Биринчиси ва иккинчиси ораси – 16 йил

Биринчиси ва иккинчиси ораси – 16 йил

Машҳур «қопағон» Луис Суарес яна эътибор марказида! Европа футболида роса яйраган голеадор ҳужумчи катта танаффусдан ке­йин Уругвайга қайтди ва қадрдон клуби билан яна чемпион бўлди.

 Асосий факт: Суареснинг ўз мамлакатидаги биринчи ва иккинчи соврини ораси 16 йилга тенг бўлди!

Луис Суарес ўз мамлакатига самарали фаолиятига нуқта қўйиш учун борганмиди? Маълумот учун, 35 ёшли фахрий профессионал футболга мавсум-2005|2006да қадрдон клуби - «Насьонал»да қадам ташлаганди. Диққатга сазовор томони, ёш ҳужумчи дебют мавсумидаёқ 27та ўйинда қатнашиб, 10та гол уриш асносида «Насьонал»­нинг Уругвай чемпионатида ғолиб чиқишига катта ҳисса қўшганди. Луис Суарес омадли мавсумдан сўнг Европа футболига юзланишни пайсалга солмади. У бунда Нидерландиянинг камтарин клуби - «Гронинген» таклифини қабул қилишдан чўчигани йўқ. Шу тариқа уругвайлик футболчининг «кўҳна қитъа»даги саргузаштлари бошланди. Бу саргузашт жуда бой ва совринларга тўла. Ҳар ҳолда, «Гронинген»да узоқ қолиб кетмаган Суарес «Аякс»га ўтиб, Эредивизион чемпионига айланди, «Ливерпул»даги даврида эса Англия Лига кубогини боши узра баланд кўтарди. У шунингдек, «Барселона»да Ла Лига ва ЧЛда 4та соврин ютди, бунга «Атлетико» билан ютилган испанча «олтин»ни қўшиб қўйди.

Эҳтимол, Уругвай чемпионатидаги ғалаба Суарес учун охиргиси бўлиб қолар. «Насьо­наль» олтин медаль масаласини финишга бир тур қолган паллада ҳал қилди. Луис Суарес эса «Серрито» 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратилган баҳсда қадрдон клуби либосида охирги ўйинларидан бирини ўтказди. Эслатма, фахрий ҳужумчи Уругвайга июль ойида қайтганди. Октябрь охирида эса унинг мавсум якунида яна эркин агент мақомини олиши маълум бўлди. Бу хабарни «Насьональ» президенти Хосе Фуэнтес ҳам тасдиқлади: «Мавсум тугаши билан Суарес жамоамиздан кетади».

Уругвайлик фахрий яна юқорироқ савияда ўйнашга куч топадими? Наҳотки, у ўзини яна еврофутболга урса? Ҳар ҳолда, хабарлар оқимига қараганда, Луис Суа­ресни Европада кутаётган клублар йўқ эмас. Лекин бу борада ҳозирча аниқ маълумотлар кам. Луис Суарес «Барселона» тарихида «олтин» из қолдирган футболчилардан бири, албатта. Айниқса, Месси ва Неймар билан ҳамкорлиги самарали чиққанди. Умуман, Суарес - Месси - Неймар триоси даврида расмийлаштирилган ёрқин ғалабалар Каталония клуби мухлислари хотираларига абадий муҳрланган. Улар жумладан, уругвайликнинг хизматини асло унутишмаган, гарчи жамоанинг ўзи охирида унга нисбатан адолатсизлик қилгандек туюлган бўлсада.

Факт. Луис Суарес Уругвайга қайтганидан сўнг миллий чемпионатда «Насьональ» либосида 9 марта майдонга тушди ва 4та голга муаллифлик қилди.

Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади