Бернд Рейхарт: «Суперлига йўлга чиқади, албатта!»

Бернд Рейхарт: «Суперлига йўлга чиқади, албатта!»

Яқин ойларда Бернд Рейхарт ҳақида кўп эшитамиз, шекилли. Еврофутбол тинчини бузган Суперлига лойиҳаси юраги - А22 компанияси янги бош директори ишга қаттиқ бел боғлаган кўринади.

 Бернд - мухлислар, клублар, футболчилар, лигалар ва ташкилотлар (жумладан, УЕФА ва ФИФА)га лойиҳа моҳиятини тўлиқ етказиш, мусобақанинг аниқ форматини топиш, мавжуд режаларни янада такомиллаштириш ва Европа футболини модернизация қилиш бўйича янги ғояларни илгари сурувчи асосий «фигура». Ҳа, унинг йўлида катта тўсиқлар борлигига шубҳа йўқ. Жаноб Рейхарт ҳозирда 2023 йилнинг март ойида Европа суди томонидан  УЕФАнинг ўзига хос монополияси юзасидан ҳаққоний ҳукм чиқарилиши ва шу билан бутун сценарий сезиларли даражада ўзгаришидан умидвор.

- Жаноб Рейхарт, ҳозирда асосий вазифангиз та­йин: барчани еврофутбол ўзгаришларга муҳтожлиги, янгича рақобат зарурлигига ишонтиришингиз керак. Бунда юзага чиқадиган қарама-қарши фикрларга нисбатан аввало, қайси далилни илгари сурасиз?

- Аввало айтишим керак, янги лавозимдаги фаолиятимнинг дастлабки 48 соатидаёқ ҳаракатимизга далда берувчи жавобларни олдим. Ҳар ҳолда, футбол олами рақобатга очиқ, ҳалол ва адолатли ёндашувимизни муносиб баҳоламоқда. Аввало, Европа футболининг дунё учун аҳамиятини пасайтирадиган, клубларнинг қашшоқлашишига олиб келадиган ҳолатлар ҳақида гапиряпман. Клублар ҳозир иқтисодий масалада таваккал иш тутмоқда, ваҳоланки, ҳар бири ўз келажагини белгилаб олиш ҳуқуқига эга. Экотизимнинг иқтисодий бар­қарорлигини ўйлаш вақти келди. Бинобарин, футболнинг молиявий томони тобора жиддий муаммога айланмоқда. Қолаверса, Европа футболининг бошқарув тизими ҳам муаммолардан холи эмас, бу кетишда мураккаб мушколотлар пайдо бўлиши муқаррар.

- Лойиҳа 1,5 йилча олдин жуда бесўнақай тарзда тақдим этилган ва деярли дарҳол рад қилинганди. Балки ташкилотчилар шошилишгандир...

- УЕФА ва айрим мамлакатлар ҳукуматлари клубларга санкциялар қўллаш билан ошкора таҳдид солди ва бу очиқ мулоқотга киришиш имконини қолдирмади. Энди лойиҳа эволюциясини кўрсатиб, очиқ турнир режасини бутунлай бошқача ёндашув билан тақдим этамиз. УЕФА ва айрим мамлакатларнинг санкциялар масаласидаги таҳдиди ва муқобил турнирга қарши чиқаётгани ҳам футболда нотўғри тушунчалар шаклланганини кўрсатиб турибди. Ҳозирда янги лойиҳа илдизи анча мустаҳкамланди, бинобарин, кўпчилик пандемия туфайли футбол оламидаги муаммолар нақадар кучайганини билди, соҳа чуқур ислоҳотларга муҳтожлигини англади. Қисқаси, энди ўз ғояларимизни баралла ўртага ташлаймиз ва уларни манфаатдор томонлар билан бирга такомиллаштиришга тайёрмиз.

- Қизиқ, Суперлига формати ҳам ўзгарадими?

- Йўқ, ғоямиз очиқ турнирга асосланган. Иштирокчи жамоаларни пастга тушириш ва кўтариш бўйича танланган мезон жамоатчилик учун янада жозибали кўринишига шубҳам йўқ. Мақсадимиз барчага ўз форматимизни «юклаш» эмас, балки ҳаммасини биргаликда такомиллаштиришдир.

- Лойиҳани Европа Иттифоқи чемпионати сифатида тавсифлаш мумкинми?

- Албатта, Европа Иттифоқи қонун-қоидалари доирасида иш тутамиз. Шундай экан, бўлажак турнирни ЕИ чемпионати сифатида қабул қилиш мумкин. 

- Европа судининг УЕФА монополияси бўйича қарори қандай бўлади, сизнингча?

- Суд қандай қарор қабул қилишидан қатъий назар, мақсадимиз ўзгармайди. Чунки Европа футболини мутлақо яхшилашга бел боғлаганмиз. Суд қитъа футболи келажаги қуриладиган доирани белгилаб бериши аниқ.

- Кўпчилик фикрича, суд қарори футболга худди «Босман иши» каби ғайриоддий таъсир кўрсатиши мумкин. Бунга қўшиласизми?

- Ҳа, бу ҳақда баралла гапира бошлашди. Барчасини эшитганман, эшитяпман ва эҳтимол, шундай ўйлаётганлар ҳақ бўлиб чиқишар...

- Испанияда Ла Лига Суперлигага янги зарба тайёрламоқда, Германияда Бундеслига ўз ҳайратини яширмаяпти. Лойиҳани қайта ҳаракатига шундай муносабат кутганмидингиз?

- Ҳозирда бу мавзуда гапиришга ҳожат йўқ.

- УЕФА президенти билан гаплашиб кўриш вариантига нима дейсиз?

- Мулоқотга тайёрмиз, фақат Чеферин хоҳласа, бас. Аллақачон УЕФАга хат жўнатганмиз, Чеферин эса вақти келса, жавоб беришини айтди. Кутамиз.

- ФИФА-чи?

- Дунё футболи келажагидан қайғурадиган ҳар бир киши билан гаплашишга шаймиз, мулоқотдан сира бош тортмаймиз. Футбол - дунёда ягона ҳақиқий глобал спорт тури. Бироқ Европада кашф этилган ва ўтган аср давомида ер юзида кенг тарқалган футбол ҳозир манфаатлар инқирозига дуч келмоқда. Бунга эътиборсиз қарасак, еврофутбол дунёда аҳамиятини йўқотиб бораверади. Оқибатда қитъа ўз маданиятининг энг муҳим элементларидан бирини йўқотади.

- Мухлисларни ишонтириш учун қандай далилларни келтира оласиз?

- Мухлислар федерация ёки мусобақа формати эмас, клублар тарафдорлари ҳисобланишади. Ҳозир уларнинг севги объектлари келажаги хавф остида. Бошқа гапга ҳожат йўқ, менимча.

- 2021 йилнинг апрель ойида Суперлига лойиҳасининг бир мавсумдаги даромади 6 миллиард доллардан ошиши мумкинлиги айтилганди. Бу рақам ҳозирги вақтга ҳам тегишлими?

- Рақамлар ҳақида гапирмасликни афзал кўраман, чунки ҳали аниқ формат йўқ, бу борада гапириш мантиққа тўғри келмайди.

- Суперлига лойиҳасида Флорентино Перес, Андреа Аньелли ва Жоан Лапорта қандай ўрин тутишади?

- Улар 1,5 йил олдин мунозарали футболни стол устига чиқаришди ва таҳдид-у кескин танқидларга қарамай, ҳамон биз билан биргалар. Қисқаси, еврофутболнинг етакчи клублари раҳбарлари сифатида масъулиятни зиммаларига олишдан қайтмаяптилар. Ишонаманки, футболни ёрқин келажак сари буришда охиригача биз билан қолишади.

- Хўш, Суперлиганинг ҳаётга татбиқ этилиши реалликми ёки хаёлот? 

- Барчамизнинг асосий мақсадимиз - лойиҳани реалликка айлантириш. Кўрамиз, кўп нарса Европа суди қарорига боғлиқ, лекин барчасига тайёрмиз. Ишончим комил, футбол омон қолиши ва равон йўлдан кетиши учун бор имкониятларни ишга соламиз. Тўғри, ҳозирча аниқ вақтни айтолмайман, аммо янги турнир мавсум-2024/2025дан олдинроқ йўлга тушишини тахмин қилиш мумкин.

МУҲАММАДХОН тайёрлади