El National нашрининг маълум қилишича, Дембеленинг айни пайтда “Пари Сен-Жермен”даги вазияти ҳавас қиларли даражада эмас. Килиан Мбаппе “Реал”га ўтиб кетганидан кейин Усмон жамоанинг асосий ўйинчисига айланиши кутилган эди.
Лекин Дембеле клуб раҳбарияти ва мухлислар ишончини оқлай олгани йўқ. Футболчининг тартиб-интизомга амал қилмагани ортидан бош мураббий Луис Энрике билан ҳам муносабатлари анча совуган.
“Барселона”дагилар Усмон Дембелени ПСЖга ўтиб кетганини кечира олмаяпти. Хави Эрнандес бош мураббийлик қилганида франциялик футболчи клуб раҳбариятига жамоада қолишга ваъда берган, бироқ гапининг устидан чиқмади. Париж клуби Дембелени катта маош билан ўзига оғдириб олди.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Дембеле Каталонияни тарк этганидан афсусда ва фаолиятини “Барселона”ни қабул қилиб олган Ханс-Дитер Флик қўл остида давом эттиришни истаяпти.
Манбанинг таъкидлашича, “Барселона” уни “хоин”, деб ҳисоблайди ва ортга қайтишига йўл қўймайди. Қолаверса, Дембеле ўйнайдиган позицияни Ламин Ямаль ва Рафинья эгаллаб бўлган.