнинг ўзида бир нечта жамоаларни қўшишингиз мумкин. Бу чемпионатнинг якунида пешқадамликни бой берган «Арсенал» ва чемпионатни умуман ҳеч нарсасиз якунлаган «Тоттенхэм» (8-ўрин). Аммо мавсумнинг асосий омадсизлиги «Челси» бўлди. Жамоани 3 нафар мураббий бошқарган: Томас Тухель, Грем Поттер ва Фрэнк Лэмпард. Мавсум давомида Лондон клубининг аҳволи шунчалик ёмонлашдики, жамоа Лэмпрад қўл остида 9 учрашувда атиги 1та ғалабага эришди. Якунда «кўклар» жадвалда 12-ўринни эгаллаб, сўнгги 29 йилдаги энг ёмон натижасини қайд этишди. Раҳбарият, футболчилар ва мураббийларнинг ўзгариши «Челси»га фойда келтирмади. Балки Маурисио Почеттинонинг тайинланиши билан вазият ўзгарар.

Мавсум рекорди

Асосий ва ҳатто айтиш мумкинки, тарихий рекорд Холандга тегишли. Норвегиялик «махлуқ» лақабини олган ҳужумчи «Манчестер Сити»даги биринчи мавсумидаёқ 36та гол урди. У Премьер-лигада бир мавсумда энг кўп гол уриш бўйича Алан Ширер ва Энди Коулнинг рекордини янгилади (34). Бундан ташқари, эндиликда Эрлинг АПЛ тарихидаги энг тез 30та гол урган футболчи ҳисобланади. Бунинг учун унга 27та ўйин етарли бўлди. Лекин бу ҳаммаси эмас: «Манчестер Сити» форварди АПЛдаги энг тез 4та хет-трик қайд этган футболчига ҳам айланди. Бунинг учун унга 19та ўйин керак бўлди. Янги клубда бундан яхшироқ дебют мавсум бўлиши мумкин эмас, шундайми?

Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади